"Навбаҳор" клуби "Қизилқум" бош мураббийи Ҳамиджон Актамовнинг фикрларига раддия билдирди

2 май куни Sports.uz сайтида Ҳамиджон Актамов билан уюштирилган қисқа интервью эълон қилиниб, унда жумладан, “Навбаҳор” билан беллашувни Наманганда ўтказиб, иккинчи даврада Навоийда ўйин ўтказилиши ҳам мумкин эдими?” дея берилган саволга “Қизилқум” бош мураббийи “Ҳа, мумкин эди. Биз бу ҳақида “Навбаҳор”га таклиф билан чиққандик. Лекин улар нимагадир жавоб бермади”, дея жавоб қайтарган.

Ваҳоланки, ушбу масалада “Навбаҳор” ПФК манзилига “Қизилқум” клуби томонидан ҳеч қандай расмий мурожаат келиб тушмаганди. Акс ҳолда, “Навбаҳор” ПФК бунга тегишли тартибда жавоб қайтарарди, дея маълум қилди "Навбаҳор" клуби матбуот хизмати.

- Таъкидлаш жоизки, “Навбаҳор” ПФК мамлакатимизда фаолият юритаётган ҳар бир футбол клуби билан ўрнатилган яқин муносабатларни юксак қадрлайди, клубларда йўлга қўйилаётган ижобий ўзгаришларни доимо қўллаб-қувватлайди. Навоийдаги стадион чими таъмирланиши, унинг талаб даражасида бўлиши нафақат “Қизилқум”, балки бошқа барча жамоалар учун ҳам айни муддао, қолаверса, бу бутун ўзбек футболи ривожи учун ҳам хизмат қилади. Зеро, ҳар бир жамоа сифатли майдонда ўйин ўтказишни маъқул кўради.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги кўплаб стадионларга жаҳон талабларига мос замонавий чим ётқизилиб, майдон кўркам ва сифатли кўриниш олаётгани қувонарли, албатта. Таъмирлаш жараёнида футбол учрашувларини бошқа майдонга кўчириш зарурати туғилиши ҳам табиий ҳол. Шундай экан, айни вазият вужудга келиб, футбол учрашувларини Наманганда ўтказишга эҳтиёж пайдо бўлса, “Навбаҳор” ПФК раҳбарияти бу борадаги ҳар қандай таклифларни ўрганиб, уларга жавоб беришга тайёрлигини билдирамиз, - дейилади клуб хабарида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Akbarali Abdunazarov
03/05/2021 17:33
Хатни интернетдан ташлаган, олдингми йукми хеч ким сурамаган булса керак, электрон почтани хеч ким очмаган ассалом!еки умуман жунатилмаган!
Akbarali Abdunazarov
03/05/2021 17:32
Хатни интернетдан ташлаган, олдингми йукми хеч ким сурамаган булса керак, электрон почтани хеч ким очмаган ассалом!