Наманганликларни ҳайрон қолдирган тахминим ёки терма жамоамиз ўз даражасида эмасми? - Мурод Ризаевнинг Ўзбекистон МТЖ ҳақидаги фикрлари

Осиё Кубоги-2023 саралашининг илк турида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Шри-Ланкани 3:0 ҳисобида таслим этди. Ушбу натижадан аксарият инсонларнинг кўнгли тўлмади. Ўйинни шарҳлаб борган Мурод Ризаев телеграмдаги саҳифасида ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдирди.

- Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари Шри-Ланка терма жамоасини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Лекин танаффус пайтидаги ва ўйиндан кейинги баъзи фанатларнинг, хаттоки айрим ҳамкасбларимнинг жиғибийрон бўлишидан кўпчилик натижадан қониқмаганлигини билиш мумкин. Чунки улар "Шри-Ланкаям жамоами?" деб 10талаб гол кутиб ўйинни кузатишган. Мана шуниси ёмон. Рақибни ўйинини ўрганмасдан туриб рейтингига қараб баҳо бериш яхши эмас. Фанатларнику тушунаман, улар корейс, японларни ҳам йирик ҳисобда ютиш керак, деб ҳисоблашади. Лекин "бошқа"ларчи. Ўйинни телевизорда кўрган бошқаю, воқеаликни ичидан ўрганиб, ҳис қилиб кўрган бошқа. Шу боис Наманганга бориб иккала ўйинни стадионнинг ўзидан кўрганим мени ютуғим бўлди, деб ўйлайман (гарчи стадионга кириш ва юриш анча қийинчилик туғдирган бўлса-да). Чунки телевизор қашисида ўтириб йирикроқ ҳисобни кутаётганлардан фарқли ўлароқ, 4-5та гол бўлмаслигини ҳис қилиб турдим. Биринчидан мени Шри-Ланка жамоаси бош мураббийининг бир кун аввалги ўйин ҳақидаги фикрлари, иккинчидан эса ўйин олди машғулотлари ҳайрон қолдирди. Жамоа ўйинни "ўлдириш"га ҳаракат қилиши сезилиб турарди. Бир чизиқли ҳимоя услуби ва ҳимоячиларга ёрдамга етиб келиш, рақибни ўрганганлигиданми билмадим, қанотлардан узатилган тўпларни қайтаришдаги ҳаракатлар ҳар бир кишининг диққатини ўзига тортиши табиий эди. Шуларни кузатиб "Марказий" стадионда янги қурилган усти ёпиқ медиа трибуналарда жавлон ураётган журналистларга ўйин 2:0 бўлса керак деганимда, уларнинг барчаси "ҳа йўға" дея истеҳзоли тарзда кулиб қўйишди. Лекин ҳавотирим ўринли эканлигини шарҳ пайтида ҳам ҳис қилиб турдим.

Катанец қанотлардаги юқоридан узатмаларга урғу бергани, жарима майдончаси ичида Элдор ва Азизга кўпроқ ишонгани ҳам сезилиб турди. Лекин рақибнинг бўйи баланд икки ҳимоячиси юқоридан келаётган тўпларда яхши кураш олиб боришди. Марказдан эса ҳимояни ёриб ўтиш жуда қийин эди.Чунки 10 ҳимоячи билан ўйнаётган рақиб футболчиларининг жисмоний ҳолати яхши, тўп кетидан тинимсиз югуриб чарчашмас эди. Шри-Ланканинг хатоси жарима зарбаларини қайтаришда бўлди. Жонли девор ўрнатишда ва устун ёнига бўйи баландроқ ўйинчи қўймаганлигида бўлди.

Ҳақиқатан ҳам тўлиқ ҳимояга ётиб олган жамоа билан ўйин олиб бориш қийин. Буни ўйиндан кейин Катанец ҳам ва кўпгина мутахассислар ҳам айтишди. Голларда эса, албатта, нотўғри қўйилган жонли девордан ташқари ижро маҳоратининг ҳам ҳиссаси бор эди. Ўйин статистикасидаги катта фарқ ҳаммасини кўрсатиб турган бўлса-да, лекин ҳавотирим, тахминим деярли ўзини оқлади. Хаттоки ўйиндан кейин Шри-Ланка терма жаомаси бош мураббийи учрашувдан кўнгли тўлганини, ҳисобдан қониққанлигини айтди. Бир томондан, албатта, "космик кемалар коинотни забт этаётган бир пайтда", Эрон, Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Япония терма жамоалари мундиалга тайёргарлик кўриш борасида Бразилия, Чили сингари давлатлар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказаётганда мухлисларнинг талабини, жиғибийронлигини тушуниш мумкин. Чунки Саудия Арабистони терма жажмаоси билан бўлган ўйиндан кейинги тушкун ҳолат ҳали ҳам сақланиб тургандек гўё. Ахир Саудияни ҳам қониқтирадиган дуранг қайд этилганда термамиз кейинги босқичга чиқардида. Қолаверса шу босқичдан ўта олмаганлиги барчамизни анча хафа қилгани ҳам бор гап. Шу боис уларнинг натижага бўлган ҳар қандай эътирозини тушунса бўлади.

Иккинчи томондан Санжар Турсунов айтганидек мундиалга чиққан Осиё терма жамоалари ҳозирги пайтда ҳақиқатан ҳам анча кучли. Лекин у бошқа ҳикоя.... Тўғри, Катанец таркибга энг муносибларини йиға олган. Балки Элдор, Жалолиддин, Ойбек, Остон, Достон ва бошқалар ўз даражасида тўп сурмагандир. Улардан кўпроғини кутаётганимиз ҳам рост. Балки сиз кутган кўпроқ голларни уришлари ҳам керак эди. Лекин ишонинг Шри-Ланка дарвозабонининг бундай ажойиб ҳаракати, 10та футболчининг ҳимояга ётиб олиши, баъзида вақт чўзиб ўйин темпини ўлдирилиши, буларнинг барчаси рақиб режа асосида ҳаракат қилаётганлигидан далолат эди. Шу боис келинг натижани тўғри қабул қилиб, ўйиндан ўйинга терма жамоамиз янада кучайиб Осиё кубоги 2023да финалгача етиб боришига ишонч билдирайлик, - деди Мурод Ризаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
10/06/2022 14:30
Ochigi siz jurnalistsiz lekin fikriz. kucha fudbolinikiga uhshaydi qanaqasiga qanotdan yoqoriga oshiriladigan tup narmalni bulmaganidan keyin qanday hujimchi gol ursin. bu narsani tushunterib berishim uchun. yozma yoz. tushunterib bermasa tushunish qiyin. 2 qanot umuman pas berib olmadi.