"Навбаҳор" ОЧЛда яхши натижа кўрсата олади, мавсум тугаши билан "Нефтчи" алоқага чиқди" - Нурилло Тўхтасинов нима сабабдан жамоасини ўзгартирганини биласизми?

  • 5 декабрь, 2022, 19:36
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Иқтидорли ярим ҳимоячи Нурилло Тўхтасинов бу йилги чемпионат ниҳоясига етганидан сўнг клубини ўзгартирганидан хабарингиз бўлса керак.

Tecno

Андижонлик футболчи “Навбаҳор” сафида тўлиқ мавсумни ўтказди. Лекин у ерда ўзи истаган даражада ўйин амалиётига эга бўлгани йўқ.

Келаси йилги мавсумни эса Тўхтасинов Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасида ўтказади. Sports.uz журналисти футболчига бир қанча саволлар билан мурожаат қилди.

- Нурилло, чемпионат тугаши биланоқ “Навбаҳор” билан хайрлашиб, “Нефтчи” клуби аъзосига айландингиз. Расман шартнома тузганингиз эълон қилинди. Нега ҳаммаси бунчалик тез содир бўлди?

- Авваламбор, барчага ассалому алайкум! Мавсум тугаши биланоқ “Нефтчи” клубидагилар мен билан алоқага чиқишди. Яхши таклифни ўртага ташладилар. Бу эса менга маъқул келди.

- Бир йил мобайнида “Навбаҳор”да ўйнадингиз. Аммо, адашмасам, иккинчи даврада захирада қолиб кетдингиз. Ўзи, нима бўлди?

- Бу йил “Навбаҳор” жамоасида жуда яхши ўйинчилар йиғилди. Шунга мос равишда у ерда ажойиб жамоа шаклланганди. Иккинчи даврада мени нима сабабдан ўйинларга қўймаганини билмадим. Рости, ўйнамаганимнинг сабаби нимада эканини ўзим ҳам билмайман.

нурилло3

- “Навбаҳор”га ўтишдан олдин сизда легионер сифатида четда тўп суриш имкони ҳам бўлганди. Бу имкониятдан фойдаланмаганингиз сиз учун яхшиликка бўлдими ёки...

- Албатта, менга “Навбаҳор”дан илгари хориждан таклифлар бўлгани рост. Лекин наманганликлар сафига ўтганимдан афсусланмайман. Худо хоҳласа, ҳаммаси олдинда, барчаси яхшиликка бўлади.

- “Нефтчи” ва “Навбаҳор” доим принципиал рақиблар. Сиз энди Фарғонада ўйнайсиз. “Навбаҳор”дан нимаси билан фарқ қилади, деб ўйлайсиз?

- “Навбаҳор”нинг ҳам, “Нефтчи”нинг ҳам ўз ўйин услублари бор. Иккала жамоа ҳужумкор ўйин кўрсатади.

нурилло2

- Собиқ клубингизга айланган “Навбаҳор” Осиё Чемпионлар лигасида қатнашади. Жамоанинг имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Шуни аниқ айтаманки, “Навбаҳор” клуби Осиё Чемпионлар лигасида яхши натижа кўрсата олади. Худо хоҳласа, жамоанинг бунга имконияти етарли.

- “Навбаҳор”да футболчи сифатида ўсдим деб ўйлайсизми ёки аксинчами?

- “Навбаҳор”да футболчи сифатида ўсмадим, деб ўйлайман. Чунки иккинчи даврада майдонга кам тушдим. Худо хоҳласа, “Нефтчи” жамоасида яхши ўйинлар кўрсатаман, деб умид қиламан.

нурилло

- “Нефтчи”да ўзингиз учун қайси рақамни танладингиз?

- Ҳали рақам танламадим.

- “Нефтчи”нинг янги мавсумдаги мақсади жиддийми ва бош мураббий Виталий Левченко билан илк суҳбат қандай ўтди?

- “Нефтчи”нинг янги мавсумдаги мақсади катта. Худо хоҳласа, медаллар учун ҳаракат қиламиз. Мураббий билан режалар ва янги мақсадлар ҳақида гаплашдик.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!