"Навбаҳор" Жасур Яхшибоев жамоа сафига қўшилганини маълум қилди (Фото)

Ёзги трансфер “ойнаси”дан самарали тарзда фойдаланиб, ўз таркибини кучайтиришга ҳаракат қилаётган "Навбаҳор" таркибига маҳоратли ҳужумчи Жасур Яхшибоев қўшилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Яхшибоев 1997 йил, 24 июнда Тошкент вилоятининг Чиноз шаҳрида туғилган, яъни, яқинда 25 ёшга тўлди. Жасур Яхшибоев катта футболдаги фаолиятини 2016 йили “Пахтакор”да бошлаган. Пойтахтликлар таркибида 2019 йилнинг ярмигача тўп тепган футболчи ўша йилнинг 2-даврасини Олмалиқнинг АГМК жамоасида ўтказади. Шундан сўнг, ҳужумчи фаолиятини хорижда давом эттиради.

Яхшибоев 2020 йилги мавсумни Беларуснинг “Энергетик - БГУ” (Минск, 1-давра), “Шахтёр” (Солигорск) жамоаларида ўтказади. Сўнгра фаолиятини Польшанинг “Легия” (Варшава, 2021 йилнинг 1-давраси), Молдованинг “Шериф” (Тирасполь, 2021 йилнинг 2-давраси, 2022 йилнинг 1-давраси) жамоаларида давом эттирган Жасур Яхшибоев ўтган йилнинг кузида “Шериф” таркибида Европа Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичи баҳсларида Мадриддаги машҳур “Сантьяго Бернабеу” стадионида таниқли дарвозабон Тибо Куртуани доғда қолдириб, “Реал” дарвозасига гол уришга муваффақ бўлган ва ўша ўйинда тирасполликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди.

“Шериф”дан сўнг, “Легия”га йўл олган маҳоратли ҳужумчи бир неча кун олдин польшаликлар билан тузилган шартномани бекор қилиб, юртимизга қайтишга қарор қилди.

photo_2022-07-16_12-47-38

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Dilshod Zokirjonov
16/07/2022 13:13
Belarus Polsha Moldova. Endi navbat Oʻzbekiston superligasida navbahor tarkibida chempion boʻlish