“Насаф” - очилиш ўйинлар меҳмони, ўтган гал "Навбаҳор"ни қувиб ўтган "Нефтчи" бу сафар “Андижон”дан ортда қолди, водийда рақобат юқори
27 – 30 июль кунлари Суперлигада 14-тур баҳслари ўтказилди. Натижалар билан сайтимиз орқали хабар бериб бордик.
Ушбу турда бир қатор қизиқарли ўйинлар, ўзига хос қарама-қаршиликлар кузатилди.
Тур кутилмаган натижа билан бошланди. Такрибда катта ўзгаришларни амалга ошириб, ёшларга эътибор қаратган “Турон” сафарда “Бухоро”ни мағлуб этди. Шу тариқа, яйпанликлар ўз тарихидаги иккинчи, мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритди.
“Олимпик” Тошкент дербисида “Пахтакор”га имкониятни бой берди. “Шерлар” чемпионат доирасида биринчи марта Тимур Кападзе шогидларини мағлубиятга учратди.
“Андижон” ўз уйидаги очилиш баҳсида “Насаф” билан дуранг ўйнади. “Нефтчи” қийиничилик билан “Металлург”ни енгди. “Сурхон” меҳмонда ОКМКдан 3 очко олди. Иван Бошкович пойтахтда собиқ жамоасини “ожиз қолдирди”. “Навбаҳор” ҳам Навоийда қийин ғалабага эришди.
Энди эса турга оид қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз. Яъни анъанамизга содиқ қолган ҳолда тур мухлислари статистикаси билан таништирамиз.
14-турда стадионларимизга жами 38850 томошабин ташриф буюрди. Бу ҳар бир беллашувга ўртача 5550ни ташкил қилади.
Энг кўп мухлис Андижонда. “Андижон” - “Насаф” ўртасидаги ўйинни 13217 томошабин аренадан кузатди. Майдон майсаси ва прожектори янгиланган “Бобур арена”даги очилиш ўйинида яна “Насаф” меҳмон бўлди. Қизиғи, аввал ҳам бу стадион таъмирдан чиқарилгандан кейин “аждарлар” илк меҳмон жамоа бўлганди. “Насаф” Суперлигадаги охирги ўйинда “Нефтчи” билан Фарғонада куч синашиб, имкониятни бой берганди. Энди эса “бургутлар”га қарши учрашувда очколарни бўлишиб олди. Рўзиқул Бердиев жамоаси бу мавсум ҳозирча водийдан ғалаба билан қайта олмаяпти.
Ўтган гал “Нефтчи” мухлислар статистикасида “Навбаҳор”ни ортда қолдирганди. Бу сафар фарғоналикларни андижонликлар қувиб ўтди. Водийда рақобат ортмоқда.
“Нефтчи” - “Металлург” беллашувига 8345 мухлис келди. Энг кам томошабин пойтахтда. ОКМК - “Сурхон” тўқнашувини 1010 киши стадиондан кузатди.
Қуйида Суперлиганинг ушбу турига ташриф буюрган мухлислар статистикаси билан танишинг (мухлислар сони ПФЛ сайтидан олинди):
“Андижон” - “Насаф” 0:0. 13217 томошабин
“Нефтчи” - “Металлург” 1:0. 8345 томошабин
“Бухоро” - “Турон” 2:3. 7996 томошабин
“Қизилқум” - “Навбаҳор” 1:2. 5591 томошабин
“Олимпик” - “Пахтакор” 0:2. 1493 томошабин
“Бунёдкор” - “Сўғдиёна” 0:2. 1198 томошабин
ОКМК - “Сурхон” 2:3. 1010 томошабин
Фикрлар