Муваффақият сири ёхуд Эрик тен Хагнинг “Манчестер Юнайтед”да ҳал қилиши керак бўлган 7 муаммоси

"Манчестер Юнайтед" Эрик тен Хаг қўл остида янги мавсумга тайёргарлик кўрмоқда. Нидерландиялик мутахассисни қийин мавсум кутаётгани аниқ!

Эрик тен Хагнинг асосий вазифаси - "Манчестер Юнайтед"ни АПЛ "тахт"ига қайтариш. Жуда қийин топшириқ, сабаби Дэвид Мойес, Луи ван Гал, Жозе Моуриньо ва Оле-Гуннар Сульшер каби мураббийлар ҳам буни уддалай олмади. “Манчестер Сити” ва “Ливерпуль” янги трансферларни амалга ошираётган ва рақобатчиларидан тобора узоқлашиб бораётган бир пайтда, “қизил иблислар”нинг премьер-лига чемпионлиги учун курашиши жуда қийин. Боиси, тен Хаг олдида ечиши керак бўлган муаммолар мавжуд. Шу боис, ҳозир нидерландиялик мутахассис МЮни топ даражага қайтариши учун нималарга эътибор бериши кераклиги ҳақида батафсил тўхталамиз.

Роналду билан тил топишиш керак

Роналду якунланган мавсум "Манчестер Юнайтед"нинг асосий фигураларидан бири бўлди. Кўпчилик мутахассислар уни клубнинг ички муҳитини бузди, деб айтишди, аммо португалияликнинг МЮ учун зараридан фойдаси кўпроқ бўлгани ҳеч кимга сир эмас.

Криш ўтган мавсумда барча мусобақаларда 24 та гол уриб, ҳамон топ даражадаги марказий ҳужумчи эканлигини яна бир бор исботлади.
Эрлинг Холанд ҳамда Дарвин Нуньесни қўлдан чиқарганидан сўнг, "Юнайтед" янги мавсумда ҳам тажрибали Роналдуга таяниши мумкин. Чунки айни пайтда трансфер бозорида кўзга кўринган форвардлар жуда кам, борлари ҳам “қизил иблислар”га ўтишни истамаяпти.

Шунинг учун, тен Хаг португалияликни ўз тизимига мослаштириш йўлини топиши ва замонавий ҳужумчилар услубида прессинг қилмаслиги борасида келишиб олиши керак. Роналдунинг дарвоза олдида ҳақиқий “қотил”га айланишини билиб, бошқа футболчилар бу вазифани ўз зиммасига олиши талаб этилади. Бу тен Хагнинг биринчи мавсуми учун ҳал қилувчи ролни бажариши мумкин.

Рэшфорд ва Санчони аввалги ҳолатига қайтариш керак



Жейдон Санчонинг "Манчестер Юнайтед"даги биринчи мавсуми ҳавас қиларли даражада бўлмади. Шу сабабли, унинг Англия терма жамоаси сафидаги келажаги сўроқ остида қолмоқда. Айни дамда унинг Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига бориши ҳам номаълум. У мундиалга борадиган 26 нафар футболчи орасига кириш учун ҳам қўлидан келганини қилиши талаб этилади. Жейдон учун ҳозирги пайтдаги энг устувор вазифа — МЮ сафида “Боруссия” Дортмунддаги ўйини намойиш қилиш.

Санчо "Манчестер Юнайтед" мухлислари истаган ҳужумчига айланиши керак эди. Аммо у буни ҳали ҳам уддалай олмади, чунки футболчини АПЛга келишини истаган Оле-Гуннар Сульшер бир неча ойдан сўнг “қизил иблислар” бошқарувидан кетди. Бу эса, инглиз вингерига салбий таъсир ўтказгани тайин. Ральф Рангник қўл остида Санчо бир нечта ёрқин ўйин ўтказди, аммо биз ҳақиқий Жейдонни кўрмадик. Тен Хагнинг асосий вазифаларидан яна бири — Санчони "жонлантириш".

Маркус Рэшфорд янги мураббий эътиборига муҳтож бўлган яна бир футболчи. У ҳам худди Санчо каби жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун курашмоқда ва тен Хагдан ҳужумда ўзини кўрсатишга имкон беришини хоҳлайди. Рэшфорд олти йил аввал “Манчестер Юнайтед”га келганидан бери етишмаётган нарсани янги мураббий билан амалга оширишга умид қилмоқда.

Агар тен Хаг Рэшфорд ва Санчодан максимал даражада фойдалана олса, бу жамоа ҳужумига янги нафас бериши тайин.

Чемпионлар лигасига йўлланма олиш керак

Биринчи мавсумда тен Хаг учун энг катта вазифа — "Манчестер Юнайтед"ни Чемпионлар лигасига қайтариш. Авваллари, “қизил иблислар” бу мусобақага йўлланмадан қуруқ қолса, клуб мухлислари учун бундан-да аянчи нарса йўқдек эди. Бироқ ҳозир ЕЧЛга чиқа олмаслик Манчестернинг қизил томони учун оддий ҳолатга айланиб бўлди.

Тен Хаг учун муаммо шундаки, янги мавсумда кучли тўртликка кириш учун курашаётган жамоалар талайгина: Антонио Конте қўл остида ажойиб ўйин кўрсатаётган "Тоттенхэм", йилдан йилга ўсиб бораётган "Арсенал" ва Тухелнинг "Челси"си.

"Вест Хэм" ва Саудия Арабистони инвесторлари қўлига ўтган "Ньюкасл"ни ҳам эсдан чиқармаслик керак. "Юнайтед"ни жуда қийин кураш кутмоқда. Агар клуб кетма-кет иккинчи йил ЕЧЛга чиқа олмаса, мавсум муваффақиятли ўтди, деб бўлмайди.

Кубок...



“Манчестер Юнайтед” соврин қўлга киритмаганига беш йил бўлди. Бир неча мавсум давомида қуруқ ваъдалар, қайта қуриш ишлари ва ўзгаришлар. Моуриньо 2017 йилда Лига кубоги ва Европа лигасида ғалаба қозониб, ўзгача “олтин дубль” қайд этганда, кўпчилик “қизил иблислар” олдинги мавқейига қайтди, дея тахмин қилган эди. Кейинги мавсумда ҳам клуб АПЛда иккинчи ўринни қўлга киритди ва Англия кубоги финалида ўйнади.

Ўшандан бери "Манчестер Юнайтед" "Манчестер Сити" ва "Ливерпуль"нинг қаршилигини синдира олмаяпти. Кейинчалик Сульшер Европа лигасида ғалаба қозонишга яқин келди, аммо жамоа пенальтилар сериясида “Вильярреал”га мағлуб бўлди. Ҳозирги кунда манкунияликлар мунтазам равишда йирик совринларни четда қолмоқда.

Тен Хаг эса ҳар йили соврин қўлга киритишга одатланган. У “Аякс”даги фаолияти давомида 3 марта ички чемпионат ва икки марта Нидерландия кубогини қўлга киритган. Агар Эрик “Олд Траффорд”да ҳам буни амалга оширса, “Манчестер Юнайтед”нинг қора анъанасига чек қўйган бўларди.

Катта ғалабаларни қўлга киритиш керак

“Манчестер Юнайтед” мухлисларининг кўпчилиги бу мавсумда уларнинг севимлилари учун чемпионликка кураш қийин кечишини яхши тушунишади. Бироқ улар жамоасининг катта ғалабалари жуда ҳам соғинган.

"Манчестер Сити"нинг 2018 йилги чемпионлик байрамини кечиктирган 3:2 ҳисобидаги ғалаба бунга ёрқин мисол бўла олади. Кўз ёшлари бўялган “Этиҳад” стадионини кўриш, манкуниялик мухлисларга ҳақиқий байрам туҳфа этади.

2020 йилги "Манчестер дербиси"да қозонилган 2:0 ҳисобида ғалаба ёдингиздами? Ўша пайтдаги оломоннинг ғала-ғовури-чи? Ўшанда “Олд Траффорд”нинг томи учиб кетадигандек таассурот уйғотганди. ЕЧЛда ПСЖнинг мусобақадан чиқариб юборилиши, сўнгги сонияларда киритилган голлар, Неймарнинг мемларга айланиб кетган нигоҳлари...
Футбол шундай лаҳзалар билан қизиқ. Тен Хаг буларни яна такрорлашга, “қизил иблислар” мухлисларига яна катта ғалабаларни тақдим этишга ҳаракат қилиши керак. “Манчестер Юнайтед” янги мавсумнинг 3-турида “Ливерпуль”, октябрь ойи бошида эса “Сити” билан тўқнаш келади. Агар мазкур баҳсларда ғалаба қозонилса, нидерланд мутахассисига бўлган ишонч янада ошиши тайин.

Мухлислар билан мулоқот



Клоппнинг муваффақияти мураббийлик салоҳиятидан ташқари, унинг "Ливерпуль" мухлислари билан мулоқот қила олиши ҳамдир. Буни ҳатто Гвардиола "Сити"да такрорлай олмаган.

Тен Хаг ҳам мухлислар билан дўстлашиб олиши керак. Агар у манкунияликлар билан яхши натижа кўрсата олса ва мухлислар билан мулоқотни йўлга қўйса, Эрик манчестерликларнинг севимлисига айланиши тайин. Ишқибозларнинг қўллаб-қувватлаши эса ҳар қандай мутахассисга қўшимча куч бера олади.

Фергюсондан кейинги даврда ишлаган мураббийлар мухлислар билан мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилди. Бироқ томошабинлар баҳона эмас катта ғалабалар ва совринларни кутишади.

Жозибали футбол услуби

"Манчестер Юнайтед"нинг сўнгги 9 йилдаги муаммоларининг асосий қисми мураббий тайинлашда изчиллик йўқлиги бўлди. Мойес, ван Гал, Моуриньо ва Сульшер турли хил мураббийлар ҳисобланади. Бу эса клубнинг ўйин услубига салбий таъсир ўтказди.

Турли футбол ғоялари жамоани издан чиқариб юборди: ван Галнинг тўпга ҳаддан ташқари кўп эгалик қилишга асосланган тизими, Моуриньонинг ўз дарвозаси хавфсизлигига таянган прагматик ўйини Пеп Гвардиола ва Юрген Клопп билан солиштирганда аҳмоқонадек кўринарди.

Сульшернинг услуби эса қарши ҳужумларга асосланган тизим эди. Бироқ унинг тактикаси ҳам ўзидан пастроқ бўлган жамоаларга нисбатан самарасиз бўлиб чиқди.

Гарчи бу тезда ўз самарасини бермаса ҳам, тен Хаг ўз фалсафасини амалга ошириши керак. Мухлислар унинг нима қилмоқчи бўлаётганини билишса ва бу ҳақиқатан ҳам жамоага ёрдам беришига ишонишса, улар сабр қилиб кутади.
“Манчестер Юнайтед” тен Хагни жамоага янги қон олиб кириши учун тайинлади ва янги мавсумдан эътиборан мутахассис нималарга қодирлигини кўрамиз.

Жамшидбек Маҳмудов таржимаси

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!