МЮ кўзлаган тўпурарнинг нархи даҳшатли даражада кўтарилди
“Бенфика” бош мураббийи Нелсон Вериссимо жамоа тўпурари Дарвин Нуньесга жиддий қизиқиш билдираётган “Манчестер Юнайтед” ва “Арсенал” мутасаддиларига ўйинчининг трансфер суммасини айтди.
Goal нашрининг маълум қилишича, лиссабонликлар 22 ёшли ҳужумчини 127 миллион евродан камига қўйиб юбормайди.
Уругвайлик ҳужумчи “Пеньяроль” тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2019 йили Европага кўчиб ўтган. Испаниянинг “Альмерия” жамоаси истеъдодли ҳужумчи учун уругвайликларга 13 миллион евро тўлаганди.
“Бенфика” Нуньесни 2020 йилнинг сентябрида 24 миллион евро эвазига ўз сафига қўшиб олди. Айни пайтда, Нуньес Португалия чемпионатида 24 та учрашувда 24 та гол уриб, пешқадамлик қилмоқда. Ёш ўйинчи Чемпионлар лигасида ҳам тўққизта ўйинда бешта, Португалия лигаси кубогида битта учрашувда иккита тўп киритди.
“Бенфика” 2019 йилда яна бир ёш ҳужумчиси Жоау Феликсни “Атлетико”га 127 миллион еврога яқин маблағ эвазига сотиб юборганди. Улар энди ўша трансфер рекордини янгиламоқчи.
Фикрлар