"Навбаҳор", "Суғдиёна" ва бошқалар. Кучли олтиликдаги жамоалар трансфер ойнасида қайси позициясини кучайтириши лозим?
Хабарингиз бор, ўзбек клублари учун ёзги трансфер ойнаси очилди. Айрим жамоалар аллақачон янгиларни рўйхатдан ўтказишга улгурди. Яна кимлардир ўзи учун керакли бўлган зоналарни кучайтириш учун изланишда давом этмоқда. SPORTS.uz жорий мавсумда чемпионлик учун талашаётган 6 клубга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, қайси позицияларни кучайтириши кераклиги борасида фикр юритади.
2-қисм
"Суғдиёна"
Марказий ҳужумчи, чап қанот ярим ҳимоячиси
"Бўрилар"нинг бирорта позициясини алоҳида эътироф этишнинг имкони йўқ. Улуғбек Бақоев уларни бир-бирига шу қадар жипс қилиб боғлаганки, бугунги жамоа деярли яхлит механизмга айланиб бўлди. Шу боис, бирор позиция ҳақида алоҳида фикр билдириш ноўрин, бироқ "Суғдиёна" учун ҳам баъзи трансферлар фойдадан ҳоли бўлмайди. Мисол учун, Жасур Ҳасанов билан тенгма-тенг ўйнашга қодир чап қанот ярим ҳимоячиси ёки Шоҳруз Норхонов билан асосий таркибдаги жой учун талашишга қодир форвард. Ҳасанов битта оғир ўйин ўтказгач, кейинги баҳсни захирада бошлаяпти. Йиллар барибир ўз сўзини айтмай қолмайди. Норхонов эса ҳужумда деярли рақобат сезмаяпти.
Баҳодир Насимов ва Марат Бикмаев сўнгги 5-10 дақиқа футболчисига айланиб қолганига анча бўлган. Шунинг учун ҳам бу йигитларнинг майдонда бўлиш ёки бўлмаслиги Бақоев яратган "зич футбол"нинг эффектига тўғридан тўғри таъсир кўрсатади. Сўзимизга "Қизилқум" билан ўйин яққол мисол бўлиши мумкин. Жиззахликлар етакчиларсиз ҳаракат қилиш борасида кучли олтиликдаги энг кучсиз жамоага айланиб бормоқда. Бунга эса "Насаф"ни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бердиевнинг захира ўриндиғидаги шогирдлари исталган футболчини бемалол алмаштириши мумкин. Бунда улар ўйин темпини тушириб юбормасликни уддалай олади. Буни Бозоров, Ғайбуллаев, Эшмуродов, Станоевич, Неъматов иштирок этмаган баҳсларни томоша қилган бўлсангиз, дарров сезган бўлишингиз аниқ. Афсуски, "Суғдиёна"да бундай имконият йўқ. Агар Норхонов ёки Хасанов беллашувда иштирок этмаса, бу умуман бошқа жамоага айланиб қолади. Чемпионликка эришишни истаган жамоада доимо тенг кучли иккита таркиб бўлиши шарт. Ҳозир бу борада жиззахликлар оқсаётгани якунда панд бериб қўйиши ҳеч гап эмас.
"Навбаҳор"
Марказий ҳужумчи, чап қанот ҳимоячиси
Ассистентлар пойгасига эътибор берсангиз, "Навбаҳор" футболчилари Жамшид Болтабоев ва Даврон Ҳошимов рўйхатни бошқариб бораётганини кўриш мумкин. Аммо тўпурарлар баҳсида Зоран Марушич кўринмаяпти. Грузия чемпионатидаги фантастик мавсумдан сўнг Зоран "лочинлар" сафида "ёндириб ташлаши" тахмин қилинган эди, бироқ форвард кутилганидек фаол бўлганича йўқ. Балки бунга асосий таркибдаги ўрнига ҳеч қандай рақобатсиз эришгани сабаб бўлгандир. Умуман олганда, катта клубларда марказий ҳужумчи ўзини қўйиб юбормаслиги учун ҳам тенг кучли рақобатчига эга бўлиши одат тусига кирган. Афсуски, айни дамдаги турнир пешқадами "Навбаҳор"да барчаси аксинча. Сидоров Марушичдан 2 калла пастроқ даражада бўлгани боис, Зоран "конкуренция"ни умуман ҳис қилмаяпти. Шу омил сабаб, у кутилган даражада "оч" бўлиб тўп тепмаётгандек. "Лочинлар" ўз ҳужумчисини ишга солиш ва уни кўпроқ дам олиши учун ҳам битта соф ҳужумчи олиб келиши шарт.
Шунингдек, чап қанот ҳимоя чизиғига ҳам янги қон қуйиш лозимдек туюлмоқда. Гап шундаки, Боян Цигер ва Станислав Андреев борлигига қарамай, иккиси ҳам интенсивликни нариги қанотдаги Даврон Ҳошимов сингари таъминлаб бера олмаяпти. Цигер аслида марказий ҳимоячи бўлса, Андреев 90 дақиқа ҳужумни таъминлашга жисмонан тайёр эмас. Шу боис, баъзан чап қанот ўйиндан тушиб қолганига гувоҳ бўлдик. Самвел Бабаян Даврон Ҳошимов сингари "жангчи"ни чап қанотга олиб келса, Боян бемалол марказда ўйнаши, Андреев захирадаги "жокер қарта"га айланиши мумкин.
"Пахтакор"
Марказий ҳужумчи, марказий ҳимоячи
"Шерлар" ҳозир анча мураккаб аҳволда қолди. Славче Войнески кетгач, жамоада ички низолар кўзга ташлана бошлади. Мураббий постни топширгач, сайтимиз учун берган интервьюсида ички муҳит жуда ёмон эканлиги ҳақида очиқ гапирди. Ҳозир, бошқа муаммоларни четга суриб, таркибга назар ташлайдиган бўлсак, муаммолар ҳам йўқ эмаслигини дарров пайқаш мумкин. Войнески билан биргаликда Камен Хаджиев ҳам "Пахтакор"ни тарк этди. Болгариялик ҳимоячи кутилганидек мудофаада қалъа вазифасини ўтаб бера олмади. ОЧЛ гуруҳ босқичидаги ўйинларда унинг асл даражаси яққол кўзга ташланди. "Шерлар" эса айнан Камен Хаджиевга ишонч билдириш мақсадида Анзур Исмоилов ва Егор Кримецга жавоб бериб юборди. Оқибатда, клуб ҳозир асосий марказий ярим ҳимоячисиз қолиб кетди. Ҳозир Ларин билан биргаликда тандемда Аъзамов ёки Азмиддиновдан бири тўп тепишига тўғри келади. Аъзамов жароҳатдан сўнг, формасини тиклаб олмади. Азмиддиновда катта ўйинларда иштирок этиш тажрибаси йўқ. Умуман олганда, мудофаа маркази зудлик билан трансфер амалга оширишни талаб қилмоқда. Шунингдек, марказий ҳужумчи борасида ҳам "Пахтакор"нинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди. Миржаҳон Мираҳматов топ даражадаги форвард эмас.
Шу боис, "шерлар" ҳужуми марказида Черанни тез-тез учратяпмиз. Драган соф ҳужумчига айланса, марказда плеймейкер амплуасини эгаллайдиган бошқа футболчи йўқлиги панд бериб қўйди. Соддароқ қилиб айтсак, "Пахтакор" ўзининг асосий кучини ишга солиши учун ҳужумларни якунловчи соф ҳужумчи харид қилиши шарт. Миржаҳон Мираҳматовга ҳурмат сақланган холда, айтишимиз мумкин-ки, чемпионликка эришиш учун топ даражадаги ҳужумчи таркибда бўлиши шарт.
Фикрлар