«Нефтчи» - «Андижон» баҳсида ишлаган қанот ҳаками нимага суяниб қолди?
“Нефтчи” жуда ўз уйида “Андижон”ни енга олмади. Баҳс якунлангач, кўпчилик эътибордан қочирган бир кадр журналистлар томонидан кенг муҳокама қилинди.
Эътибор қилган бўлсангиз, бу вазиятда офсайд йўқ эди. Қанот ҳаками – Сардор Нишонбоев сонияларга воқеалар ривожидан ортда қолди. Менимча, лайнсмен бу хатони атайин қилмаган. ВАРнинг пайдо бўлиши, ҳакамлар бригадасига иккинчи имконни тақдим этгани ҳеч кимга сир эмас. Айнан шу факторга суянган реферилар бироз концентрацияни йўқотган кўринади. Ачинарлиси шундаки, бу кичик эпизод якунда бутун бошли чемпионат тақдирини ҳал этиб юбориши мумкин. Фарғоналиклардан 7 очкога илгарилаб кетган “Пахтакор” катта қадамлар билан шоҳсупага яқинлашиб олди. “Йўлбарслар” эса, мағлубиятга тенг дуранг билан чемпионлик пойгасидаги имкониятларини камайтириб юборди. UzFHM баҳсли вазият борасида ўз қарорини эълон қилди:
"Суперлиганинг 18-туридан ўрин олган ”Нефтчи” – “Андижон” учрашувида мезбонлар бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилди, бироқ бу гол офсайд сабабли бекор қилинди. Вазиятни ўрганиб чиққан учрашув назоратчиси бу ҳолатда биринчи ёрдамчи ҳакамни айбдор деб топди ва унга қониқарсиз баҳо қўйганини тасдиқлади.
Ушбу ҳакамни четлатиш масаласи эса Ҳакамлар қўмитасига оширилди.”
Сўнгги уч йилда ички биринчилик савияси сезиларли даражада ўсди. Энди, футболнинг кўринмас бўлаги саналган кўплаб аспектлар Суперлига темпига мос тушмай қолмоқда. Қаердадир, ВАРдаги такрорий лавҳалар кўнгилдагидек бўлмаса, айрим вазиятда ҳакамларнинг хатолари панд бермоқда. Энг ачинарлиси, якунжа мусобақа ўтказиш учун юракдан ишлаётганлар ёмон отлиқ бўлиб қолаверади. Бугун Фарғонадаги холат футболимизга ойна тутиб берди. Агар қайсидир аспектда ривожланиш бўлса, унга боғлиқ бошқа жабҳаларда ҳам параллел прогресс кузатилиши шарт. Акс холда, буни жабрини мухлислар тортади. Футбол улар учун ўйналишини ҳисобга олсак, ривожланиш учун қилинган барча сайи-ҳаракат бесамарлигича қолаверади.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар