"Навбаҳор" навбатдаги ўйинда дуранг қайд этди

Айни пайтда Туркияда ўқув-машғулот йиғинини олиб бораётган "Навбаҳор" бугун Россия Премьер-лигаси вакили “Оренбург” (Оренбург)га қарши  навбатдаги назорат баҳсини ўтказди.

Мазкур ўйинда “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Бабаян майдонга қуйидаги футболчиларни майдонга туширди: Александр Лобанов, Азимжон Аҳмедов, Иброҳим Йўлдошев, Сияваш Ҳақназари, Русланбек Жиянов, Филип Иванович, Аброрбек Исмоилов, Йован Жокич, Тома Табатадзе, Асадбек Собиржонов, Алижон Алижонов.

Захирадан майдонга тушганлар: Муҳаммадазиз Ибрагимов, Наврўзбек Иминжонов, Давронбек Олимжонов.

Ушбу беллашувда жанговар дуранг – 2:2 ҳисоби қайд этилди. 

Таъкидлаш жоизки, “лочинлар” танаффусга 42-дақиқада Иброҳим Йўлдошевнинг 25 метрлар чамаси узоқликдан йўллаган аниқ зарбаси эвазига 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан чиқиб кетишганди.

Учрашувнинг 62-дақиқасида эса оренбургликлар ўз жарима майдончаси ичида Русланбек Жияновга нисбатан ўйин қоидасини бузишди. Белгиланган пенальтини наманганликларнинг грузиялик ҳужумчиси Тома Табатадзе аниқ амалга оширган ҳолда, ҳисобни 2:0 га етказди.

Бироқ беллашувнинг сўнгги дақиқаси ва ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалари давом этаётган вақтда “Оренбург” футболчилари - Кирилл Капленко ҳамда Данила Прохинларнинг голлари эвазига якуний ҳисоб 2:2 кўриниш олди.

“Навбаҳор” Туркия йиғини доирасидаги навбатдаги назорат учрашувини 27 январь куни Болгариянинг “Спартак” (Варна) жамоасига қарши ўтказади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!