"Насаф"нинг финалга пухта тайёргарлик кўриши учун Суперлигадаги иккита ўйин санаси ўзгаради

Қаршининг “Насаф” клуби ОФК Кубоги финалида тўп суриш имкониятини қўлга киритди. Баҳрайн жамоасига қарши учрашув 5 ноябрь куни бўлиб ўтади.

“Насаф” ОФК Кубогида муносиб иштирок этиб келаётганидан келиб чиқиб, ЎзПФЛ Суперлига тақвимини унга қараб мослаган ҳамда 19-тур доирасидан ўрин олган “Сурхон”га қарши учрашув ишчи режа асосида 2 ноябрь санасига режалаштирилганди. Бунда Қарши клуби халқаро майдонда финал чиптасини қўлга киритса, тақвимда қайта ўзгариш бўлиши аввалдан айтилганди.

Шундан келиб чиқиб, “Насаф” иштирокидаги 2 ноябрь кунги “Сурхон”га қарши ўйин, шунингдек, 7 ноябрь санасидаги “Қўқон-1912” клубига қарши ўйин бошқа муддатга сурилди. ЎзПФЛ таклифига кўра, агар Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец 9-16 ноябрь саналарига белгиланган ФИФА кунларига “Насаф” футболчиларини жалб қилмаса, юқоридаги икки беллашув айнан шу саналар оралиғида ўтказилади. Агар Катанец “Насаф” футболчиларини Грузияга қарши ўйинга таклиф этса, у ҳолда ЎзПФЛ режаси ўзгаради ва учрашувларнинг янги саналари алоҳида маълум қилинади.

ЎзПФЛ “Насаф” футбол клуби ва унинг мухлисларини финал йўлланмаси билан қутлайди. Ишонамизки, жамоамиз ўз тарихида иккинчи бор ОФК Кубогини қўлга киритишга эришади.

ПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!