Мундиалдаги рақибимизнинг энг машҳур футболчиси шифохонага тушиб қолди

Колумбия миллий терма жамоаси ҳужумкор футболчиси Хамес Родригес Франция футболчилари билан бўлган ўртоқлик ўйинидан (1:3) кейин шошилинч равишда шифохонага ётқизилди.

- Колумбия футбол федерацияси тиббий штаб ва терма жамоалар департаменти орқали жамоа сардори Хамес Родригеснинг соғлиғи ҳақида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситларига маълум қилади.

Миннесота штатидаги тиббий муассаса билан боғлангандан сўнг, ярим ҳимоячи спорт билан боғлиқ бўлмаган соғлиқ муаммоси сабаб мутахассислар назорати остида бўлгани тасдиқланди.

Францияга қарши ўйиндан кейинги куни ўйинчига кучли сувсизланиш ташхиси қўйилди, шу сабабли у сўнгги 72 соатни шифохонада профилактик кузатув ва тикланиш учун ўтказди.

Муҳими, бу ҳолат таянч-ҳаракат тизими жароҳатлари билан боғлиқ эмас ва унинг футбол фаолиятига алоқаси йўқ. Яхшиямки, сўнгги тиббий маълумотларга кўра, ўйинчининг аҳволи яхшиланмоқда ва ижобий динамика кузатилмоқда, - дейилади Колумбия футбол федерацияси баёнотида.

Родригес Францияга қарши ўйинни асосий таркибда бошлаган ва 63-дақиқада алмаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Колумбия терма жамоаси жаҳон чемпионатининг “К” гуруҳидан жой олган бўлиб, биринчи учрашувини 18 июнь кун Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши ўтказади. Бу квартетда Португалия ва Конго Демократик Республикаси терма жамоалари ҳам иштирок этади.  

Аввалроқ, Колумбия терма жамоасида ички низо юз берган бўлиб, етакчи ўйинчилар - Хамес Родригес ва Луис Диас ўзаро келиша олмай қолгани ва жаҳон чемпионатига улардан фақат биттаси олиб кетилиши мумкинлиги айтилган эди. 

Бу воқеа ҳақидаги қуйидаги линкда ўқийишингиз мумкин:

Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги рақибида “ишкал” бошланди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!