"Насаф" ва АГМК ўтган йили ҳам кубок ярим финалида тўқнаш келган. Фантастик ўйинни ёдга оламиз

Ўтган мавсумда, яъни 2021 йил 24 ноябрь санасида Ўзбекистон кубоги ярим финал учрашувлари ўтказилган. Унда "Пахтакор" "Бунёдкор"га қарши баҳс олиб борган бўлса, АГМК ўз майдонида "Насаф"ни қабул қилган. Биз бу мавсумда ҳам ярим финалда тўқнаш келган Олмалиқ ва Қарши клубининг ўтган мавсумдаги ярим финал ўйинини ёдга оламиз.

ойбек

Суперлигадаги ўйинлар ҳақида.

Ўша мавсумда ҳам жамоалар икки ўйинда дуранг натижага рози бўлишган. Олмалиқдаги ўйин ҳам, Қаршидаги баҳс ҳам бир хил 1:1 ҳисобида якунланган. Қизиғи, икки клуб бу мавсумда ҳам чемпионат доирасида ўзаро дуранг натижалар қайд этди. Қолдирилган 3-тур ўйинида 2:2 ҳисобида Бердиев ва Қосимов шогирдлари жанговор дурангга имзо чеккан. 16-турдаги учрашувда эса жамоалар нурсиз дуранг қайд этган - 0:0. Кўриб турганингиздек, ушбу икки клуб ўзаро ўйинларда фақат дуранг натижа қайд этилиб келинмоқда. Аммо бу сафар бундай бўлмайди. Сабаби, кубокда фақат битта жамоа финалга йўл олади.

санжар

Финал остонасидаги "оловли жанг".

Ярим финал олдидан АГМК "Қизилқум"га қарши драматик ўйинда иштирок этиб, 90+3-дақиқадаги гол эвазига кейинги босқичга йўл олганди. "Насаф" эса Жиззахда "Сўғдиёна"ни пенальтидан урилган ягона гол эвазига мағлуб этган. Ярим финалдаги ўйин эса мавсумнинг "безаги"га айланган, десак муболаға қилмаган бўламиз. Асосий вақтда ҳисоб очилмаган. 38-дақиқада Ҳусаин Норчаев пенальтидан унумли фойдалана олмайди. Унинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетади.

Шунингдек, баҳснинг 61-дақиқаси ўтиб бораётган бир пайтда Марко Станоевич қўпол ҳаракати учун майдондан четлатилади. Бир киши кам бўлиб қолган "аждарлар" қолган 30 дақиқани 0:0 ҳисобида якунлашга муваффақ бўлади. 

Экстра-таймлар старт олгач, орадан 4 дақиқа вақт ўтиб, Алибек Давронов учрашувда ҳисобни очади. У бурчакдан ошириб берилган тўпни боши билан дарвозага жойлаб қўяди - 0:1.

110-дақиқада Санжар Шоаҳмедов ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлади. Аммо бош ҳакам ВАРни кўриб чиққач, офсайд ҳолати борлигини қайд этади. Афсуски, трансляция сифати "жуда юқори" бўлгани боис видеода бу яхши кўринмаган. Майдон ҳолати ҳам "ҳавас қилса арзигулик" даражада бўлган экан:)

120+1-дақиқада эса жуда қизиқ ҳолат рўй беради. АГМК сафида Дилшод Аҳмадалиев яна бир бор гол уришга эришади. Аммо ҳакам голни бекор қилиб, аксинча, меҳмонлар фойдасига пенальти белгилайди. Сабаби, олмалиқликлар тезкор қарши ҳужумга ўтиб кетишидан олдин "Насаф" футболчисига нисбатан дарвозабон Валижон Раҳимов қўполлик ишлатгани маълум қилинади. "Насаф" сафида 11 метрлик жарима зарбасини Андрия Калудерович голга айлантиради - 0:2.

Супер тўқнашув 2:0 ҳисобида Рўзиқул Бердиев шогирдларининг ғалабаси билан якун топади. Ўша беллашув кўпчиликнинг ёдида қолган ва ҳамманинг эътиборини торта олганди. Финалда "аждарлар" яна бир киши кам бўлиб, Суперлигада ғолиб бўлган "Пахтакор"ни ҳам мағлуб этади. Катта эҳтимол билан Олмалиқдаги ўйин қаршиликларга қўшимча куч бера олган. 

 

Истагимиз, жамоалар  бу сафар ҳам шиддатли ва эсдан чиқмайдиган чиройли ўйин намойиш этишсин. Ким ғолиб бўлишининг фарқи йўқ, муҳими, футболдан баҳра олайлик!!!

 

 

Шоҳрух Зоиров тайёрлади.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Мажидов Шахзод
13/10/2022 00:57
Насаф ғолиб бўлса керак