Муҳаммадиев истеъфога чиқариладими? "Бухоро" қачон ўз майдонига қайтади? Ёхуд клуб бош директори саволларга жавоб берди

“Бухоро” клуби “Мавсум-2020”ни кетма-кет учта йирик ҳисобдаги мағлубиятлар билан бошлагани мухлисларини ҳам, раҳбарларини ҳам ранжитди. Шу боисдан бош мураббий Муҳсин Муҳаммадиевнинг ўз лавозимидан озод этилиши мумкинлиги борасидаги гап-сўзлар ҳам йўқ эмас. Бундай вазиятда эса фақат клуб расмийларидан масалага ойдинлик киритиш мумкин эди. Шу сабабли биз “Бухоро” клубининг бош директори Жамшид Ботиров билан суҳбатлашдик. Аввало шуни айтиш керакки, у бунгача “Машъал” клубида фаолият олиб борган. “Бухоро” клубида иш бошлашидан олдин эса ушбу клуб қошидаги болалар футбол мактабида директор лавозимида фаолият кўрсатган. Ўзаро суҳбат давомида клубнинг натижалари, мураббий масаласи, қачон ўз майдонига қайтиши борасидаги саволларга жавоб олдик. Дастлаб “Бухоро”нинг чемпионатдаги иштироки ҳақида гапирди.

- Қуръа бизга дастлабки турларда қийин рақибларни рўбаро қилганди. Натижада бошиданоқ топ-клубларга қарши ўйнашимизга тўғри келди. Бунинг устига уй майдонимиз ҳам янгиланяпти. Шунинг эвазига биз асосан сафарда ўйнашимизга тўғри келяпти. Ахир айтишади-ку, ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради деб. Барибир минглаб мухлисларнинг қаршисида ўйнаш бошқа-да. Хоҳлаймизми-йўқми, “Пахтакор”, “Локомотив” каби клублар чемпионатимизнинг энг кучлилари ҳисобланишади. Лекин биз вазиятни яхшилашга ва кейинги ўйинларда ижобий натижалар кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

- “Бухоро” мавсумни кетма-кет учта йирик ҳисобдаги мағлубият билан бошлагани сабабли бош мураббийнинг истеъфога чиқарилиши мумкинлиги борасида ҳам гап-сўзлар бор...

- Бизда ҳам юқорида турувчи раҳбарларимиз бор. Чемпионатимизда танаффус эълон қилинди ва биз мураббий масаласида маслаҳатлашиб бир қарорга келамиз. Аммо Муҳсин Муслимовичнинг жамоада катта хизматлари бор. У ўтган йили “Бухоро”ни Суперлигада сақлаб қолди.

- Аммо дангал айтадиган бўлсак, Муҳаммадиев истеъфога чиқариладими ёки унга яна имконият бериладими? Ҳар холда бу мухлислар учун ҳам қизиқ.

- Уни мутахассис сифатида ҳурмат қиламиз. Қанақа футболчи бўлганини ҳам барча билади. Боя айтганимдек, ўтган йили жамоани кучлилар орасида сақлаб қолишида катта хизматлари бор. Раҳбарларимиз билан маслаҳатлашган ҳолда юзага келган танаффусдан фойдаланиб мураббий масаласини ижобий ҳал қиламиз. Яқин кунларда клубда ушбу ҳолат бўйича йиғилишимиз бўлади. Биласиз, бухоролик ишқибозлар футболни жуда яхши кўришади. Улар доим жамоамиздан ғалабани кутишади. Менимча, ҳаммаси шу ҳафтада ҳал бўлади.

- Аслида бош мураббийликка бошқа номзодлар ҳам кўриб чиқиляптими?

- Бу мавзуда ҳозирча гапирмай турайлик.

- Лекин бундай салбий натижалардан кейин раҳбарият ҳам янги номзодлар устида бош қотириши табиий-ку?!

- Албатта, бундай натижа бўлаверса эҳтимолдан ҳоли эмас. Масалан, олтита мағлубият бўлса ҳам мураббийнинг яна ишлашига ҳеч ким рухсат бермаса керак.

- Аслида клуб олдига бу мавсумда қандай вазифа қўйилганди?

- Суперлигада рақобатбардош жамоа тузиш ва ёшларга кўпроқ эътибор бериш вазифаси қўйилган. Ўзим клубда бош директор лавозимида ишлаётганимга бир ой бўлиб қолди. Менинг олдимга ҳам шундай вазифа қўйилган. Бизда иқтидорли ёшларимиз кўп. Мана, ҳозирда U-21 ҳамда U-18 жамоаларимизда 100 фоиз бухоролик ёшларимиз ўйнашяпти. Яқин келажакда “Бухоро” жамоасини маҳаллий иқтидорлар билан тўлдиришимиз керак.

- Умуман айтганда, жорий мавсум бошида клубда олиб борилган селекция ишлари тўғри олиб борилди деб ўйлайсизми?

- Ҳозир айтганимдек, мен клубга яқинда келдим. Селекция ишлари эса асосан январь ҳамда февраль ойларида бажарилади. Кимни олиб келиш эса аввало бош мураббийнинг истаги билан боғлиқ. Аслида эса бу йил ёмон жамоа тузилмаган.

- “Бухоро”нинг уй стадиони қачонга тайёр бўлади?

- Насиб қилса, иккинчи даврага тайёр бўлади.

- Унгача уй учрашувларни қаерда ўтказасизлар?

- Мана шуниси муаммо бўлиб турибди. Аммо биз Муборакнинг “Машъал” жамоаси билан келишдик. Ўз майдонимиздаги айрим учрашувларни Муборакда ўтказиб турамиз. Масалан, “Пахтакор”ни ўз майдонимизда қабул қилишимиз керак эди. Аммо улар билан келишган ҳолда учрашувни Тошкентга кўчирдик. Энди эса “Андижон” билан ўйинни “Машъал”нинг майдонида ўтказамиз.

- Нега ўз майдонинглардаги айрим учрашувларни Муборакда ўтказамиз деяпсиз?

- Аслида “Машъал”нинг стадиони ҳам бизга қарашли эмас. Шунчаки Муборак Бухорога яқинроқ. У ерда биз номинал мезбон вазифасида ўйнаймиз. Ҳаммаси аввало рақиб жамоа билан қандай келишишимизга боғлиқ. Айримлари билан Муборакда ўйнашимиз мумкин ёки бўлмаса биринчи даврада рақиб жамоа майдонида ўйнаб, сўнг иккинчи даврада уларни Бухорода қабул қиламиз.

- Энди жамоани қачон тўпламоқчисизлар?

- Бизга уч ҳафтагача танаффус деб айтишди. Футболчиларни эса тахминан 22 мартга тўпламоқчимиз. Аммо буни авваламбор ЎФА ва ПФЛ билан гаплашиб, уларнинг рухсати билан амалга оширамиз. Ҳозирда футболчилар билан доимий равишда телефон орқали гаплашиб турибмиз. Балки кейинроқ йиғилармиз. Ҳаммаси ПФЛ билан гаплашиб олгач кейин аниқ бўлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
19/03/2020 12:10
Бухоро мухсин алмаштирса кейин кучайади акс холда биз узи зурмиз факат бизга уйин бермайабди деб бахона килиб юраверади бахоначи лутивоз
&
Azalshoh
19/03/2020 05:14
BUXORO da futbol muxlislar uchun o'ynalmaydi!!!