"Насаф" клуби ёпиладими? Етакчи футболчилар ва мураббийлар жамоани тарк этадими? - Диёр Имомхўжаевдан жавоб

Охирги пайтларда "Насаф"даги молиявий ҳолат янада ёмонлашгани, клуб тарқалиб кетиши мумкинлиги борасида гап-сўзлар кўпайди. Ушбу хабарлар ва "аждарлар"га топширилиши керак бўлган медаллар борасида ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев телеграмдаги саҳифасида муносабатини билдирди.

"Насаф" клубига тегишли кумуш медаллар борасида

- ЎзПФЛ ўтган йилнинг 3 декабрь куни "Насаф"га тегишли бўлган кумуш медалларни клубга расман топширган. Уша куни "Насаф" мавсумнинг сўнгги ўйинида "Локомотив" клубига қарши майдонга тушган.

Вилоят ҳокимининг сўнгги учрашувга эҳтимолий ташрифи билан кумуш медалларни мухлислар кўз ўнгида топшириш таклифи берилган. Аввалроқ, "Насаф" U-18 жамоаси ҳам ўз чемпионлик медалларини айнан асосий стадионда ўйиндан кейиноқ қабул қилиб олганди. Бироқ, клуб асосий таркиб футболчилари кейинчалик алоҳида рағбатлантирилишини маълум қилган. Медаллар клубнинг ўзида турибди.

"Насаф" борасидаги сўнгги хабарлар борасида

- "Насаф" ФК борасидаги қўрқинчли хабарларга босиқлик билан ёндошиш тўғрироқ бўлади. Молиявий муаммолар бор экани факт. Шунингдек, бошқарув тизимида ҳам етарлича муаммо бор эканини тан олиш керак. Буни клубнинг кетма-кет уч йилдан буён ОФК лицензиясини ололмаётгани, шунингдек, "Машъал" ва "Шўртан" клублари фарқли равишда тинимсиз ҳаракатда экани билан изоҳлаш мумкин.

"Насаф"нинг тарқалиб кетишини аниқ талқин қилиш керак. Яъни, етакчи футболчилар ва тажрибали мураббийлар клубда ортиқ ишламасликка қарор қилишлари катта эҳтимол. Бироқ бу "Насаф"нинг тарқалиб кетишини билдирмайди. Оддий мисол, "Шўртан" трансфер тақиқидан келиб чиқиб, Қашқадарё ҳудудидаги футбол мактабларидан 18-19 ёшгача бўлган футболчиларни йиғиб, жамоа шакллантиряпти. "Насаф"да эса, бундай ёшлар кўп. Клубнинг молиявий ҳолати бўйича якуний хулосани мухлислар ҳам, журналистлар ҳам, клуб расмийлари ҳам айта олмайди. Якуний хулоса "Насаф" футбол клубини молиялаштирадиган корхона томонидан айтилиши тўғри бўлади. Ҳозирча, бизда "Насаф" футбол клуби ёпилиши борасида ҳеч қандай аниқ маълумот йўқ. Қолаверса, мамлакат титанларидан бири бўлган клубнинг шунчаки йўқ бўлиб кетишига йўл ҳам қўйилмайди. Қисқа қилиб айтганда, хавотир олиш тўғри, аммо ваҳима қилиш ножоиз.

Бу ерда биргина аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, клублар сметаси доимо жуда кеч тасдиқланади. Бу эса футбол клубларини издан чиқаряпти. Бу масала, албатта, тартибга солиниши шарт, - деди Диёр Имомхўжаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!