"Нефтчи" бош мураббийи Арманистон клубидан учралган мағлубиятга изоҳ берди

Туркиядаги ўқув-йиғин машғулотлари доирасида "Нефтчи" жамоаси навбатдаги назорат баҳсида Арманистоннинг "Алашкерт" клуби билан куч синашди. Учрашув минимал 0:1 ҳисобида рақиб фойдасига ҳал бўлди. Беллашувдан сўнг фарғоналиклар бош мураббийи Виталий Левченко ўйин ҳусусида ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Кескин қарама-қаршилик гувоҳи бўлдик. Чунки ҳар иккала жамоа вакиллари ҳам сифатли ўйин намойиш қилди. Иккинчи бўлим бошларида ҳимояда ягона позициявий хатомиздан унумли фойдаланиб қолган рақиб дарвозамизни ишғол этишди.

Учрашувнинг 60-дақиқасида таркибимизни ротация қилиш мақсадида бир нечта янги ўйинчиларни майдонга туширдик. Шундан сўнг ўйиндаги ташаббус тўлалигича биз томонга ўтгач, кўпгина голли вазиятларни яратдик. Аммо рақиб посбони ишончли ўйин кўрсатиб, тўлақонли голга тортадиган хавфли вазиятларни бартараф этишга эришди.

Йиғинлар доирасида машғулотларни олиб борамиз ва кейинги рақиб билан бўлиб ўтадиган учрашувга тайёргарликни давом эттирамиз,-деди бош мураббий.

"Нефтчи" матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!