“Навбаҳор” япон клуби билан ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга биринчи расмий ташрифи арафасида Токиода бўлиб ўтган Ўзбекистон-Япония Бизнес Форуми доирасида ўтказилган музокаралар натижасида Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Япониянинг Яманаши префектураси таниқли футбол клуби – “Ванфоре Кофу” ўртасида ҳамкорлик алоқаси ўрнатилиб, англашув меморандуми имзоланди.
Меморандумни вилоят ҳокимининг ўринбосари Окибжон Инамов ва “Ванфоре Кофу” президенти Казуюки Умино имзоладилар.
Келишувга кўра, Япония J2 League футбол дивизиони етакчи жамоаларидан бири бўлган ҳамда бой ўтмиши билан ажратиб турувчи “Ванфоре Кофу” ҳамда Наманган футболи ўртасида доимий ҳамкорлик ўрнатилади. Япон клуби яқин даврда Наманганда ўз футбол мактабини очади, ушбу мактабнинг энг яхши тарбияланувчилари “Ванфоре Кофу” таркибига қўшилиш имконига эга бўлишади. Шунингдек наманганлик мураббийлар учун япон мутахассислари иштирокида ўқув семинарлари, мастер-класслар ташкил этади. “Ванфоре Кофу” ҳамда “Навбаҳор” жамоалари асосий таркибларининг ўртоқлик учрашувлари ҳам доимийлик касб этади.
Умино, имзолаш маросимидан сўнг Ўзбекистондаги телеканалларига берган интервьюсида ушбу келишувнинг япон футбол клуби нуқтаи назаридан тарихий воқелик бўлганини қайд этди.
Suzuki, Citizen, NNS, Pioneer, Daihatsu каби Япониянинг ўнлаб таниқли йирик компаниялари ҳомийлигида фаолият олиб бораётган “Ванфоре Кофу” билан эришилган бу келишув, ўз-ўзидан ҳомий компанияларнинг Наманган вилоятига бўлган қизиқишини шакллантиришга ҳамда келгусида инвестициялар соҳасида ҳамкорлик учун замин яратади.
Манба: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Фикрлар