"Навбаҳор"нинг чемпион бўлишига ишонаман" - македониялик легионер Бабаян билан муносабати, клубдан нега кетиб қолгани ва юртимиздаги ҳаёти ҳақида

“Навбаҳор” шарафини ўтган йили ҳимоя қилган легионер – македониялик Боян Найденов ёдингиздами? Наманганликлар сафига иккинчи давра арафасида қўшилган бўлиб, 13 та учрашув майдонга тушиб 2 та гол урганди.

Ҳолбуки у ҳимоячи эди. Ўзидан яхши таассурот қолдирди. Бироқ чемпионат тугагач, Найденов жамоани тарк этди. “Навбаҳор”дан кейин Черногорияда “Искра” клуби учун тўп сура бошлади ва у ерда 6 та ўйинда қатнашди.

Аммо у ердан кетди. Куни кеча Sports.uz мухбири македониялик легионер билан суҳбатлашди.

- Боян, сизни “Навбаҳор” клубидаги фаолиятингиз орқали яхши эслаб қолганмиз. Айтинг-чи, собиқ жамоангиздан қандай хотиралар қолган?

- Менда “Навбаҳор” билан жуда яхши хотиралар ва ажойиб ҳаётий тажрибалар қолган. Клуб билан боғлиқ яхши хотираларни эслайман. Аввало, жамоа, мухлислар, у ердаги барча ишчилар – ҳаммаси яхши инсонлар эди. “Навбаҳор”да худдики, бир неча йиллар давомида жамоанинг бир бўлаги эканимни ҳис қилиб фаолият олиб боргандек бўлганман. Шунинг учун ҳам улардан жуда миннатдорман.

боян1

- Наманганда кўпроқ қолишингизни кутгандик. Нега ярим мавсумдан кейин кетиб қолгансиз?

- Ўзбекистонга келганимда маза қилганман, мен учун яхши даврлар бўлган. Балки кейинчалик менга менталитет тарафдан нимадир етишмагандир. Тўғриси, Намангандаги ҳаёт Македониядаги ҳаётдан бутунлай фарқ қилади. Лекин якунда барибир ушбу ҳаёт тарзига ўрганиб кетгандим. “Навбаҳор”даги фаолиятим якунида ҳам бахтли эдим. Яхшироқ ўйин намойиш эта бошлагандим. Аслида, бироз дам олиш мақсадида кетгандим, таътил пайти эди. Барибир кейинчалик нима қилмоқчилигимни, қандай қадам ташлашим лозимлигини аниқлаштириб олишим керак эди. Балки ўша вазиятда хато қилгандирман. Чунки қолишим ҳам мумкин эди. Балки қолганимда яхшироқ бўлармиди?!

боян2

- Боян, собиқ клубингизни ҳали ҳам кузатиб келяпсизми? Биринчи даврадан кейин “Навбаҳор” 1-ўринда...

- Ҳа, албатта. Мен ҳалигача уларни кузатиб бораман. Деярли “Навбаҳор”нинг ҳар бир учрашувини қолдирмасдан кўриб бораман.

- Самвел Бабаян билан муносабатингиз қандай эди?

- Бабаян ва менинг ўртамда ниҳоятда яхши алоқалар мавжуд. Биз яхши дўстмиз, дея оламан. У ҳақида гапирганда биринчи навбатда профессионаллиги ҳақида айтган бўлардим. Ўз ишини жуда ҳам яхши билади. Сиздан доим керакли бўлган нарсаларни сўрайди ва ушбу сўровларини тўлиқ бажаришга ҳаракат қилишингиз керак. Ўйлайманки, мен унинг ишончини имкон қадар оқлай олдим.

боян7

- “Навбаҳор”дан кейинги фаолиятингиз қандай кечяпти?

- Ўзбекистондан кейин Черногорияга бордим. Лекин у ерда бир нечта ўйинлар ўтказганимдан сўнг, жароҳат олдим ва мавсумнинг қолган қисмини лазаретда ўтказдим, умуман майдонга туша олмадим. Клуб қолишимни истади, аммо, тўғриси, яна бошқа чақирувларга, саргузаштларга ўч эдим. Балки яна Осиёга қайтгим келгандир, шу боис у ердан кетдим.

боян4

- “Навбаҳор”нинг бу йил чемпион бўлишига ишонасизми ёки бу жуда мураккабми?

- Албатта, бу йил “Навбаҳор” чемпион бўлиши мумкин ва мен бунга қаттиқ ишонаман.

- Умуман айтганда, ўзбек чемпионатининг савияси ҳақида нималарни айта оласиз?

- Ҳа, менга Ўзбекистон чемпионати ёқади. Ўзига яраша кучли ва қаттиқ футбол ўйнашади. Жуда ҳам кўп югуриш талаб этилади. Шунга яраша Ўзбекистон футболчилари жиддий ва сифатли. Уларга жиддий ёндашиш керак.

боян5

- Яна юртимиздан таклиф бўлса, бунга қандай қарайсиз?

- Агар таклиф тушадиган бўлса, қайтишдан фақат хурсанд бўламан. Менга Ўзбекистон ёқади. У ердаги инсонлар ҳам менда жуда яхши таассурот қолдирган. Айниқса, Тошкент ниҳоятда чиройли шаҳар. Табиат жиҳатидан ҳам ажойиб ва футбол ҳам у ерда яхши ривожланяпти. Айнан шу нарсалар мени кўп соғинадиганларим ва мен буларга ўрганиб ҳам қолгандим.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!