"Навбаҳор"нинг тожикистонлик легионери кейинги тақдири ҳақида нима дейди?
Ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида «Навбаҳор» сафига қўшилган тожикистонлик ҳимоячи Амир Жўрабоев 13 та учрашувда иштирок этди. Ҳозирда унинг ҳам кейинги тақдири қандай кечиши мухлисларни қизиқтиряпти. Шу мақсадда футболчи билан боғландик. Ўзбекистон чемпионатида илк бор тўп сургани сабабли Жўрабоев аввалига дебют мавсуми ҳақида фикр билдирди.
- Чемпионат ҳақида фақат ижобий фикр билдиришим мумкин холос. Бу ерда бир қанча рақобатбардош клублар бор. Ҳар бир жамоа таркибида эса албатта бир нечта моҳир ижрочилар топилади. Шу боис чемпионат давомида ҳар қандай рақибга қарши тўп суриш осон бўлгани йўқ. Умуман айтганда, Суперлига менга ҳар томонлама ёқди. Ўзимизга келсак, биз ҳатто ўз уйимизда кўплаб қимматли очколарни йўқотдик. Сафардаги беллашувларда ҳам ютишимиз керак бўлган жойда очколарни бой бердик. Бунинг учун фақат ўзимиз айбдормиз холос. Янги мавсумда бу каби хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз.
Жўрабоевнинг хизматига бошқа клублар ҳам қизиқиш билдиряптими? Унинг яна «Навбаҳор» билан шартномаси борми? Умуман олганда, Амирбек кейинги тақдири борасида қуйидагича муносабат билдирди:
- Шартномага келсак, менда яна бир йиллик келишув бор. Наманганда ўзимни ҳар томонлама қулай ҳис қиляпман. Бу ерда ҳамма нарса менга ёқяпти. Асосийси, жамоадагилар мени илиқ қарши олдилар. Бунинг учун улардан жуда миннатдорман. Ўз навбатида амалдаги шартномам охирига етгунга қадар «Навбаҳор»га имкони борича ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Ахир ўзимга билдирилган ишончни оқлашим керак. Янги бошланадиган мавсумда янада яхшироқ тўп суришга ҳаракат қиламан. Яна шуни айтишим керакки, ҳозирча бошқа бирор-бир жамоа билан музокара олиб бормадим ва бунга эхтиёж сезганим ҳам йўқ. Чунки «Навбаҳор» билан тузган шартномамни охиригача етказишни истайман. Ўйлайманки, битимни охиригача етказа оламан.
Шунингдек, наманганликлар кўплаб легионерларни таклиф қилишмоқда. Демак, хорижлик ўйинчилар ўртасидаги рақобат ҳам янада кучайиши турган гап. Тожикистонлик футболчи эса «Навбаҳор»га келиши кутилаётган хорижлик ўйинчилар борасида шундай деди:
- Легионерлар билан боғлиқ гап-сўзлардан менинг ҳам хабарим бор, албатта. Чунки бу биринчи навбатда раҳбарият ва мураббийлар штаби вакилларининг қарори. Клубга асқотадиган легионерлар жалб этилса, бундан фақат хурсанд бўламан холос.
Фикрлар