"Насаф", "Навбаҳор" ва яна 3 клубда қарздорликлар мавжуд

Айни дамда трансфер ойнаси очиқ ва у 12 мартга қадар давом этади. Клублар мавсум олдидан ўз таркибларини янги футболчилар билан тўлдириб боришмоқда.

Клублар ЎзПФЛга керакли ҳужжатларни топшириб улгурдими? Мусобақалар ўтказиш бўлими бошлиғи Сардор Қудратуллаевнинг тақдим этган маълумотларга кўра, баъзи клублар ҳужжатларни расмийлаштириш масаласида кечикмоқда.

“Айтиш лозимки, бу йилдан бошлаб клублар MyLeague орқали электрон рўйхатга олинмоқда. Ҳозирга қадар “Насаф”, “Қизилқум”, “Бунёдкор”, “Сўғдиёна” ва "Андижон" клублари билан боғлиқ кичик муаммолар мавжуд. Улар мазкур муаммоларни бартараф этиш учун ҳаракат қилишмоқда. Мазкур клублар ўзлари учун белгиланган муддатларга улгурмаган бўлсалар-да, биз уларга қўлдан келганича ёрдам бермоқдамиз. Аммо 12 мартдан кейин уларга ЎзПФЛ ёрдам бера олмайди. Умид қиламизки, клублар мавсум стартига қадар барча камчиликларни бартараф этиб улгуришади”, — деб айтиб ўтди С.Қудратуллаев.

Шунингдек, “Насаф”, “Сўғдиёна”, “Навбаҳор”, “Бунёдкор”, “Сурхон” каби клубларда қарздорликлар мавжуд.  

Маълумот учун, шу йилнинг 5 февраль куни ЎФА Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмита 7 та футбол клубига нисбатан легионер футболчиларни рўйхатдан ўтказиш учун тақиқ қўйганди. Улар орасидан “Насаф”, “Бунёдкор” ва “Қўқон-1912” футбол клублари легионерлар билан боғлиқ муаммони ҳал этди. “Сўғдиёна”, “Сурхон”, “Оқтепа” ва “Бухоро” клубларига нисбатан тақиқ эса ўз кучида турибди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!