"Навбаҳор" "Турон"га қарши ўртоқлик учрашувида жанговар дуранг қайд этди

Хабарингиз бор, ФИФА кунлари муносабати билан айни кунларда Coca Cola Суперлигада бироз танаффус юзага келган. Мазкур танаффусдан унумли фойдаланиш, футболчилар ўйин амалиётларини йўқотмасликлари учун “Навбаҳор” жамоаси бугун ўз майдонида Яйпаннинг “Турон” жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди.

Мазкур учрашувда жанговар дуранг – 2:2 ҳисоби қайд этилди.

Ўйин борасида тўхталадиган бўлсак, учрашувнинг 1-бўлимида “Навбаҳор” устози Виктор Жалилов майдонга асосан тажрибали ва етакчи футболчиларни туширганлиги боис, ташаббус кўпроқ “лочинлар” тарафида бўлди.

Майдон эгаларининг навбатдаги ҳужумларидан бирида яйпанликлар ўз майдончалари тарафида ўйин қоидасини бузишди. Натижада учрашув бош ҳаками Музаффар Маматханов меҳмонлар дарвозаси томон жарима зарбаси белгилади. Дарвозадан 30 метрлар чамаси узоқликдан белгиланган  жарима зарбасини эса “Навбаҳор” сардори Азимжон Аҳмедов ажойиб тарзда амалга ошириб, ўзининг “пушка” зарбаси билан тўпни дарвозага “михлаб” қўйди ҳамда танаффусга 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан чиқиб кетишини таъминлади. 

Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоа таркибида бир қатор ўзгаришлар юз бериб, “лочинлар” устози Виктор Жалилов майдонга ёш футболчиларни тушириб, синаб кўрди.

Иккинчи 45 дақиқаликда мувозанатни тиклашга интилган Баҳром Ҳакимов шогирдлари ҳужумкорликни кучайтиришди. Яйпанликларнинг навбатдаги ҳужумларидан бирида “Навбаҳор” аъзолари ўз жарима майдончалари яқинида ўйин қоидасини бузишди. Натижада бу сафар мезбонлар дарвозасига жарима зарбаси белгиланди. Дарвозадан 20 метрлар чамаси узоқликдан белгиланган жарима зарбасини Наманган футболи тарбияланувчиси, “Турон”нинг маҳоратли ҳужумчиси Билол Тошмирзаев амалга ошириб, тўпни кучли зарб билан дарвозага аниқ йўналтирган ҳолда, ҳисобни тенглаштирди – 1:1.

Шундан сўнг, ўйин тенг курашлар остида кечди. Мезбноларнинг ёш футболчилари майдонда ўз маҳоратларини намойиш этишга ҳаракат қилишди. Лекин ҳужумларни якунига етказиш борасида уларга бироз тажриба етишмади.

наманган2

Яйпанликларнинг навбатдаги ҳужумларидан бирида эса жанубий кореялик  ҳужумчи Ким Бойонг жамоасининг навбатдаги ҳужумини самарали тарзда якунлаб, “Турон”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди – 1:2.

Ўтказиб юборилган тўпдан сўнг, ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилган Виктор Жалилов шогирдлари ҳужумкорликни кучайтиришди.

Мезбонларнинг навбатдаги ҳужумларидан бирида меҳмонлар ўз жарима майдончалари ичида Сардор Теляковга нисбатан ўйин қоидасини бузишди. Натижада бош ҳаками Музаффар Маматханов “Турон” дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Пенальтини жабрланувчининг ўзи аниқ амалга ошириб, якуний ҳисобнинг 2:2 кўриниш олишини таъминлади. 

“Навбаҳор” – “Турон” – 2:2 (1:0)

Наманган. “Марказий” ўйингоҳ.

Бош ҳакам: Музаффар Маматханов.

“Навбаҳор”: Раҳимжон Давронов, Боян Цигер,   Хушнудбек Авилов, Азимжон Аҳмедов, Сардор Теляков, Мирзоҳид Ғофуров, Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев, Илҳомжон Алижонов, Аббос Ғуломов, Боян Найденов, Забиҳилло Ўринбоев.

Захирадан майдонга тушганлар:  Исломжон Абдуллахонов, Комилжон Тожиддинов, Мирзоҳид Мирзамаҳмудов, Жавоҳир Ҳусанов, Ҳожиакбар Юнусов, Тоҳир Рафаэлов, Ҳусайн Эргашбоев, Азиз Кошибханов.

“Турон”: Низомиддин Зиёвуддинов, Аслиддин Тоштемиров, Сардор Абдураимов, Суннатилла Абдуллажонов, Ҳумоюн Муртазоев, Музаффар Музаффаров, Фозил Мусаев, Владислав Касминин, Ким Бойонг, Деян Поньевич, Билол Тошмирзаев.

Захирадан майдонга тушганлар:  Акмал Ортиқов, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Даврон Умиров, Ғиёсжон Комилов, Ихтиёр Тошпўлатов, Отабек Зокиров, Жаҳонгир Меҳмонов, Рустам Азимов. 

Голлар: Азимжон Аҳмедов, 29 – 1:0. Билол Тошмирмазев, 51 – 1:1. Ким Бойонг, 80 – 1:2. Сардор Теляков, 86-пен. – 2:2.

“Навбаҳор” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!