"Навбаҳор" ўйинчиси "Бунёдкор"га қарши ўйин, футболга кириб келиши ва мухлислар ҳақида гапирди
“Навбаҳор” жамоаси сафида тўп сураётган наманганлик футболчи Сардор Теляков “лочинлар”ни “Бунёдкор” устидан ғалаба қозонишида муҳим аҳамиятга эга бўлган гол муаллифига айланди.
Айнан Сардор ҳисобни тенглаштиргач, “Навбаҳор” футболчилари руҳланиб, жамоага ғалаба келтирган иккинчи голни ҳам уришди. Муборакда ўтказиладиган навбатдаги тур учрашувидан олдин Сардор Теляков билан қисқача суҳбат уюштирдик. Қуйида футболчининг фикрлари билан танишасиз.
“Бунёдкор” билан ўйин борасида
- Тўғрисини айтганда, ўзим “Бунёдкор” академияси тарбияланувчиси бўлганим учун ҳар доим “қалдирғочлар”га қарши ўйнаш жуда қийин бўлади. Сўнгги учрашувда гол ўтказиб юборганимиздан кейин руҳан тушкунликка тушмадик. Мухлисларимиз ишончини оқлаш мақсадида бор куч ва маҳоратимизни ишга солдик. Натижада рақиб дарвозасини икки бор нишонга олиб, ишқибозларимизга Наманганда узоқ кутилган ғалабани тақдим этдик. Шу ўринда уч очкони қўлга киритишимизда мураббийларимизнинг кўрсатмалари ва топшириқлари ҳам катта аҳамиятга эга бўлганлигини айтиб ўтишим жоиз.
Отаси ҳақида
- Футболчи сифатида шу даражага етишимда отамнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Айнан уларнинг маслаҳатлари ва ўгитлари самараси ўлароқ, бугунги кунда “Навбаҳор”дек клуб шарафини ҳимоя қилмоқдаман. Отам ўзлари “Навбаҳор”да тўп сурганликлари учун мени ҳам жамоа футболчиси бўлишимни истардилар. Ҳар доим уларнинг ишончларини оқлаш учун тинмай меҳнат қилишга тайёрман. Отамнинг ҳар бир ўйин олдидан ва учрашувдан кейин берадиган маслаҳатлари мен учун жуда қадрли. Доимо ҳаракатларимга танқидий кўз билан қараб, хато ва камчиликларимни кўрсатиб турадилар. Маҳоратли футболчи сифатида шаклланишимни ва ўсишимни истаётганликлари сабабли шундай йўл тутадилар.
Футболга кириб келиши ҳақида
- Футболчи оиласида дунёга келганман. Отам Акмал Теляковни кўпчилик футбол мухлислари яхши танишади. Дадам кўп йиллар давомида “Навбаҳор” жамоасида ўйнаганлар. От изини той босар, деганларидек, футболчи бўлишимда отамнинг ҳиссалари катта.
4-5 ёшимда отам футбол мактабида мураббий сифатида ишлаб юрган кезларида ўзимдан катта ёшли болалар билан машғулотларга қўшардилар. Айнан шу жараён ҳам футболчи бўлишимда муҳим ўринга эга.
Ёқтирган футболчилари
- Ёшлигимда Бразилия терма жамоасига мухлислик қилардим. Шу сабабли жаҳоннинг маҳоратли футболчиларидан бири Роналдонинг ўйинларига ҳавас қилиб, унга ўхшагим келарди. Гарчи отамни ўйинларини кўрмаган бўлсам-да, уларга ўхшаган футболчи бўлиш орзум бўлган. Ўзимизнинг футболчилардан эса Миржалол Қосимов, Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров каби футболчиларнинг ўйинини мириқиб томоша қилардим.
Мухлислар ҳақида
- Наманганлик ишқибозларнинг донғи нафақат мамлакатимиз, балки бошқа давлатларга ҳам кетган. Айнан уларнинг жамоани қўллаб-қувватлаши ҳар қандай футболчига қўшимча куч беради. Жамоамизнинг кўплаб ютуқларида мухлисларимизнинг ҳиссаси борлигини барча яхши билса керак. Бир сўз билан айтганда, биз – футболчилар мухлисларимиз билан фахрланамиз.
Маълумот учун:
Сардор Теляков - 1994 йил, 14 январда Наманган шаҳрида туғилган.
Биринчи мураббийлари: Александр Лян, Аъзам Ражаббаев.
Футболчилик фаолияти давомида “Навбаҳор” ёшлар жамоаси, “Косонсой“ (Косонсой) ва “Истиқлол” (Фарғона) жамоаларида тўп сурган. 2020 йилдан бери “Навбаҳор” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
"Навбаҳор" матбуот хизмати.
Фикрлар