"Моуриньодек буюк мураббий билан ишлаш кучимга куч қўшади" - Элдор Шомуродов иштирокида матбуот анжумани
Бугун “Рома” клуби янги қўшилган футболчилардан икки нафари – Матиас Вина ҳамда Элдор Шомуродов иштирокида матбуот анжуманини ташкиллаштирди.
Ушбу футболчилар А сериянинг дастлабки турида “Фиорентина”га қарши баҳсда “Рома” сафида дебют ўйинини ўтказишди. Мазкур футболчилар борасидаги илк таассуротлар ижобий. Мазкур матбуот анжуманини “Рома” клуби бош директори Тьяго Пинто қуйидаги сўзлар билан бошлаб берди:
“Элдор Италияга ўтган мавсумда келган. Унинг А сериядаги дебют мавсуми жуда яхши чиқди. Шундан хулоса чиқарган ҳолда Шомуродовнинг “Рома”га фойда келтира олиши мумкинлигини тушуниб етдик. Мураббийнинг ўзи ҳам футболчи клубда ўйнаб кета олиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилди.
Вина билан Элдор – яхши футболчилар. Уларни “Рома”га олиб келишда нафақат мен, балки скаутлар хизмати ходимлари ва техник персоналнинг ҳиссаси юқори бўлганлигини айтиб ўтмоғим керак. Энг асосийси, биз якуний қарорни биргаликда қабул қилдик. Бу эса жуда муҳим. Энди мен бу икки ўйинчини сизларга қолдириб, саволларингизга жавоб беришлари учун имкон яратиб бераман”.
Шундан кейин журналистлар иккала футболчига ўзларининг қизиқтирган саволлари билан юзландилар. Биз эса Элдорга тааллуқли бўлган савол-жавобни ҳукмингизга ҳавола қиламиз.
- Нима деб ўйлайсиз, 26 ёшга тўлгунингизга қадар катта клубда тўп суриш учун қандай ишларни қилишингизга тўғри келди?
- Бунинг сабабини сизга тушунтиришим осон бўлмайди. Ҳар йили ўз олдимга қўйган мақсад сари интилиш йўлида меҳнат қилишдан чарчамадим. Ўйлайманки, “Рома”дек катта клубга келган чоғимда 26 ёшда эканлигим ҳеч қандай роль ўйнамайди. Мен бундан жуда хурсандман. “Рома”даги ўйинларим орқали нималарга қодирлигимни исботлаш учун бор куч-ғайратимни ишга соламан ва юракдан тўп суришга тайёрман.
- Нима деб ўйлайсиз, Тэмми Абрахам билан бирга ўйнаб кета олишингизга ишончингиз комилми?
- “Рома”даги ролимга келадиган бўлсак, мен ҳужум чизиғининг марказида ҳам тўп суришим мумкин. Ёки бўлмаса, бундан ҳам кенгроқ позиция бўйлаб ҳаракатлана оламан. “Рома” вакиллари менга таклиф билан чиқишганида клубга кўчиб ўтган тақдиримда ҳужумчи сифатида майдоннинг олди чизиғида қаерда бўлмасин тўп суришга рози бўламан, деган фикр хаёлимдан ўтганди. Мендан жамоадошим билан бирга келишган ҳолда ўйнашни сўрашса, “Рома”га фойдам тегиши учун қаерда бўлмасин ҳаракатланишга тайёрлигимни айтмоғим жоиз. Мен шу ишни амалга ошириш учун майдонга тушишга доим кўз тикиб тураман.
- Уйингиздан узоқ бўлган ҳолда “Рома”да ғалаба қозониш учун ўзингизни қандай руҳлантиряпсиз?
- “Рома”дек катта клуб таркибига келиб қўшилгунимга қадар мақсадга эришиш йўлида бутун диққат-эътиборимни ўз устимда астойдил ишлашга қаратганимни айтишим даркор. Энди янада яхшироқ ўйнашимиз учун хаёлни чалғитмай бор эътиборни фақат клубнинг яхши натижаларига қаратмоғимиз керак. Асосий мақсадимиз ҳам ниманидир ютиш учун майдонга ғалаба қозониш илинжида тутишдан иборат. Ўзимнинг кўзлаб қўйган мақсадимга келсак, “Рома”нинг совринларни қўлга киритишида ёрдам беришни истайман.
- Жозе Моуриньо билан муносабатингиз қандай? Айтинг-чи, у сизни “Рома”да кўриш учун нимагадир ишонтиришга ҳаракат қилдими?
- Ҳа, мен у билан икки йил олдин Москвада тасодифан учрашиб қолгандим. Моуриньонинг “Рома” бош мураббийи вазифасига тайинлангани ва хизматимга қизиқиш билдиргани ҳақидаги гапларни эшитган заҳотим дарҳол бундай таклифга розилик бердим. Қолаверса, “Рома” Европадаги энг кучли клублардан бири ҳисобланади. Моуриньодек буюк мураббий билан бирга ишлаш иштиёқимга фақат иштиёқ, кучимга эса куч қўшади.
- “Рома”да асосий роллардан бирини ижро этишингиз мумкинлигини кутганмидингиз? Фикрингизча, ҳужум чизиғининг қайси қисмида клубга янада кўпроқ нарса бера олишингиз мумкин?
- Бу ерга келган илк кунимданоқ нималарга қурбим етишини кўрсатишга ҳаракат қила бошладим. Илгари ҳам ўзимнинг яхши ўйинимни кўрсата олганимни биламан. Лекин бу ҳали чегара эмас. Гап шундаки, бу йўлдан кетишда давом этяпман. Чунки чўққига кўтарилишнинг чегараси бўлмайди. Футболчи ўз устида қанча кўп ишласа, шунча яхши ўйнай олади. Фақат шундагина ўйинчи мавсум охирига бориб клуб билан нимани юта олиши мумкинлигига ишонч ҳосил қила олади.
Фикрлар