"Нефтчи" Суперлига ўтиш ўйинига қўйиладими?
1 декабрь куни Про лига охирги турида "Нефтчи" футболчилари ва мухлислари ҳакамларни дўппослагани учун уларга нисбатан бугун ЎФА жазо белгиланганини маълум қилди.
Унга кўра, ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси “Нефтчи” футболчиси Ж.Л.Тўрақулов учрашув бош ҳаками Ш.Насибуллаевга қасддан тан жароҳати етказгани учун уни 10 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлатди. Шунингдек, Ш.Б.Aбдураимов, С.М.Зокиров ва Ж.Қ.Қобулов бош ҳакамга ҳужум қилгани учун уларнинг ҳар бири 1 йил муддатга футболдан четлатилди ва 15 миллион сўмдан жаримага тортилди. Д.Ф.Тошматов ёрдамчи ҳакам Д.Сайлавовга нисбатан тажавузкор ҳаракат қилгани учун 10 та расмий учрашувга дисквалификация қилинди.
Хайрулла Бозоров "Нефтчи"да йиғилиш ўтказди. "Турон" билан ўйиндаги тартибсизликлар учун бош мураббий лавозимидан озод этилди
Учрашув якунлангандан сўнг, мухлислар футбол майдонида ва унга ёндош ҳудудларда тартибсизликлар келтириб чиқаргани, “Нефтчи” футбол клуби масъуллари жамоат тартибини сақлаш билан боғлиқ етарлича чоралар кўрилишини таъминламагани учун жамоага 3 та уй учрашувини мухлисларсиз ўтказиш ва 100 миллион сўм миқдорида жарима белгиланди.
Демак, бундан кўриниб турибдики, айрим футболчилар ва клуб жазоланди. Аммо жамоа ўтиш ўйинидан маҳрум этилмади. Бу эса, фарғоналиклар "Андижон"га қарши Суперлигага ўтиш баҳсида иштирок этишини билдиради.
Бироқ ЎФАнинг ушбу баёнотидан сўнг, ПФЛ ҳозирча "Нефтчи"нинг ўтиш ўйинида қатнашиши борасида маълумот беришга шошилмаяпти. Аввалроқ эса, ПФЛ матбуот хизмати Суперлиганинг охирги тур баҳслари бўйича қайдномаларини сайтга жойлаштирганида "Андижон" ўтиш ўйинида иштирок этади" сарлавҳа остидаги хабарда жамоа ким билан ўйнаши ёзилмаганди.
"Нефтчи" Суперлига ўтиш ўйинида қатнашмаслиги мумкинми?
Регламентга кўра, "бургутлар" Суперлигада 13-ўринни эгаллагани боис Про лигада 2-поғонани банд этган "Нефтчи" билан беллашиши керак.
Бир неча кун аввал, "Нефтчи" - "Турон" беллашувидаги тартибсизликлар келиб чиққан ҳолат юзасидан "Нефтчи" ФК қароргоҳида йиғилиш бўлиб ўтганди. Ўшанда жамоанинг масъул ходимлари футболчиларни ўйинга етарлича жисмонан ва руҳан тайёрлашда сусткашликка йўл қўйганлиги учун бош мураббий А.Дўрмонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани хабар берилганди.
ПФЛнинг ҳам бу борада "айтар сўзи" борми?
Фикрлар