"Насаф" мухлисларини қувонтирадиган хабар: Рўзиқул Бердиев ҳеч қаерга кетмайди!

Ниҳоят, Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи, 10 йилдан бери "Насаф"га устозлик қилиб келаётган Рўзиқул Бердиев ҳам ўзининг масаласига ойдинлик киритиб олди. Клуб матбуот хизматининг хабарида шундай дейилади:

"Ўзингизга маълум, “Насаф” сўнгги 10 йилликда Рўзиқул Бердиев билан кўплаб совринларни қўлга киритди. Рўзиқул Саъдуллаевич ҳам “Насаф”даги фаолияти давомида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар устози” давлат мукофоти билан тақдирланди, Ўзбекистоннинг 5 карра энг яхши мураббийи деб топилди.

“Насаф” Рўзиқул Бердиев мураббийлиги даврида Ўзбекистон чемпионатининг тўрт марта бронза медалларини, икки марта кумуш медалларини, икки марта Ўзбекистон Кубоги ва бир марта Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритди. 2021 йилги мавсумда асосан “Насаф” футбол мактаби тарбияланувчиларидан таркиб топган жамоа билан ОФК Кубоги финалигача етиб борди.

бердиев10_3

Янги мавсумда ўз олдига жиддий мақсадларни, хусусан Ўзбекистон Суперкубоги, Ўзбекистон чемпионлигини ва Ўзбекистон Кубогини қўлга киритиш ҳамда халқаро майдонларда ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга бор эътиборини қаратаётган “Насаф” клуби раҳбарияти Рўзиқул Бердиев билан икки йиллик шартнома имзолади.

Рўзиқул Бердиев 2023 йилнинг сўнггига қадар жамоа бош мураббийи лавозимида фаолият олиб боради".

Бунгача мураббий Sports.uz сайтига берган интервьюсида жиддий таклифлар бўлгани ҳақида айтганди. Аммо ўзида ҳам "Насаф"даги фаолиятини давом эттириш истаги кучли эди. Шу сабабли клуб мухлисларини қувонтирадиган хабар янгради ва Бердиев ҳеч қаерга кетмайди!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!