Шомуродовга янги шартнома таклиф қилаётган “Рома”да кутилмаган воқеалар авж олмоқда!
“Рома” клуби раҳбарияти кутилмаган ўзгаришларга қўл уриб, футбол жамоатчилигини ҳайратга солишда давом этмоқда.
Яқинда клуб раҳбарияти жамоа афсонаси Даниэле де Россини бош мураббийликдан бўшатиб, унинг ўрнига хорватиялик Иван Юрични тайинлаган эди.
Даниэле де Росси бошчилигидаги “Рома” А Сериянинг дастлабки тўртта учрашувида учта дуранг ва битта мағлубият қайд этгани ва ғалаба қозона олмагани клубнинг америкалик хўжайинлари Дэн ва Рйан Фридкинларга маъқул келмади. Улар қалтис қарор қабул қилиб, римлик мураббийни бўшатди.
Тўғрисини айтганда, Даниэл де Россидек таъсири кучли мутахассисни мавсум бошидаёқ ишдан олиб ташлаш кутилмаган қарор ҳисобланади. Чунки бу мутахассисни бутун Рим шаҳри қўллаб-қувватлаб туради.
Истеъфодан кейин “Рома”нинг ашаддий мухлислари ҳали ҳамон клуб раҳбариятига босим ўтказиб келаётгани ана шу фикримизга далил бўла олади.
Иван Юрич олдига жамоани келаси мавсум Европа Чемпионлар лигасига олиб чиқиш вазифаси юклатилди. Бунга икки йўл билан эришиш мумкин. Биринчиси – А Серияда кучли тўртликдан жой олиш. Иккинчиси эса, Европа Лигасида ғолиб чиқиш.
Иван Юрич миллий чемпионатда жамоанинг кетма-кет иккита ғалабасини таъминлаган бўлса-да, халқаро миқёсдаги натижалар унинг салоҳиятини шубҳа остига қўя бошлади.
Европа лигаси умумий босқичининг илк учрашувида “Рома” ўз майдонида Испаниянинг кучли жамоаларидан “Атлетик” билан дуранг ўйнаганини оқлаш мумкин. Лекин футболдан кўра қишки спорт турлари яхши ривожланган Швецияда “Элфьсборг”га ютқазиш, Иван Юричнинг келажагига хавф соляпти.
Италиядаги Giallorossi.net, Corriere dello Sport каби нуфузли манбалар Рим клуби хўжайинлари яна кутилмаган ўзгаришга қўл урмоқчи эканини тасдиқлади. Унга кўра, Фридкинлар Иван Юрични бўшатиб, жамоани яна Даниэле де Россига топширмоқчи.
Маълумотларда айтилишича, А Сериянинг еттинчи турида “Монца”га қарши ўтказиладиган учрашув Иван Юрич учун муҳим аҳамият касб этади. Агар бош мураббий бу баҳсда жамоавий ўйин ижобий томонга ўзгаргани, шогирдлари натижа учун кураша олишини кўрсата олмаса, хўжайинлар қатъий чораларни қўллашига тўғри келади.
Биз учун аҳамиятли томони, ҳар икки мураббий ҳам Элдор Шомуродовга ишонч билдирадиган мутахассислар эканлигида. Хусусан, Даниэле де Росси легионеримизга ишонч билдириб, уни клубда олиб қолди ва сўраган жамоаларга ижарага бериб юборилишига йўл қўймади.
Иван Юрич ҳам “Эльфсборг” билан бўлган баҳсда Элдорни бошланғич таркибда майдонга туширди.
Энг муҳими эса, “Рома” раҳбарияти 29 ёшли ҳужумчимиз борасидаги қарашларини ўзгартирган. Клуб мутасаддилари ўзбек футболчисига 2026 йилнинг ярмигача давом этадиган шартномани яна бир йилга узайтиришни таклиф қилмоқда.
Ҳусановдан Европа миқёсида ажойиб натижа!
Фикрлар