Навбатдаги йўқотиш ёхуд "Турон" футболчиси учун мавсум нега барвақт тугади?

Айни пайтда турнир жадвалида сўнгги ўринда бораётган “Турон” клуби қийин вазиятга тушиб қолганини ҳамма кўриб турибди. Жамоа омадсиз ўйинларни ўтказиш билан бир қаторда таркибда йўқотишларга ҳам дуч келяпти.

Гап шундаки, “Турон” клубининг асосий ҳимоячиларидан бири ҳисобланган Жаҳонгир Меҳмонов анча пайтдан бери жамоа ўйинида кўриниш бермаяпти. Бу албатта “Турон” учун йўқотиш эди. Чунки Меҳмонов жамоанинг мудофаа чизиғида ўз ўрнига эга эди. Балки “Турон”нинг кетма-кет очколарни йўқотаётгани ва ҳимояда муаммолар кўзга ташланаётгани Меҳмоновнинг йўқлиги билан боғлиқдир.

Ёдингизда бўлса, Жаҳонгир Меҳмонов ўтган йили Термизнинг “Сурхон” клубида тўп сурди. Бу йил эса “Турон”га кўчиб ўтди. У ўз меҳнати билан асосий таркибдан ўрин олди ва бир қанча учрашуларда жамоа сардори сифатида ҳам тўп сургани ёдимизда қолди. Фақат юқорида таъкидлаганимиздек, ушбу футболчи охирги турларда жамоасига ёрдам бера олаётгани йўқ. Меҳмонов бунинг сабабини Sports.uzга қуйидагича изоҳлади:

мехмонов

- Жамоада кўринмай қолганимнинг сабаби, бурнимда жароҳат бор эди. Охирги иккита учрашувда қийналиб ўйнагандим. Яъни, “Насаф” ҳамда ундан олдинги турни назарда тутяпман. Кейин қарасам, барибир бўлмаяпти, оғриқ безовта қилаётганди. Бу ҳолат ўйинимга ҳам таъсир қиляпти. Текширтирсам операция қилдириш кераклигини айтдилар. Бусиз иложи йўқ экан. Оқибатда бурнимни операция қилдиришга мажбур бўлдим.

Жароҳат турлича бўлади, кимдир оёғидан, кимдир бошқа жойидан. “Турон” ҳимоячиси эса ўзи айтганидек, бурнини операция қилдирди. Соғлик доим биринчи ўринда. Агар соғ бўлмасангиз сизга ҳеч нима татимайди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Жаҳонгир ҳам аввало соғлиги ҳақида ўйлаши табиий эди. Қизиқ, у қачон майдонга қайтади ёки мавсум унинг учун тугадими?

мехмонов2

- Ҳозир анча яхши. Якка тартибда машғулотлар ўтказяпман. Албатта, формамни қанча тезроқ тиклаб олсам балки майдонга тушарман. Аммо, менимча, мавсум охирига қадар майдонга қайтишим қийин. Нега деганда, бир ойга яқин вақт йўқотдим. Шунинг ҳисобига барибир қийинчилик бўлади. Назаримда, бу йилги мавсум мен учун якунланди деса ҳам бўлади, - дейди Меҳмонов.

Илк бор”Турон” учун ўйнашни бошлаган ҳимоячига мавсум тугаганини ҳисобга олсак, якунига етиб бораётган чемпионат қандай ўтаётганини тасаввур қилишимиз қийин эмас-а? Негаки, жамоаси Суперлигани тарк этиш хавфи остида қолган. Ўзи ҳам жароҳат сабабли қийин вазиятда “Турон”га ёрдам бера олмаяпти.

мехмонов4  

- Тўғрисини айтаман, ҳар тарафлама оғир мавсум бўлди, - дея мавзуни давом эттирди, футболчи. - Бунинг устига кўп ўйинчиларимиз ҳам жароҳатландилар. Кимдир тузалиб қайтган бўлса, яна кимдир қайта жароҳатланди. Мана шундай қийинчиликлар ҳам бўлди. Шунинг учун ўта қийин мавсум бўлди. Фаолиятимда қийин мавсумлар бўлган. Бу – футбол ва унда ҳамма нарса бўлади. Қийин пайтда ҳам чидаб, меҳнат қилишда давом этиш керак, тўхтаб қолиш яхши эмас.

Ҳар қандай жароҳатланган ўйинчига жамоасини четдан кузатиш оғир кечади. Чунки у қийин вазиятда жамоадошларига ёрдам бера олмаётганидан изтироб чекади. Бу каби ҳолат Жаҳонгир Меҳмоновда ҳам юз беряпти.

- Албатта, жамоа ўйинини майдондан ташқарида кузатиб бориш янада оғир. Бундай вазиятда жамоамга ёрдам бера олмаётганим алам қилади. Чунки клубда ҳар бир ўйинчини ўрни бор-да. Жароҳат билан майдонга тушганингиз билан тўлиқ тайёр бўла олмайсиз. Жамоага ёрдам бериш ўрнига вазиятни қийинлаштириб қўйишингиз ҳам мумкин.

мехмонов3

“Турон” Суперлигани тарк этиш учун биринчи рақамли номзод бўлиб турибди. Вазият оғир. Тошкентда “Бунёдкор”га қарши яхши ўйнади, аммо ғалаба учун нимадир етмади. Хатолар ҳам қимматга тушди. Оқибатда яна ютқазди. Олдинда фақат учта ўйин қолди. “Турон” борган сари имкониятларини пасайтириб юборяпти. Меҳмонов жамоасининг имкониятига ҳам тўхталди.

- Тўғри, турнир жадвалидаги вазият оғир. Аммо биз охирига курашамиз. Сўнгги турга қадар вазифани бажаришга ҳаракат қиламиз. Ҳеч қачон тўхтамаймиз. Қўлимиздан келганича раҳбарларнинг юзини ёруғ қилишга ҳаракат қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!