"Насаф" посбонини Қатарда ҳужумчи сифатида голлар урганини эшитганмисиз? Ёхуд Европага кетишни хоҳлаётган Абдувоҳид Неъматов ҳақида
Ўтган йили энг яхши ёш футболчи номинациясида ғолиб бўлган Абдувоҳид Неъматов энди кўпчилик яхши танийди. Қисқа фурсатлар ичида тез ўсишга эришаётган истеъдодли посбон ўз меҳнати билан “Насаф”нинг биринчи рақамли дарвозабонига айланди. Унинг келажаги порлоқ ва яна ўсишда давом этяпти.
“Суперкубокни қашқадарёлик мухлисларга олиб келамиз”
Биласиз, 6 март куни “Насаф” Самарқандда Ўзбекистон Суперкубоги учун учрашувда “Пахтакор” билан ўйнайди. Неъматов дастлаб sports.uz мухибрига ўйинга тайёргарлик ҳақида гапирди.
- Аввало, яқинлашиб келаётган янги футбол мавсуми билан барчани табриклайман. 2020 йил барча соҳа эгалари учун пандемия туфайли жуда қийин бўлди. Шу қаторда футболни ҳам четлаб ўтмади. Худо хоҳласа, янги мавсум кўтаринки руҳда ўтади. Бу йил илк расмий ўйинимиз “Пахтакор” жамоаси билан ўтказилади. Шубҳасиз, Суперкубокни қўлга киритиш учун ўйнаймиз. Ушбу учрашувга 100 фоиз тайёрмиз. Олдимизда яна бир неча кун бор. Рўзиқул Бердиев даволаняпти. Ўрнига Шуҳрат Тошпўлатов машғулотни ўтказиб турибди. Лекин Рўзиқул Саъдуллаевич машғулотларга келиб, камчиликларни кўрсатиб турибди. Насиб қилса, албатта Суперкубокни қўлга киритамиз. Уни қашқадарёлик мухлисларимизга олиб келамиз. Ишонаманки, ўйин жуда ажойиб ўтади.
“Яқин-яқингача ҳужумчи эдим”
Неъматов билан энг қизиқ жиҳат шундаки, у катта футболга кириб келганида бошқа позицияда ўйнаганини биласизми? Ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам тўп сурган. Дарвозабонликка ўтганига эса ҳали кўп бўлгани йўқ. Аслида ҳаммаси қандай юз берган? Бу борада мақоламиз қаҳрамони шундай деди:
- Тўғри, академияда ўқиб юрганимда майдонда бошқа позицияда ўйнаганман. Яъни, ҳимоячи бўлиб тўп сурардим. Шунингдек, ҳужум чизиғида ҳам ҳаракат қилганман, яқин-яқингача. 2017 йилда Қатарда академиялар ўртасида халқаро турнир ўтказилган. Ўшанда бизни ҳам таклиф қилишган. Мен эса ўша турнирда ҳужумчи бўлиб тўп сурганман. 3 та учрашувда 3 та гол урганман. Ўзимнинг тенгқурларим билан ўйнардим. Кейинчалик Рўзиқул ака менда кўпроқ дарвозабонлик хусусиятларимни кўра олган шекилли, дарвозага қўя бошлади. Худога шукрки, посбон сифатида фаолиятимни давом эттириб келяпман ва ютуқларга эришяпман. Дадам ҳам футболга жуда қизиқади. Дуолари билан ютуқларга эришиб келяпман.
Ўзимдан катталар билан ўйнаганимда дарвозага турардим. Унчалик қийин бўлмаган. Кейинчалик қўлқопларни кийганимдан кейин Денис Иванков ҳамда Аслиддин ака деган мураббийлар ёрдам беришган.
Тўғрисини айтсам ҳар куни Аллоҳдан сўрардим чин дилдан. Ота-онам ҳам дуо қиларди. Худога шукр, аста-секин барча ўйлаганларимизга эришяпман. Бахтимга ота-онам соғ бўлиб, дуо қилиб турсалар, янада кўп марраларни забт эта оламан.
“Кетганлар биз учун йўқотиш, аммо жамоамизда яна ажойиб футболчилар бор”
“Насаф”да Неъматовнинг ҳурмати катта. Қишки йиғин чоғида айрим етакчилар кетишди. Аммо Абдувоҳид жамоани ташлаб кетмади. Тўғри, молиявий муаммолар барибир футболчиларга таъсир кўрсатиши мумкин. Шунга қарамай, Неъматов клубда қолди ва бу борада қуйидагиларни айтди:
- Албатта, ўртада анча муддат молиявий қийинчилик бўлди. Ҳозирга келиб бу муаммолар деярли ечилди. Лекин маҳоратли ўйинчиларимиздан айрилдик. Афсуски, етакчи футболчиларимизни сақлаб қола олмадилар. Бу эса биз учун катта йўқотиш. Аммо ҳозир ҳам жамоамизда ажойиб футболчилар бор. Худо хоҳласа, бу йил биз бемалол чемпионлик учун кураша оламиз. Бундан олдин ҳам “Насаф”дан кўплаб ўйинчилар кетишган. Аммо Рўзиқул Бердиев қўлидаги маҳсулот билан кўп нарсага эриша олади. Мана, ўтган йили ҳам қийин бўлишига қарамай, “Насаф”ни вице-чемпион қилди.
“Фаолиятимни Европада давом эттиришни истайман”
Ўтган йилги ажойиб ўйинлардан кейин Неъматов ҳам бошқаларнинг ишончини қозонди. Натижада дарвозабонни ўз сафида кўришни хоҳлаганлар кўпайди.
- Ҳа, менга ҳам қизиқишлар бўлди. Лекин қайси клублар таклиф билан чиққани сирлигича қолаверсин. Албатта, хориждан ҳам таклифлар бўлди. Тўғриси, ҳозир ҳам четдан вариантлар бор. Лекин “Насаф” билан икки йиллик шартномам бор. Бу ёғи жамоамга боғлиқ. Ўзим эса фаолиятимни Европада давом эттиришни истайман, - дейди бу ҳақида Неъматов.
“Миллий термада ҳеч кимга жой кафолатланмаган”
Бундан ташқари, у турли ёшдаги термаларда тўп сурди ва мана миллий жамоамизга ҳам жалб этиляпти. Бу эса уни чиндан ҳам футболчи сифатида маҳорати ортиб бораётганини кўрсатади.
- Терма жамоа либосини кийиш бу жуда катта шараф. Терма жамоада ҳеч кимга жой кафолатланмаган. У ерга борганимда менга анчадан буён миллий термада тўп сураётган акалар ёрдам беришяпти. Мураббийларнинг кўрсатмаларини ҳам тўғри бажаришга ҳаракат қиляпман. Юртимиз байроғини кўкларга кўтариш учун боримни бераман.
“Насаф” академиясида юрганимда Умиджон Эргашевга ҳавас қилардим. Бундан ташқари, Игнатий Нестеров ва Санжар Қувватовнинг ўйинларини ҳам кузатардим. Умид ака Эргашев менга кўп яхшиликлар қилган. Академияда ўқиб юрган кезларимда менга қўлқоп ва бутсалар берарди. Ҳозирга келиб битта клубда ўйнаяпмиз ва бир хонада яшаяпмиз, - деди Абдувоҳид.
Фикрлар