Мурод Ризаев: Абрамовнинг энг асосий хатоси – еттинчи қитъани кашф қилгани
Саудия Арабистони – Ўзбекистон ўртасидаги беллашувдан сўнг ўйинга оид турли фикрлар янграмоқда. “Спорт” телеканали шарҳловчиси Мурод Ризаев ҳам SPORTS.uz сайтига Вадим Абрамов қаерда хатога йўл қўйгани борасида гапириб ўтди.
- Вадим Абрамов яхши мураббий. Ҳозир ҳамма унга тош отишни бошлади. Таркибни ҳам ёмон танламади. Фақат Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бўш томонига эътибор қаратмади. Яъни ҳимоя чизиғига тўғри танлов бўлмади. Мисол учун, Фаррух Сайфиевни захирада ушлаб туриш учун бўлса ҳам олиш керак эди. Шунингдек, Анзур Исмоиловни ҳам. Чунки ўйиннинг боришига қараб ўзгартириши мумкин эди. Энг асосий хатоси – еттинчи қитъани кашф қилгани, ҳамма футболчиларни ўз позициясида ўйнатмагани. Бир марта Одил Аҳмедов сал яхши ҳаракат қилган бўлса, яна нимадир ўйлаб топиш шарт эмасди.
Аҳмедов Саудияга қарши баҳсда ҳужумчи ортида яхши ўйнарди. Хавфли вазиятлардан самара чиқарарди. Машарипов ўз қанотига ўрганган. Барча ўз чизиғида сувдаги балиқдек ҳис қилади. Терма жамоада 9 йилдан бери ўйнамаётган Вагиз Галиулин ўнг томонга қўйилиши жуда катта хато эди. Достон Ҳамдамов бор... Ёки Фаррух Икромов. Икромовни кўзи ёниб турганди. Шу болада таваккал қилса бўларди. Шунда мураббий таваккал қилди, деб ўйлардик. Одил Аҳмедовни ўртага қўйиб, ўрнига Ислом Қобиловни, Одил Ҳамробеков ўрнига Икром Алибоевни тушириш керак эди.
Агар барча футболчилар ўз чизиқларида ҳаракат қилганида, нима бўлган тақдирда ҳам ҳозир кўпчилик Абрамовни эмас ўйинчиларни айбларди. Мени хафа қилган томони, футболчиларнинг ҳам кўнгли тўлмади. Нега мени бу ерга қўйдинг, деб Машарипов хафа, нега ортга қайтардинг, деб Аҳмедов хафа... футболчилар ўз позицияларида ўйнаганида айтардик, энг яхши таркибни олиб келди, лекин рақибга кучи етмади, деб. Барчаси ўз ўрнида бўлганида фикримча, биз кейинги босқичга чиқардик. Балки Абрамов қаҳрамонга айланиши мумкин эди.
Экспериментларни Яман билан учрашувда қилиш керак эди, Машариповни туширмасдан. Чунки Яман охирги ўринни олганидан кейин мағлубиятга учраган тақдиримизда ҳам бу беллашув ҳеч нарса бермасди (охирги ўриндаги жамоага қарши учрашувлардаги натижалар бекор қилиниши назарда тутилди). Кучли жамоага қарши баҳсда бир нарсалар қилди, тушунмай қолдим. Яман билан ўйиндан сўнг огоҳлик қўнғироғи бўлди, футболчиларимизнинг ўйини қовушмади. Ўйини қовушмай турганда яна футболчиларни бошқа жойларда синаб кўриб, бошига бало қилди. Мана энди яхши мураббий ёмонга айланди. Ҳамма уни ерга уради, - деди Мурод Ризаев.
Фикрлар
- Мен бу мавзу бўйича ЎФА раҳбарияти билан хеч качон гаплашмаганман ва уларнинг ичидан нима ўтаётганини билмайман. Буни аввал журналистлар ва мухлислар ўртасида овозга қўйиш керак. Ўйлайманки, ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб УЕФАга қайтса бўлади. Чунки бундай имконият бошқа бўлмаслиги мумкин. Биз ё пайтдан фойдаланиб ўзимиз бўлган олдинги ташкилотга қайтамиз ёки бутунлай шу ерда қоламиз. ОФК футболимиз ривожи учун ҳеч нарса қилмаган. Ҳаммасига ўзимиз собик Иттифоқ пайтида олинган тажриба туфайли эришдик. Катта денгизда сузишни хоҳласанг, денгиз ёнига бориш керак. Ўз ўзидан денгиз сенинг олдингга келмайди.
Doyim shunaqa, doyim shunaqa!!!
Xalqqa yetkazilgan moddiy va manaviy zararni abramov tolab beradimi?shuncha mablag sarflansa, shuncha asab yeyilsa kimdir javob bersin