"Насаф" билан тарих яратган мураббий! Клубдаги фаолияти, нима учун кетгани, яна юртимизга қайтадими? - Демьяненко sports.uz учун интервью берди
Чемпионатимизда шу кунгача бир қатор таниқли мутахассислар ишлаб кетишди. Улардан бири украиналик Анатолий Демьяненко эди. Бу мураббийни таништиришга ҳожат йўқ. Украиналик кўзга кўринган мураббийлардан бири ва ўз вақтида юртимизда қандай фаолият олиб борганини яхши биламиз. Ёши улуғ мухлислар эса бу мураббийнинг Украинадаги фаолияти билан ҳам яхши таниш. Айниқса, Киевнинг “Динамо”сидаги иши билан ҳам анча танилган. 2010 йилги мавсумнинг ўрталарида “Насаф” бош мураббийи сифатида иш бошлаган ва 2012 йилнинг янваь ойида клубни тарк этган. “Насаф”ни бошқариш орқали 2011 йили ОФК Кубогини ютгани ҳаммамиз учун унутилмас онлардан бири бўлганди.
Анатолий Васильевич ўзидан ажойиб таассуротлар қолдиргани учун ҳам уни тез-тез эслатиб турамиз. Тўғриси, у билан алоқа ўрнатиб, “Насаф”даги хотиралари хусусида суҳбатлашиш ниятида эдик. Анчадан буён Анатолий Васильевични қидираётгандик. Уринишларимиз бесамар кетмади. Янги йил арафасида Демьяненкога ўзимизни таништирдик, Ўзбекистонда ҳамон мухлислар уни ширин хотиралар билан эслаши, шу боис суҳбатлашиш ниятимиз борлигини билдирганимизда ундан шундай жавоб келди: - “Ҳозир мен Мисрдаман, Киевга 5 январда етиб келаман ва ўшанда сиз билан гаплашишим мумкин. Кириб келган янги йил байрами билан сизни қизғин муборакбод этаман!!!”
Натижада ўша муддат келгач, яна бир бор Анатолий Васильевич билан алоқага чиқдик. Тўғриси, уни мураббийлик ишидан узоқлашган деб ўйлагандик. Лекин, кейин билсак у янада жиддийроқ вазифада ишлаётгани маълум бўлди. Бу ҳақида мураббий суҳбат якунида маълум қилди. Фақат шуни айтиш керакки, Демьяненко билан ўзимиз истаган барча саволларга жавоб олиш имкони етарлича бўлгани йўқ. Негаки, мутахассис билан боғланган пайтимизда танишининг туғилган кунига кетишга тайёргарлик кўраётганини, вақти тиғизлигини айтди. Шунда ҳам у саволларимизга қисқа ва лўнда қилиб жавоб қайтарди, шунисига ҳам шукр деймиз.
- Анатолий Васильевич, бу йилги янги йилни Мисрда қарши олдингиз, яхши ўтдими? Доим янги йил байрамини бошқа мамлакатларда нишонлайсизми?
- Бу янги йилни оилам даврасида қарши олдим. Биз Мисрга дам олгани боргандик. Ҳаммамиз ўша жойда ушбу байрамни биргаликда кутиб олдик. Мисрга биринчи бор янги йилни кутиб олиш учун боришимиз. Одатда янги йил оилавий байрам бўлиб, биз уни уйда қарши олишга кўникиб қолганмиз. Бундай маҳалда стол атрофида оила-аъзоларимиз ва яқин дўстларимиз жам бўлишади. Лекин бу сафарги янги йилни Мисрда кутиб олишимизга тўғри келди.
- Сизни Ўзбекистонда ҳали ҳам яхши хотиралар билар эслашади. Мураббийлик фаолиятингизда юртимиздаги ишингиз қанчалик аҳамият касб этади?
- Бунинг учун миннатдорман. Ўзбекистондан кетганимга анча вақт бўлганига қарамай, мухлислар ҳамон мени эслашаётганидан хабар топиш – ёқимли албатта. Уларга менинг саломимни етказиб қўйинг. Айниқса, Ўзбекистондаги ишим сабабли ҳамон мени эслаб юришгани учун мухлисларингиздан миннатдор эканлигимни ва уларга катта раҳмат айтмоқчилигимни етказиб қўйсангиз бошим кўкка етарди.
- “Насаф”даги муваффақиятли фаолиятингизни тез-тез эслаб турасизми? Бу ҳақда бошқаларга ҳам гапириб келасизми? Аслида ҳаммаси қандай юз берган?
- “Насаф”да жуда дўстона жамоа шаклланганди. Шунинг учун бўлса керак, қизиқарли ва хотирлашга арзийдиган воқеалар кўп бўлган. Қайси бирини эсга олиб гапириб беришни ҳам билмайман.
- ОФК Кубогини ютганингизга 10 йил бўлди. Йилнинг ҳар 29 октябрида ўша финал ёдингизга тушадими?
- Ҳа, мураббийлик фаолиятимда ОФК Кубоги мен учун жуда муҳим аҳамият касб этадиган совриндир. Адашмадингиз, йилнинг ҳар 29 октябрда “Насаф” билан мазкур турнирда ғалаба қозонганимизни эслаб тураман.
- “Насаф”ни қанчалик кузатяпсиз? Сиздан кейин Рўзиқул Бердиев бош мураббий бўлиб ишлаб келяпти ва 4 марта Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи бўлди. Бундан хабардормисиз?
- Ҳа, “Насаф”ни кузатиб келяпман. Бинобарин, Рўзиқул Бердиев қандай иш олиб бораётганидан хабардорман. Унинг Ўзбекистонда тўрт бор энг яхши мураббий деб эътироф қилингани жуда ёқимли. Унинг ўз вақтида “Насаф”да мен билан бироз вақт бўлса-да, бирга ишлагани учун эришган ютуқларидан икки ҳисса қувонаман, десам муболаға бўлмайди. Рўзиқул Бердиевга бундан кейинги мураббийлик фаолиятида ҳам шу руҳда давом этишини тилаб қоламан.
- Яқинда Рўзиқул Бердиевдан сиз ҳақингизда сўрагандим, гаплашиб турибсизларми деб. Аммо анчадан бери алоқа йўқлигини айтди. Охирги марта ким билан гаплашдингиз?
- Рўзиқул Бердиев рост гапирибди, анчадан бери ўзаро гаплашганимиз йўқ.
- Ўзбек футболига қизиқишингиз қанчалик даражада? Ўзингиз хоҳлаб кузатасизми ёки тўсатдан дуч келганда кўришингиз мумкинми?
- Вақти-вақти билан кузатиб боришимни, айтишим жоиз.
- Фаолиятингиз давомида ЦСК ВСУ, ЦСКА Борисфен, “Динамо” Киев, “Нефтчи” Баку, “Насаф”, “Волинь” ва “Нитра” клубларини бошқардингиз. Уларнинг орасида “Насаф”даги мураббийлик ишингиз сиз учун нимаси билан бошқалардан фарқ қилади?
- Бир сўз билан айтганда, “Насаф”да мен билан бирга елкама-елка ишлаган барча мураббийлар ва ходимларни эсга олиб тураман. Улар билан бир жамоада ишлаганимдан хурсандман.
- Юртимиздан кетганингиздан кейин сизда яна Ўзбекистонга қайтиб ишлаш имконияти бўлдими?
- Ўзбекистонда олиб борган ишим ўзига яраша бўлган. Биринчи навбатда юртингизда мураббийлик қилиш мен учун жуда қизиқарли бўлганини айтмоғим даркор. Менга бу ишда клуб президенти Султонов Алишер Саидаббосович катта ёрдам берган. Унга катта раҳмат. Ўзбекистонга қайтиб келишим мумкинми? Ҳозирча бир нарса дейиш қийин. Чунки эртага нима бўлишини ҳеч ким олдиндан айтиб бера олмайди.
- Адашмасам, “Насаф” сизнинг бошқарувингизда Ўзбекистон Кубоги финалига чиққан ва “Пахтакор”га ютқазган. Ўшанда нима бўлганди? Ташқаридан ўйинни рақибга ютқазиб бериш айтилганми?
- Клубнинг Ўзбекистон Кубоги финалига етиб келишида ўйинчиларнинг ҳиссаси катта бўлган. Бунинг учун улардан жуда миннатдор бўлгандим. Аммо ўйинни топшириш ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз. Йигитлар ўзларига юклатилган вазифани охиригача бажаришга ҳаракат қилишган. Ўзбекистонни оилавий шароитим туфайли тарк этишимга тўғри келган.
- Украинада ўзбек футболи ҳақидаги муносабат қандай?
- Украинада ўзбек футболи ҳақида жуда кам гапиришади. Биздаги мухлисларни биринчи навбатда Европадаги миллий чемпионатлар кўпроқ қизиқтиради.
- “Насаф”ни бошқарган пайтингиздаги таркибдан кимларни яхши эслаб қолгансиз?
- Яхши инсонлар билан “Насаф”ни биргаликда бошқарганимни ўзгача мароқ билан эслаб тураман. Улар жуда самимий кишилар эди.
- Анатолий Васильевич, биласиз Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати учун доим охиригача курашади, аммо якунда чиқа олмайди. Бу йўлда қандай маслаҳат берасиз ва бизга етишмаётган нарса нима?
- Бунинг учун ҳамма бир оёқадан бош чиқариб мақсадга эришиш йўлида ишлаши керак. Мана шундагина бир кунмас-бир кун орзу албатта рўёбга чиқади.
- Адашмасам, охирги йилларда мураббийликдан анча четга чиқдингиз. Ёки чарчадингизми?
- Ҳозирда мен Украина футбол федерациясида биринчи вице-президент лавозимида меҳнат қиляпман.
- Украина терма жамоасини бошқариб келаётган Андрей Шевченко ҳақида нима дея оласиз?
- У олиб бораётган ишдан нафақат мен, балки бошқалар ҳам мамнун. Шевченко миллий терма жамоамизнинг ўйинини йўлга қўя олди.
- Вақт ажратганингиз учун раҳмат. Кейинги ишларингизда омад тилаймиз.
- Раҳмат.
Фикрлар