"Навбаҳор"га Остон Ўруновнинг қайтиши шубҳасиз жамоа ўйинини кучайтиради" - Самвел Бабаян Анталия аэропортида SPORTS.UZ учун интервью берди
Чемпионатимизда етакчи мақомини ўзига қайтариш йўлида астойдил курашаётган “Навбаҳор” жорий мавсумга ҳам ўзгача иштиёқ билан тайёрланяпти. Ўтган йили илк бор 2-ўрин қўлга киритилиб, узоқ кутилган ОЧЛ эшиги очилиши ҳам наманганлик мухлислар учун шодиёнага айланди. Бу йил эса улар янада максимал натижаларни кутишяпти.
Самвел Бабаян жамоаси бундай талаб ва истакни яхши ҳис қилиб туришибди. Балки шунинг учун бўлса керак, улар январь ойининг бошларида Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғин бошлашди ва 17 февралда қайтишди. Салкам бир ярим ой давомида хорижда тайёргарлик кўрган “Навбаҳор” куни кеча Тошкентга қайтди.
Анталиядан бира тўла тўртта клуб – “Навбаҳор”, АГМК, “Андижон” ва “Қизилқум” жамоалари бирга қайтишди. Анталия аэропортида Sports.uz журналисти бир қатор кўзга кўринган футбол кишилари билан мулоқот қилишга улгуриб қолди.
Ниҳоят, ўша ерда Бабаянни "қўлга туширдик". “Навбаҳор” бош мураббийи вақт бироз тиғиз бўлишига қарамасдан саволларимизга жавоб қайтарди.
- “Навбаҳор” адашмасам, 6 январдан Анталиядаги йиғинга киришганди. 43 кун мобайнида Туркияда мавсумга тайёргарлик кўрдинглар. Хўш, барчаси сиз учун қониқарли ўтдими?
- Йиғиндан кўнглимиз тўлди. Ишлаш учун шарт-шароитлар етарли даражада бўлганини айтишим керак. Бир қанча яхши рақибларга қарши тўп сурдик. Таркибни шакллантириш йўлида ишладик. Чунки таркибга кўплаб футболчилар жалб қилинган. Асосий таркибдан жой олиш учун энди яхши рақобат пайдо бўлганини айтишим жоиз. Бир сўз билан айтганда, йиғин чоғида амалга оширган ишларимиздан тўла қониқиш ҳосил қилдик.
- Ҳа, таркибда бир мунча ўзгаришлар бўлди. Трансфер ойнаси ёпилди. “Навбаҳор” ҳам бу борада фаол бўлди. Шу хусусида ўзингиз тўлиқ маълумот бериб ўтсангиз.
- Жамоага анча тажрибали футболчилар келишди. Барча чизиқлар учун бизга рақобат керак эди. Ўйлайманки, мана шундай ҳолатга эришдик. Асосий эътибор ҳимоя чизиғини кучайтириш учун футболчиларни таклиф қилиш керак эди. Биласиз, етакчиларимиздан Рустам Ашурматов клубни тарк этди. Ундан ташқари яна бир муҳим ўйинчилардан бири Боян Цигер ҳам кетган. Бизга уларнинг ўрнини тўла эгаллай оладиган ижрочилар жуда зарур эди. Ўйлайманки, биз клубдан кетган йигитлар ўрнини муносиб равишда тўлдира оладиган ижрочиларни таркибга жалб қила олдик. Кимдир шароит тақозоси туфайли кетди, яна кимдир шартномасидаги қулай таклифларни яхшилаш мақсадида бошқа клублардан жой олишни маъқул кўрди. Нима бўлган тақдирда ҳам биз трансфер бозорида анча фаол иштирок этдик.
- Эшитишимча, Владимир Козак, Дониёр Абдуманнопов каби ўйинчиларга лимитдан ортиб қолгани сабабли таркибдан жой етмай қолибди-а?
- Бу легионер лимити билан боғлиқ масала эмас. Бу ерда бошқа масалалар турибди. Ҳамма қарорлар долзарб эди ва шундан келиб чиққан ҳолда қабул қилдик. Бизда барча қарорлар йигитлар билан келишилган ҳолда қабул қилинади. Жамоамизда меъёрида яхши ижрочилар тўпланиб улгурди, деб ҳисоблайман.
- Остон Ўруновнинг қайтиши чемпионатимиз жозибасини кўтариши кутилмоқда. Сизнингча, бу футболчининг Россиядаги фаолияти нима учун кўнгилдагидек чиқмади? Ўруновни “Навбаҳор”га кўндириш сиз учун мураккаб кечмадими?
- Остон Ўрунов билан боғлиқ масала ижобий ҳал этилганидан хурсандман. У Россияда ўйнаб юрган кезларида юқори маҳоратга эга эканлигини исботлай олди. “Спартак” сафига жалб этилиши хазилакам иш эмасди. Бугунги “Навбаҳор”га шундай ижрочининг келиши шак-шубҳасиз жамоа ўйинини кучайтира олиши тайин. Илгари у ҳали тўлиқ тажриба тўпламаган ёш ижрочи бўлган бўлса, энди у клубга анча шаклланган ижрочи сифатида қайтди. Бундан ташқари, Ўрунов миллий терма жамоанинг етакчиларидан бири ҳисобланади. Мен уни ўзбек футболидаги энг иқтидорли ўйинчилардан бири деб биламан. Табиийки, мен ундан мақомига яраша ўйинни кутиб қоламан.
- “Навбаҳор” “Мавсум-2022”нинг кумуш медали эгаси сифатида Осиё Чемпионлар лигасида қатнашади. Бу йил ҳам сизнинг бошчилигингиздаги клубнинг ниятлари жуда жиддий. ОЧЛдаги ва чемпионатдаги реал мақсадлар ҳақида гапирсангиз.
- Ўз-ўзидан клуб олдига қўйилган вазифа аввалгидек бўлиб қолаверади. Яъни, “Навбаҳор” янги мавсумда яхши натижа кўрсатиш учун ўйнайди. Осиё Чемпионлар лигасига келсак, унда минимум вазифа гуруҳдан кейинги босқичга чиқишдан иборат. Умуман айтганда, “Навбаҳор” ўзи иштирок этадиган барча фронтларда максимал натижа кўрсатиш учун ўйнайди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар