"Навбаҳор" Канчельскис нега ишдан олингани бўйича расмий баёнот берди

Бундан бироз аввалроқ, "Навбаҳор" клуби россиялик мутахассис Андрей Канчельскисни расман ўз лавозимидан истеъфога чиқарилганини маълум қилди. Шундан сўнг, клуб расмий сайтига Канчельскис нега ишдан олингани бўйича баёнот жойлаштирилди.

"Сўнгги икки ҳафта давомида Наманганнинг “Навбаҳор” клуби атрофида турли мунозаралар ва баҳслар  юзага келмоқда. Улардан асосийси эса, жамоанинг россиялик собиқ бош мураббийи Андрей Антанасович Канчельскис атрофидаги баҳслардир. Бу ҳақда Россия ҳамда юртимиз оммавий ахборот воситалари (ОАВ)да турли мақолалар чоп этилди. 

Жумладан, Россиянинг “Спорт 24” сайтига интервью берган Андрей Канчельскис “Навбаҳор”дан истеъфога чиқиши сабабини клуб томонидан маошларнинг ўз вақтида тўланмаганлиги, клуб раҳбарияти билан муносабатларида муаммолар юзага келганлиги ҳамда Наманган вилоят ҳокимининг алмашганлиги билан изоҳлаган.

“Навбаҳор” ПФК эса, Андрей Канчельскиснинг истеъфога чиқарилиши сабабларини қуйидагилар билан изоҳлайди: жамоанинг натижалари салбий тус олганлиги  (яъни, “Навбаҳор”нинг унинг мураббийлигида сўнгги 9 та ўйинда ғалаба қозона олмаганлиги), клуб раҳбарияти, ҳамкасблари ва мухлислар орасида ўзининг яхши мутахассис эканлигини исботлаб бера олмаганлиги, клуб раҳбарияти томонидан билдирилган огоҳлантиришларга эътиборсизлик қилганлиги, айрим ҳолатларда спиртли ичимликлар истеъмол қилганлиги ҳамда ушбу хатти-ҳаракатлари билан ўз обрўсига путур етказганлиги.

Ваҳоланки, жамоа бош мураббийи клубнинг юзи ҳисобланади.

“Навбаҳор” эса нафақат Ўзбекистон, балки собиқ иттифоқ ва Осиёдаги обрўли, шунингдек,  Суперлига (олий лига)мизнинг мунтазам иштирокчиси бўлган 2 жамоадан бири (“Пахтакор” билан биргаликда) саналади.

Андрей Канчельскиснинг ойлик маошларни ўз вақтида берилмаганлиги борасидаги фикрига тўхталадиган бўлсак, клуб раҳбарияти томонидан россиялик мураббийга маошлари берилганида у атайин, провокация уюштириш мақсадида маошни олишдан бош тортган. Бунинг сабаби эса, энди ойдинлашмоқда. У бу ишни амалга ошириш билан “Навбаҳор” ПФКдан кўпроқ компенсация пули ундиришни режалаштирган.     

Шунингдек, Coca Cola Суперлигасининг 10-13-турлари марказлашган ҳолда, Тошкентда ўтказилганида, у спиртли ичимликлар истеъмол қилган ҳолда, 3-4 кунлаб хонасидан чиқмаган. Жамоа машғулотларини эса ёрдамчи мураббийлар ўтказган.

Шунингдек, Coca Cola Суперлига 18-туридан ўрин олган, 1 октябрь куни Бухорода ўтказилган “Бухоро” – “Навбаҳор” (0:0) учрашувидан сўнг, клуб раҳбарияти томонидан жамоанинг қониқарсиз натижаларини таҳлил қилиш мақсадида жамоа мураббийлар штабига йиғилиш ўтказилиши борасида хат берилган. Бироқ россиялик мутахассис турли баҳоналарни рўкач қилган ҳолда, мазкур йиғилишга ташриф буюрмади.

Умуман олганда, Андрей Канчельскис жамоанинг “Бухоро”га қарши кечган баҳсидан сўнг, Наманганга ташриф буюрмай, клуб раҳбарияти ҳамда мухлислар орасига совуқчилик туширишга ҳаракат қилди.

Ваҳоланки, шу йилнинг 22 сентябрь куни клуб раҳбарияти, ходимлари, “Навбаҳор” жамоаси мураббийлар штаби ва футболчилари иштирок этган, “Навбаҳор”даги ички муҳит, жамоанинг сўнгги ўйинлардаги омадсизлиги сабаблари, ижтимоий тармоқларда “Навбаҳор” тўғрисида билдирилаётган турли фикрлар, шунингдек, жамоамизнинг Coca Cola Суперлигасининг 17-туридан ўрин олган Қаршининг “Насаф” жамоасига қарши кечадиган ўйинига тайёргарлик бўйича масалалар муҳокама қилинган йиғилишда россиялик мутахассис клуб раҳбариятига “Навбаҳор”да жорий мавсум якунига қадар фаолият юритиш, жамоанинг мавсум якунидаги натижасидан келиб чиққан ҳолда, кейинги фаолиятига ойдинлик киритишга ваъда берганди.

Буни ўша йиғилишда қатнашганлар тасдиқлаши мумкин. Лекин Андрей Канчельскис ўша ваъдаси, бундан ташқари, клуб раҳбарияти, хусусан, мухлисларга берган ваъдаларини бажармай, клуб раҳбариятини огоҳлантирмаган ҳолда, “Бухоро”га қарши кечган баҳсдан сўнг, Наманганга қайтмай, Россия пойтахти Москвага жўнаб кетди.

Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, россиялик мутахассисга клуб томонидан барча шароитлар яратиб берилганди. Лекин Андрей Канчельскис шунга яраша ижобий натижа қайд эта олмади.             

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, россиялик мутахассиснинг нега истеъфога чиқарилганлигини билиш учун унинг мураббийлигидаги сўнгги  9 ўйин натижаси ҳамда турнир жадвалидаги ҳолатга назар ташлаш кифоя.

Буни футболдан хабари бор ҳар қандай мухлис яхши тушунади.

Хуллас, “Навбаҳор”нинг россиялик собиқ бош мураббийи Андрей Канчельскиснинг клуб раҳбарияти томонидан истеъфога чиқарилишининг объектив ва субъектив сабаблари шулардан иборат.

Бошқа ҳар қандай гап-сўзлар эса сафсатадан ўзга нарса эмас.

“Навбаҳор” ПФК клуб тўғрисидаги турли миш-мишларга ишонмаслик ҳамда ҳар қандай расмий маълумот клубимизнинг pfcnavbahor.uz расмий сайтида ёзилишини маълум қилади.

Сўзимиз якунида Андрей Канчельскиснинг кейинги мураббийлик фаолиятида омад ва зафарлар ёр бўлишини тилаган ҳолда, шуни таъкидламоқчимизки, инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам инсонийлик фазилатларини йўқотмаслиги, ўз ишининг устаси бўлиши ҳамда қуруқ ваъдаларни бермаслиги лозим", - деб ёзилади клуб баёнотида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Fk navbahor
01/11/2020 20:09
Vay blat qip qizil aferist ekanku bu alkash