Муроджон Аҳмадалиев: Ҳозир фақатгина чемпионлик жангларини кутяпман
Ads

Профессионал боксда муваффақиятли юришини давом эттираётган 24 ёшли ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев 25 ноябр куни навбатдаги жангини ҳам ғалаба билан якунлади. У бу билан биринчи ярим енгил вазнда WBA Inter-Continental чемпионлик камариги яна ўзида сақлаб қолди ва ташкилот рейтингида ушбу вазнда учинчи ўринда бормоқда.

Исаак Заратега қарши кечган жанг унинг учун фаолиятидаги 5-тўқнашув бўлди. Бу қарама-қаршликда у ўз маҳорати, тезлиги, чидамлиги ва аниқ зарбалари сабабли рақибини 9-раундда таслим қилди.

Жанг биз тахмин қилгандек ўтди, – дейди Аҳмадалиев. — Зарате ақлли ва чидамли боксчи. Бундан ташқари катта тажрибага ҳам эга. Нокаут қилишим учун менга фаолроқ бўлиш талаб этилишини билардим. Биз асосан гавда бўйича ишлашни режалаштирган эдик. Унинг зарбаларини ўтказиб юборишимни билгандим. Зарате билан жанг менга кўп нарсани ўргатди. Ҳозир мен фақатгина жаҳон чемпионлиги учун жангларни кутяпман.