"Нефтчи" футболчисига кўрсатилган қизил карточка ҳаққониймиди? Илҳом Мўминжонов вазиятга ўз фикрини билдирди
Ўзбекистон Суперлигаси 2-тури доирасидаги "Пахтакор" - "Нефтчи" (1:0) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Илҳом Мўминжонов матбуот анжуманида иштирок этди ва ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
"Пахтакор"нинг охирги икки ўйинини тўлиқ ўрганиб чиқиб, жиддий тайёргарлик кўргандик. Мақсадимиз - қарши ҳужумда ҳаракат қилиш эди. Ўйин олдидан тузилган тактика 15 дақиқа дош берди.
Кейин, қизил карточка билан жазоландик. "Пахтакор"дек рақибга қарши 10 киши бўлиб ўйнаш қийин. Боиси, уларнинг таркибида индивидуал жиҳатдан кучли футболчилар кўп. Уларни ғалаба билан табриклайман.
Биринчи бўлимдан кейин қизил карточка кўрсатилган вазиятни кўриб чиқдик ва шу маълум бўлдики, Аброр жуда хавфли ўйнаган экан. Ҳакам уни ҳақли тарзда майдондан четлатди.
Аҳамият берган бўлсангиз, марказдаги футболчи қизил карточка олганидан сўнг схемага ўзгартириш киритмадик. Захирадан футболчини ҳам майдонга туширганимиз йўқ. Чунки рақибни қанотлари жуда кучли эди ва агар ҳимоядан кимнидир олдинга чиқарсам, бу қимматга тушиши мумкин эди.
Эътибор берган бўлсангиз, "Пахтакор" жорий мавсум киритган голларнинг барчаси қанотдан оширилган тўпдан сўнг урилган. Буни баҳс олдидан инобатга олгандик, аммо қўрққан воқеам содир бўлди - рақибнинг қанотлари ўйинни ҳал этди.
Қизил карточка бўлмаганида фақат ва фақат ғалаба учун ўйнар эдик. Чунки позицион ҳужумга ўтиш борасида яхши ҳаракат қила олардик. Сўнгги пайтларда "Пахтакор" рақибларига позицион ҳужумга ўтиш имкониятини тақдим этмоқда. Аввал улар юқори прессингда ўйнарди.
"Пахтакор"да хавфли вазиятлар у қадар кўп бўлмади. Яна ўша гапни қайтараман - уларнинг қанотлари жуда яхши ишлайди ва марказда ҳам маҳоратли ҳужумчи эвазига натижани қўлга киритади.
Фикрлар