Муслера жаҳон чемпионатида рекорд ўрнатди
2026 йилги жаҳон чемпионати доирасидан ўрин олган Уругвай – Саудия Арабистони учрашувида ғолиб аниқланмади. Беллашув 1:1 ҳисобида якунланди.
Уругвай терма жамоаси сафида баҳсни асосий таркибда 39 ёшли дарвозабон Фернандо Муслера бошлади. Таҗрибали посбон шу ўйин орқали тарихий натижа қайд этди: у жаҳон чемпионатларида майдонга тушган энг ёши катта уругвайлик футболчи сифатида қайд этилди.
Фернандо Муслера 2009 йилдан бери миллий жамоа шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Шу вақтга қадар у Уругвай терма жамоаси таркибида 136 та ўйин ўтказган ва ўз дарвозасидан 137 та тўп ўтказиб юборган.
Эслатиб ўтамиз, Уругвай жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Испания ва Кабо-Верде терма жамоалари билан бир квартетдан ўрин олган. Дастлабки турда Испания ва Кабо-Верде кутилмаганда дурангга имзо чекди — учрашув 0:0 ҳисобида тугади.

Фикрлар