"Мураббий жамоага хуш келибсан, деб ёзди" ёхуд Камолов "Навбаҳор" билан шартномаси бекор бўлиши ва легионерга айлангани ҳақида

  • 1 февраль, 01:39
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

Қирғиз чемпионатининг етакчиси, амалдаги чемпион “Абдиш Ата” клуби янги мавсумга Туркининг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда.

Таркибга кўплаб легионерлар таклиф қилинган ва уларнинг қаторида ҳамюртимиз Абдуғани Камолов ҳам бор. Ҳолбуки, у декабрь ойида “Навбаҳор” билан шартнома имзолаганди. Кейин эса вазият ўзгарди ва Камолов “Абдиш Ата” билан шартнома тузди.

Қолганини футболчи билан суҳбатда билиб оласиз.

- “Абдиш Ата” клуби билан шартнома имзоладингиз. Аммо бунгача “Навбаҳор” билан келишувга эришганингиз эълон қилинганди. Кейин эса шартнома бекор бўлди. Ҳаммаси қандай юз берди?

- Ўтган мавсум тугаганидан кейин декабрь ойида “Навбаҳор” жамоасига қўшилдим. Маҳаллий футболчиларни йиғамиз дейишди. Биз борганда жамоада асосан маҳаллий ўйинчилар эди. Бир ҳафта давом этган машғулотларда фақат маҳаллий футболчилар иштирок этишди. Мен борган пайтимда бошида шартномани келишиб олгандик ва битим тузгандик. Бир ҳафтадан кейин машғулотлар тугагач, қисқа дам берилди. Шартномани гаплашиш учун клубга борганимда эса бироз тушунмовчилик бўлди. Менга ҳозирги вақтда моддий тарафдан кўра ўйин амалиёти муҳим. Наманганда ўйин амалиётисиз қолиб кетишимни сезиб, “Абдиш Ата”дан тушган таклифни ўйлаб ўтирмасдан қабул қилдим. Гарчи Қирғиз чемпионати савияси Суперлигамиздан пастроқ бўлса-да, уларни Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиши қизиқтирди. “Абдиш Ата” охирги йилларда мамлакат чемпионлигини ва Кубокни қўлга киритиб келмоқда. Жамоа билан бир йиллик шартнома имзоладим. Бизни 1 март куни Суперкубок ўйини кутиб турибди. Худо хоҳласа, ўзимни биринчи титулимни нишонлаш ниятидаман. Қирғиз чемпионатига биринчи марта келдим. Хаёлимга бу ердаги чемпионат қанақалиги келмаган. “Абдиш Ата”га келиб кўрдимки, ўйлаганимдан анча яхши даражада. Ривожланиш, инфратузилма, база – ҳаммаси ўйлаганимдан аъло.  

- “Навбаҳор”дан кетишингизга клубдагиларни реакцияси қандай бўлди?

- Ҳамма жойга борсангиз ҳам ўйнашингиз кафолатланмайди. Бошида чақиришганида менга рақобат қиласан, жойингни топсанг ўйнайсан дейишди. Бир ҳафта давом этган машғулотдан сўнг бирданига ҳаммаси ўзгариб кетди. Ўзим тушундимки, у ерда асосий футболчи эмас, балки иккинчи ёки учинчи даражадаги ўйинчи бўлдим. Мен ўйнайдиган позицияга тажрибали Мирзоҳид Ғофуров келган. Бразилиядан ҳам ҳимоячи олиб келишган ва мен бор эдим. Биринчи келганимда бразилиялик ҳимоячи ҳақида айтишмаганди. Бир ҳафталик машғулотдан сўнг улар бразилиялик ҳимоячини оладиган бўлишди. Учинчи даражага тушиб қолдим, балки шунинг учун мени кераксиз футболчидек кўришгандир. Чунки учинчи ўйинчи учун менинг ўрнимга ўринбосарлар таркибидан бирор ёш футболчини олишлари ҳам мумкин.”Навбаҳор”ни бу йил мақсади жиддийроқ. Шу боис балки ўрнимга бразилиялик ҳимоячини олишди. Савия томонлама кучлироқ, деб ўйлашди.

- Энди фаолиятингизда янги саҳифа очиляпти. Сиз “Абдиш Ата” мисолида чемпион жамога ўтдингиз. Бу ерда сизни қандай қарши олишди ва мослашув қандай кечяпти?

- Булар Ўзбекистон чемпионатини жуда яхши билишади. Охирги 6-7 йилда Суперлигамиз савияси Осиёда кўтарилиб кетди. “Абдиш Ата”да иккита Бразилиядан, учта Босниядан, Черногория, Россия, Габон ва Ливандан ҳам футболчилар бор. Мени ҳам ўшалар қаторида бир хил, легионер ҳисобида яхши қабул қилишди. Мендан умидлари катта эканлигини ва жамоага ёрдам беришимни кутишяпти. Чемпионликни сақлаб қолиб, ОЧЛда яхши натижаларга эришишимизни исташмоқда.

- Демак, янги клубда ўз ўрнингизни кўряпсиз...

- Ҳа. Ўзбекистондан келган футболчи сифатида ва легионер ролида ҳам булардан кўра савиямиз анча билиниб туради. Машғулотларда ўзимни эркин ҳис қиляпман ва муаммоларга дуч келмаяпман. Жамоада ҳозир 10 та легионер бор. Қолганлари маҳаллий футболчилар. Бизда асосий эътибор ОЧЛда муносиб иштирок этишга қаратилган. Шу боис хориждан мураббийлар олиб келишган. Жамоага барча шароитларни яратиб беришмоқда.

- Бош мураббий билан илк суҳбат қанда кечди?

- Мураббий бир ҳафта олдин қўшилди. Жамоага келган куним черногориялик мураббий билан ижтимоий тармоқ орқали боғландим. У менга, жамоага хуш келибсан, деб ёзди. У Ўзбекистонда ишлаётган Иван Бошковичнинг дўсти. Янги мураббий билан ёзишдик. Сен ҳақингда маълумотга эга бўлдим деди ва янги мавсумда чемпионликни сақлаб қолган ҳолатда яхши иштирок этишга эътибор қаратилишини айтди.

- Янги клубда қайси рақамни танладингиз?

- 17 ни. Бу ерда рақамда муаммолар йўқ. Клубни асосий футболчилари янги ташкил этилган “Барс” клубига ўтиб кетишган. Ёшлар бор ва қолгани легионерлар. Клуб айнан легионерлар ҳисобига таркибни тўлдирди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!