“Наполи” Шомуродовга ёрдам беради

Италия чемпионатида “Рома”нинг асосий рақобатчиларидан ҳисобланган “Наполи”нинг трансфер сиёсати Элдор Шомуродовни ортиқча босимдан халос қилиши мумкин.

Гап шундаки, Жозе Моуриньо ҳужум чизиғида Элдор Шомуродов ўрнига “Будё-Глимт” форварди Ола Сольбаккенни кўрмоқчи. Норвегиялик футболчи ўтган мавсумда Конференциялар лигасида “Рома”га қарши ўйинда ўзини яхши томондан кўрсата олган ва гол уриб, португалиялик мутахассис назарига тушганди.

560cb7b0a53c5ab3c01238b2a9d59373

“Рома” спорт директори Тьягу Пинто анчадан бери Сольбаккен агентлари билан алоқани ушлаб турибди. Бироқ, ҳужумчи учун курашда римликларга жиддий рақобатчи пайдо бўлди. “Наполи” бош мураббийи Лучано Спаллетти клуб раҳбариятидан Сольбаккенни Неаполга олиб келишни сўраган.

CalcioNapoli24.it сайтининг маълум қилишича, неаполликлар норвегиялик ҳужумчини олишга жиддий қарор қилган ва улар октябрь ойи давомида футболчининг агентлари билан музокара қилиб, форвардни ўзларига оғдириб олмоқчи.

Аввалроқ, “Рома” мутасаддилари Ола Сольбаккенга жой очиш учун январда Элдор Шомуродовни ижарага бериб юбориши ҳақида маълумотлар тарқатилган эди.

Аслида ёзги трансферлар вақтида ҳам Рим клуби мутасаддилари Элдор Шомуродовни жамоадан кетказиб, ўрнига эркин агент мақомида юрган италиялик тўпурар Андреа Белоттини олиб келишга уринди. Шомуродовга харидор бўлган клублар пойтахтликлар билан келиша олмагани боис, Белотти “бўрилар” сафида ўзига жой очилишини узоқ кутди.

Ниҳоят, 19 ёшли ҳужумчи Феликс Афена-Гьян А Сериянинг бошқа клуби – “Кремонезе”га олти миллион евро эвазига сотиб юборилгани Андреа Белоттининг келишига йўл очди. Элдор Шомуродов эса Римда қолиш имкониятига эга бўлди.

Энди “Наполи” раҳбарияти бўлажак музокараларда Ола Сольбаккенни жамоа сафига қўшилишга кўндира олса, Элдор Шомуродовда қайсар Жозе Моуриньонинг ишончини қайтариш учун мавсум охиригача имконият бўлади.

Аслида Элдор Шомуродовнинг жисмоний тайёрлиги, ўйиндаги фаоллиги ва жамоага келтираётган фойдаси “Рома”нинг номдор ҳужумчиларидан асло кам эмас. Ҳамюртимиз А Серия ва Европа Лигасида атиги уч та учрашувда қисқа фурсат – жами атиги 47 дақиқа тўп тепган бўлса-да, Болгарияда “Лудогорец” дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди. Ўзи майдонга тушган учрашувларда жамоаси ўйинини кучайтира олди.

Лекин Жозе Моуриньо ўзбек футболчисига бўлган муносабатини ўзгартирмас экан Элдор Шомуродов ҳарчанд уринмасин мавсум охиригача захира ҳужумчиси сифатида бир неча дақиқалик ўйин билан кифояланишига тўғри келаверади.

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов профессионал футболчилик фаолияти давомида “Машъал”, “Бунёдкор”, “Ростов”, “Женоа” ва “Рома” жамоалари сафида клублар миқёсида 224 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 46 маротаба ишғол қилган ва жамоадошларига 23 та голли узатма оширган.

NuEHKjrHYqegNf7

Маҳоратли ҳужумчимиз ўзи ўйнаган барча турнирлар – Ўзбекистон, Россия, Италия чемпионатлари, Россия ва Италия кубоклари, Осиё Чемпионлар лигаси, УЕФА Конференциялар лигаси ва Европа Лигаси каби халқаро мусобақаларда ўз номига гол ёздириб қўйишни уддалаган.

Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 57 та учрашувда рақиблар дарвозасини 30 маротаба ишғол қилиб, жамоадошларига олтита голли пас узатган.

Экспертлар баҳоси: Шомуродов қаҳрамон бўлиши мумкин эди...

 

Легионеримиз топ-чемпионатдан "катта" таклиф кутяпти...

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Alisher Kamalov
25/09/2022 07:46
Маколани Сарлавхасини каранг. Маколада умуман Шомуродовга талукли жойи булмаса хам яна сарлавхада Шомуродов.
Baxil Alihuja
26/09/2022 16:19
Нимасини айтасиз? Бу сайт ижодкорлари Шомуродов, Сергеев ва БаБаяндан пора олишган булса керак. Ундан кура Элдорни Моурга курсатишсин. Шома га тушунтириш керак. У хумпар захирада булса хам утиравераман дегани учун халиям утирибди. Булмаса италян журналистлари трансфер борасида ёрдам беришмокчи эди. Козокистонда Сергеевдан бошка легионерлар хам бор. Гилай Сергеев адашиб гол урса уни хам мактайвериб, термага тикишди.