"Нефтчи"ни қандай бошқариш юзасидан дастлабки хулосаларни чиқардим, жамоани кучайтириш учун сабаблар етарли" - янги бош мураббий Виталий Левченко илк интервьюсини берди

Маълумки, кеча “Нефтчи” клубига 50 ёшли мутахассис Виталий Левченко бош мураббий этиб тайинланди. Тожикистон ҳамда Украина фуқаролигига эга бўлган Виталий Григорьевич бунга қадар Тожикистоннинг биринчи рақамли клуби – “Истиқлол”ни 2020-2022 йиллар мобайнида бошқарганини билсангиз керак.

Ўтган йили Осиё Чемпионлар лигасида қандай “ҳунарлар” кўрсатишгани ҳам ёдимизда қолган. Левченконинг мураббийлик ишида “Истиқлол”даги фаолияти алоҳида ташриф қоғозига айланган. Лекин яқинда у ердан кетди.

Шунга қарамай, мураббий дарҳол янги чорловни қабул қилди. Илгари ҳам Григорьевичга юртимиздан таклифлар бўлган ва ўзи ҳам Ўзбекистон чемпионатини доимий равишда кузатиб боради.

Левченко расман “Нефтчи” бош мураббийи сифатида таништирилганидан кейин ўзининг илк интервьюсини Sports.uz мухбирига берди.  

- Виталий Григорьевич, аввало сизни “Нефтчи” клубига бош мураббий этиб тайинланганингиз билан табриклайман. Ушбу чорловни қабул қилишингизга асосий сабаб нима бўлди?

- Табрик учун миннатдорлик билдираман. Мени бу ерга Фарғона вилояти ҳокими клубни бошқариш масаласи юзасидан чақирганди. Суҳбат давомида ҳоким менга жамоа олдига қўйилган вазифаларни аниқ ва равшан тушунтириб берди. Музокара давомида биз истиқболли режалар ҳақида ҳам суҳбатлашдик. Ҳаммаси менга ёқди. Асосийси, кўп масалаларда фикримиз бир жойдан чиққани сабаб шартномага ҳеч иккиланмай имзо чекдим.

- Сизни бу ерга дастлаб ким ва қачон таклиф қилганди?

- Мени клубга вилоят ҳокими таклиф қилди.

левченко2

- Виталий Григорьевич, “Истиқлол” клубидан кетишингиз бевосита “Нефтчи” билан боғлиқмиди?

- “Истиқлол” билан шартномам бекор қилингани бевосита “Нефтчи” билан боғлиқ эмас. “Нефтчи”дан таклиф келиб тушган маҳалда мен “Истиқлол”дан кетишга улгургандим.

- Собиқ мураббийнинг олдига қўйилган вазифалар анча жиддий эди. Энди сизга қандай вазифалар юклатилди?

- Менинг асосий вазифам – жамоани ҳозирги ўрнидан анча юқори кўтаришдан иборат. Шу билан бирга имкон қадар янада юқорига кўтарилиш ҳаракатида бўламиз.

левченко3

- Жамоанинг ёзги тайёргарлик режаси қандай? Таркибда ўзгаришларга қўл урасизми?

- Тайёргарлик режаси юзасидан вилоят ҳокими билан гаплашиб бўлдим. 7 июлдан йиғинни бошлаймиз. Таркиб борасида қандай ўзгаришлар қилиш кераклиги юзасидан ўша йиғин чоғида ҳаммасини бафуржа ўрганиб чиқамиз.

- Мураббийлар штабини аниқлаштириб бўлдингизми? Сизга кимлар ёрдам беради?

- Менинг мураббийлар штабимга Владимир Ежуров ва Анвар Норқулов киради. Дарвозабонлар мураббийи сифатида Фарруҳ Бердиев ишлайди. Ўйинчиларнинг жисмоний тайёргарлиги билан шуғулланишни шу вазифада ишлаб келган сербиялик мутахассисни қолдирамиз.

левченко1

- “Нефтчи”нинг биринчи даврадаги ўйинларини кўрган бўлсангиз, қандай хулосаларга эга бўлдингиз?

- Мен бу ерга келганимдан кейин “Нефтчи”ни қандай бошқариш кераклиги юзасидан дастлабки хулосаларни чиқаришга улгурдим. Аммо бу борадаги маълумотлар матбуот учун эмас.

- Билсангиз, бу клубни узоқ йиллар давомида Юрий Саркисян бошқарган. Масалан, ишга киришишдан аввал у билан гаплашиш режангиз борми?

- Юрий Саркисянга нисбатан катта ҳурмат билан муносабатда бўламан. Аммо мен тайёргарлик ишлари ва назорат ўйинлари ўтказилганидан кейингина хулоса чиқаришга ўрганганман. Жамоани кучайтириш учун сабаблар етарли, деб ҳисоблайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Темиров Набижон
03/07/2022 14:29
Бу хам. Уч ой ичида хайдалади. Тренерни Фарғонани ўзидан қўйиш керак эди. Нефтчи тамом бўпти қандайдир келди кеттиларни кунига қолдикми
&
03/07/2022 18:05
Жуда тугри су'зларингиз