"Насаф"дагилар уни ҳали кўп эсласа ажаб эмас ёхуд "Локомотив"да янги "юлдуз"!

“Локомотив” клубининг 24 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячиси Азизбек Амонов ЎзПФЛ томонидан Суперлиганинг июль ойидаги энг яхши футболчиси, деб эътироф этилди.

У ўтган ойда иккита учрашувда рақиб дарвозасини уч марта ишғол қилди. 4 июль куни чемпионатнинг 12-турида “Локомотив” “Пахтакор” майдонида 2:1 ҳисобида мағлубиятга учради. “Темирйўлчилар”нинг ягона голига Амонов муаллифлик қилди.

30 июлда эса “Локо” ўз майдонида “Насаф”ни қабул қилди. Ўйиннинг 13 ва 37-дақиқаларида Азизбек Амоновнинг голлари туфайли “Локомотив” қийин рақиби устидан 2:0 ҳисобида ғалабага эришди.

Амонов sports.uz мухбири билан мулоқот чоғида “Насаф” билан ўйин ҳақидаги таассуротларини қуйидагича изҳор қилди.

- “Насаф” билан учрашувда гол уриб, “Локомотив”нинг ғалабасига ҳисса қўша олганимдан жуда хурсандман. Ҳар бир ҳужумчи, майдонда тўп сураётган футболчи борки, гол уришни ният қилиб майдонга тушади. Мен ҳам шулар қатори майдонга гол уришни мақсад қилиб тушгандим, Худога шукрки, мен ҳам гол уриш ниятида тушдим ва бу амалга ошди.

аманов

Бу ўйинни кўпчилик телевизор орқали кўрган бўлса керак. Дарҳақиқат, Азизбек учрашувда жуда фаол тўп сурди. Тан олиш керак, балки кўпчилик унинг иккита гол уриб ўйин қаҳрамонига айланишини кутмагандир. "Насаф"дагилар эса уни ҳали кўп эслашса керак. Бу хусусида футболчининг фикри билан қизиқдик.

- Рақиб дарвозасига киритган ҳар иккала голимда ҳам жамоадошларимнинг ҳиссаси беқиёс бўлди, деб айта оламан. Гол уриш борасида эса менга омад кулиб боқди холос. Шунинг учун ўйин қаҳрамони деб, мени эмас, балки бутун жамоани айтган бўлардим.

Азиз учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилишида шубҳасиз унинг голлари муҳим роль ўйнади. У голлари шунчаки эмасди. Футболчи ҳар иккала голда ҳам рақибларини алдаб ўтиб дарвозани ишғол этди. Шу боис ундан кўроқ қайси голи ёққани ҳақида ҳам сўрадик.

аманов1

- Ўша ўйинда голли вазиятлар жуда тез содир бўлди. Ўйиндаги ҳолатимни сизга тушунтириб бера олмасам керак. Тўғрисини айтсам, менга кўпроқ иккинчи голим ёқди. Умуман айтганда, иккала голда ҳам жамоадошларим менга шундай вазиятларни яратиб бердилар. Худога шукр, мен улардан фойдалана олдим. Биринчи голда жамоадошларим рақибни хато қилишга ундашди. Иккинчисида эса менга яхши узатма оширилди.

Бундан ташқари, Азизбек Амонов бош мураббий ҳақида ҳам тўхталиб, ўзига билдирилаётган ишонч ҳамда ўз олдига қўйган мақсади ҳақида ҳам гапирди.

- Ҳа, мураббийнинг ўз ўйин услуби бўлади. Бизнинг вазифамиз унинг кўрсатмаларини меъёрига етказиб бажаришдан иборат. Ўйиним яхши чиқишида ёки голлар уришимда биринчи навбатда жамоадошларимнинг ҳиссасини катта деб ўйлайман. Қолаверса, ота-онамнинг дуоси ҳам. Албатта, асосийларидан бири жамоамиз бош мураббийининг ҳиссасидир. Чунки у менга ишонди. Мақсадимми? Насиб қилса, ҳар бир учрашувда жамоамнинг ғалабасига ёрдамлашиш ва голлар уришни истайман. Худо насиб қилса, тўпурар бўлиш ниятим бор.

Шу кунгача футболчи бир қатор мураббийлар билан ишлашга улгурди. Уларнинг орасида “Локо” бош мураббийи Секейра Амоновнинг фаолиятида қандай ўрин тушишига қизиқдик ва ундан асосан нима ўрганаётгани хусусида ҳам тўхталишини сўрадик.

- Секейра жуда талабчан. Ҳар доим барчамиздан максимал ҳаракатланишимизни хоҳлайди. Менга келадиган бўлсак, ҳар бир мураббийдан янги нарса ўрганишга ҳаракат қиламан. Шундай экан, португалиялик мураббийдан ҳам кўп нарса ўрганяпман. Айниқса, тактика ҳамда тартиб-интизом борасида мураббийдан ўзимиз учун жуда керакли жиҳатларни ўзлаштириб оляпмиз. Худо хоҳласа, Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун охиригача курашамиз.

аманов3

Шунингдек, у sports.uz мухбири билан ўзаро мулоқот жараёнида жамоадан кетиши мумкинмиди, “Локо”даги унутилмас ўйинлари тўғрисида ҳам фикр билдирди.

- “Локомотив” клубидан кетишни ўйламаганман. Чунки жамоам билан амалда шартномам бор. Таклифлар ҳам бўлгани йўқ. Мен асосий эътиборимни “Локомотив”га қаратганман. Унутилмас ўйинлар – бу чемпион бўлган пайтимизда бўлган. Насиб қилса, яна шундай кунлар келар...

Иккинчи давранинг илк турида “Локомотив” 7 август куни АГМК билан куч синашади. Кўриниб турибдики, Амонов ва унинг жамоасини яна бир жиддий баҳс кутяпти.

- “Локомотив” ҳар бир учрашувга ғалаба учун чиқади. Бу хоҳ ўртоқлик, хоҳ расмий ўйин бўлсин. Биз жамоамиз билан яхши тайёргарлик кўриб боряпмиз. “Насаф”га қарши учрашув аллақачон тарихга айланиб бўлди. Олдимизда АГМКга қарши ўйин турибди. Кўрамиз, бу учрашувда нима бўларкин? Бу – футбол, олдиндан бирор нима дея олмайман. Аммо майдонга фақат ғалаба учун тушамиз, - деди Амонов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!