"Навбаҳор" қай тарзда мағлубиятга учради?
Туркиянинг Анталья шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини давом эттираётган “Навбаҳор” кеча мазкур йиғин доирасида Россия Премьер-лигаси вакили “Химки” (Химки) клубига қарши назорат-синов ўйинини ўтказди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Икки жамоа мураббийлари келишувига кўра, мазкур баҳс ёпиқ тарзда ўтказилди ва унда вакилларимиз 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришди.
Ўйин борасида тўхталадиган бўлсак, россияликлар 30-дақиқада урилган гол ҳисобига танаффусга 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан чиқиб кетишди.
Иккинчи таймда ҳужумкорликни кучайтирган Самвел Бабаян шогирдлари 60-дақиқада навбатдаги урунишдан сўнг, жамоа сардори Азимжон Аҳмедовнинг голи эвазига ҳисобни тенглаштиришди - 1:1. Бироқ дуранг натижани сақлаб қолиш "лочинлар"га насиб этмади. Боиси, 70-дақиқада химкиликлар яна битта тўп киритиб, якунда 2:1 ҳисобида зафар қучишди.
“Навбаҳор” мазкур йиғин доирасидаги сўнгги назорат учрашувини 19 февраль куни Россиянинг “Арсенал” (Тула) клубига қарши ўтказишни режалаштиришган.
Фикрлар