"Нефтчи" ниманинг эвазига "Навбаҳор"ни зарарсизлантирди?! Ўйинни таҳлил қиламиз
Водий дербиси зерикарли ўтганига қарамай, мураббийлар учун чинакам синовга айланди. Икки томон ҳам ўз устунликларидан максимал даражада фойдаланишга уринди. Хўш, бу баҳсга ким яхшироқ режа билан ташриф буюрди? Қайси мутахассис бурилиш ясашга ҳаракат қилди ва ким ғалабага яқинроқ келди? Бугун, нурсиз дуранг билан якунланган водий дербисини таҳлил қиламиз.
"Навбаҳор"
Ўйин схемаси: 4-3-3/4-5-1
“Навбаҳор”: 1.Ўткир Юсупов, 4.Боян Цигер, 6.Рустамжон Ашурматов, 7.Азимжон Аҳмедов (17.Эҳсони Паншанбе, 60), 10.Жамшид Искандеров, 14.Жамшид Болтабоев, 23.Йован Жокич, 24.Давронбек Ҳошимов, 28.Станислав Андреев (22.Игорь Голбан, 68), 30.Элгужа Григалашвили (11.Ислом Кенжабоев, 60), 32.Зоран Марушич.
"Нефтчи"
Ўйин схемаси: 4-2-3-1
“Нефтчи”: 45.Акбар Тўраев, 6.Сирожиддин Қўзиев, 17.Абдуллоҳ Олимов, 19.Мирзоҳид Ғофуров, 20.Анваржон Ғофуров, 21.Муҳсинжон Убайдуллаев, 44.Дарко Станоевич, 46.Шаҳзодбек Убайдуллаев, 70.Аббосжон Ғуломов (7.Ойбек Қиличев, 89), 77.Аброрбек Исмоилов, 99.Улуғбек Ҳошимов.
Ўйиннинг бориши
1. Илк дақиқаларда "Навбаҳор" имкон қадар тўп назоратини ўзида ушлаб туриш ва позицион ҳужумга ўтишга уринди. Жамоа тезлиги у қадар баланд бўлмагани боис, Бабаян шогирдлари имкон қадар кенгроқ жойлашиб олган ҳолда, бутун майдон бўйлаб ўйнашга интилди. "Нефтчи" эса, стартда фаолроқ бўлиш мақсадида эрта прессинг қўллашга ўтди. Баҳснинг биринчи бўлимида икки жамоа ҳам гол киритишдан кўра, ўтказиб юбормасликка кўпроқ урғу берди. Шу боис, дастлабки 45 дақиқаликда ҳеч қандай хавфли вазият содир этилмади. Кураш асосан майдон марказида кечгани боис, бирорта ёрқин ҳужумни кўрмадик. Энг хавфли вазият стандартдан сўнг юзага келди.
2. "Навбаҳор" баҳс аввалида "Нефтчи"дан бундай дадил ўйин кутмагани аниқ. Мўминжонов асосий кучни майдон марказига ташлади. Натижада, асосий кураш айнан ўша зонада бўлиб ўтди. "Лочинлар" 20-дақиқадан бошлаб, рақибни эрта кутиб олди. Натижада "Нефтчи"да ҳам бирорта пас орқали юзага келган ҳужумларга гувоҳ бўлганимиз йўқ. Иккита эҳтиёткор ва "риск"дан қочадиган жамоалар тўқнашувининг биринчи бўлими жуда паст темпда якунига етди.
3. "Лочинлар" прессингдан чиқиб кетиш учун Жамшид Искандеровдан фойдаланишга уринди, лекин ҳар сафар ҳам буни уддалашнинг имкони бўлмади. Марказдаги кучли прессинг сабабли Жамшид илк 45 дақиқаликда деярли ўйиндан тушиб қолди. Биргина вазиятда техникаси ёрдамида прессингни енгиб ўтиб, ҳужум бошлаган эди, аммо якунда Григалашвилини марказий ярим ҳимоячилар "бўғиб" ташлади.
4. Иккинчи тайм бошларида "Навбаҳор" илк бор майдон марказидаги асосий кучларини ишга сола олмади. Натижада "Нефтчи" жуда қулай имкониятга эга бўлди. Иккинчи қирқ беш дақиқаликда майдон эгалари дастлабки ҳужумдаёқ ҳисобни очиши мумкин эди. Майдон марказида Жокич, Болтабоев, Аҳмедов ва Искандеров тўп учун курашни бой бергач, меҳмонлар катта куч билан олдинга интилди. Бутун ўйин давомида биринчи маротаба марказдан ёриб ўтишни уддалаган "Нефтчи" жуда қулай имкониятга эга бўлди, бироқ вазиятни гол билан якунлай олмади.
5. Майдон эгалари, иккинчи таймнинг 50 дақиқасида биринчи бор позицион ҳужум уюштиришга муваффақ бўлди. Бутун ҳужум давомида 15 та аниқ узатма амалга оширилгач, Марушич зарба нуқтасига чиқди, лекин якуний зарба бериш имкониятидан Марушич фойдалана олмади. Эътиборлиси шундаки, деярли 50 дақиқа давомида "Навбаҳор" олдинга бу қадар катта куч билан ўтишни уддалай олмаган эди. Позицион ҳужумларнинг афзаллиги шундаки, "лочинлар"нинг асосий кучи олдинга чиққан ҳолда, рақибни чуқур ҳимояланишга мажбур қилади.
6. 60-дақиқада Бабаян ўйинни янада кучайтириш ва қанотлардаги мобилликни тиклаш мақсадида Кенжабоев ва Эҳсонини ўйинга ташлади. Тезлик борасида мақтана олмайдиган Аҳмедов ва Григалашвили эса захирага олинди. Шу тариқа, Самвел Вячеславович майдон марказидаги устунликни қайтариб олишга интилди. Улар майдонга тушиши билан дарров хавфли ҳужум яратишга муваффақ бўлди. Эҳсони тўп учун курашда марказда ғалаба қозонган бўлса, жамоадошлари тўпни Кенжабоев томон узатиб, уни ҳужумга қўшишди.
7. Ўйиннинг ҳал қилувчи 3 қисми бошлангач, "Навбаҳор"да жисмоний устунлик кўзга ташланишни бошлади. Меҳмонлар секин-аста иккинчи рақам бўлиб ҳаракат қилишга ўтди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Рақибни уларнинг жарима майдонида кутиб олиш учун катта энергия сарфланади. "Нефтчи"нинг деярли 11 футболчиси жароҳатлар сабабли учрашувда иштирок этмагани боис, Мўминжонов 90 дақиқа прессингга суяниши имконсизлиги амалда исботини топди.
8. Баҳснинг 63-дақиқасида "Навбаҳор" ўзини "корриной" позицион ҳужумини ўтказа олди. Тўп у қанотдан - бу қанотга олиб ўтилгач, Жамшид Искандеровга етиб келди. У бўш ҳудудда эканлигидан унумли фойдалиниб, кескин узатмани амалга оширди. Эпизод гол билан якунлангани йўқ, аммо "Навбаҳор"да ҳеч қандай ўйин услуби йўқ, деганлар учун видеоқўлланма бўлиши аниқ.
9. "Нефтчи"да толиқиш кўзга ташлаганини сезган Мўминжонов таянч зонасидаги футболчиларини орқароққа суриб, қанотдагиларни қарши ҳужум учун шайланишига буйруқ берди. Шу тариқа, фарғоналиклар ўйиннинг ҳал қилувчи 3-қисмида гол киритишдан кўра, ўтказиб юбормасликка кўпроқ ҳаракат қилишни бошлади. "Навбаҳор" эса иккинчи қаватдан узатмаларни амалга оширишни тўхтатиб, марказни эгаллаб олди.
10. 67-дақиқада Станислав Андреев ўрнига Игор Голбан майдонга тушди. Эътиборлиси шундаки, 70-дақиқадан бошлаб, "Навбаҳор" ҳимоячилари тўлалигича майдон марказига чиқиб, рақибни ўз жарима майдони ичига қамаб ташлашни бошлади. Катта куч билан олдинга ташлангани боис, "Нефтчи" чуқур ҳимояга ўтди. Айнан шундай ўйин бориши ўзи учун қулай эканлигини ҳис қилган "Навбаҳор" чекинаётган рақибга ҳамла қилишни бошлади.
11. Позицион ҳужумлар кетма-кет юз бериши бошланганидан сўнг Жамшид Искандеров кўпроқ эркинликка эга бўлди. Бу ҳужумларни янада кескинлашишига сабаб бўлгани рост. Плеймейкер сифатида бош ҳудудга эга бўлгач, Жамшид бир неча бор хавли вазият яратишга уриниб кўрди, аммо бир сафар "Нефтчи" аъзолари яхши ҳимояланса, бошқасида ҳужумлар мантиқий якунига етмади.
12. Сўнгги 10 дақиқаликда "Нефтчи" тўлиқлигича қарши ҳужумга суянишни бошлади. Мўминжонов Намангандан очко билан ортга қайтишга қарор қилди. Баҳс олдидан дуранг жамоа учун минимум вазифа этиб белгиланган бўлса, ажаб эмас. Сўнгги дақиқаларда "Навбаҳор" темпни янада кўтарди, натижада Муҳсинжон Убайдуллаев иккинчи сариқ карточкани олишга мажбур бўлди. Бир киши кўп бўлиб 3-4 дақиқа ҳаракат қилган "Навбаҳор" ўйинда бурилиш ясай олмади.
Хулоса ўрнида:
Мўминжонов баҳс олдидан ўйлаган барча режаларини амалга оширди. Ўйиннинг каттароқ қисмини рақибга бериб, қолганидан унумли фойдаланди. "Нефтчи"ни бутун ўйин давомида ҳимояланди, деб бўлмайди. "Навбаҳор" ҳам бутун баҳс давомида устунлик қилмади. Якунда, дуранг! Ўйлашимча, бу адолатли натижа. "Навбаҳор" қанчалар гол уришни истаган бўлса, "Нефтчи" ундан бироз кўпроқ гол ўтказиб юбормасликка уринди.
Фикрлар