"Нефтчи" янги мавсумга тайёргарликни қандай ўтказди?

Ўтган мавсум чемпиони Нефтчи янги мавсумга қандай тайёргарлик кўрди? Жамоанинг қишдаги селекция, трансферлари ва сиёсатини кўриб чиқамиз. 

"Йўлбарслар" қишда энг яхши селекция ишларини олиб борган жамоалардан бўлди. Жамоа ўтган мавсум асосий "кастягини" сақлаб қола олди. 

Шартномаси якунланган Ботирали Эргашев, Икром Алибоев, Акбар Тўраев, Фаррух Сайфиев, Иброҳимҳалил Йўлдоев, Муҳсин Убайдуллаев ва Боян Цигерлар билан шартномалар узайтирилди. Аброр Исмоилов, Жамшид Искандеров каби жамоанинг етакчи футболчиларга қўшни вилоят клубларидан қизиқишлар ва таклифлар бўлишига қарамай, уларнинг ҳеч бири қўйиб юборилмади. Буни жамоанинг энг катта ютуғи деса бўлади. 

Ўтган мавсумда ёрқин ўйинлар кўрсатиб, супер мавсум ўтказган ҳамда  ЎзПФЛнинг рамзий жамоасидан ўрин эгаллаган Ратиньо ва Хуршид Ғиёсов "йўлбарс"га айланди. Амалдаги чемпион Суперлигадаги катта номлар билан бирга, бир қатор ёш ва умидли футболчиларни ҳам жамоага жалб қилди. 

Ўзбекистон У17 ва Олимпия терма жамоаси аъзолари Далер Тўхсанов, Рустам Фомин, Фарҳод Соҳибжонов, Иззатилла Пўлатов, Мўминхон Баҳодирхоновлар эркин агент сифатида келган бўлса, Иброҳим Шокиров "Пахтакор"дан ижара асосида кўчиб ўтди. Асилбек Жумаев эса "Сурхон"дан трансфер қилинди ва бу клубнинг ягона хариди бўлди.  

Сўнгги жалб қилинган футболчи эса Стипе Перица бўлди. Фаолияти давомида "Челси", Италиянинг "Удинесе" ва "Фрозиноне", Туркиянинг "Касимпаша", Англиянинг "Уотфорд", Бельгиянинг "Стандард" ва Руминиянинг "Динамо" жамоаларида ўйнаган ҳужумчи билан 2028 йилнинг ёзига қадар шартнома имзоланди.

Кетганлардан Ғулом Ҳайдар Ғуломов "Қўқон-1912",  "Қувондиқ Рўзиев" "Навбаҳор", Билололхон Тошмирзаев "Бунёдкор", Жоэль Кожо ижараси якунланиб "Истиқлол"га қайтди, ва Шаҳзод Неъматжонов "Бунёдкор" аъзосга айланди. 

Трансферлар ойнасининг сўнгги кунида Сильванус Нимели ҳамда Фарҳод Соҳибжонов "Қўқон-1912" клубига ижарага берилди.

Декабрнинг илк кунида "йўлбарслар"ни чемпион қилган украиналик мураббий Виталий Левченко шартнома муддати якунига етгани сабабли у жамоа билан хайрлашди. 

2-декабрь куни эса "Нефтчи" Исломбек Исмоиловни бош мураббий сифатида таништирди. Унга чемпионликни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш, Элит Осиё Чемпионлар Лигаси босқичида муваффақиятли иштирок этиш ҳамда жамоанинг рақобатбардош ва узлуксиз ривожини таъминлаш каби вазифалар қўйилди.

Туркия йиғини

"Нефтчи" биринчилардан бўлиб, 3 январь куни Туркияга йўл олди. Жамоа 11 январга қадар жисмоний ҳолатни тиклашга қаратилган машғулотлар ўтказди ва бир кун ўтиб анчагина номдор ва кучли рақиб УЕФА чемпионлар лигаси иштирокчиси "Қорабоғ"га қарши ўртоқлик ўйини ўтказди. Табиийки, эндигина таътилдан қайтган футболчилар ҳали спорт формасини тиклаб олмаган бир вақтда жамоа йирик 5:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Одатда биринчи эмас, якуний назорат ўйинида бундай спаринг рақиб танланарди. 

Словениянинг “Алуминиж” клубига қарши баҳсда эса Икром Алибоев ва Жамшид Искандеровнинг голлари "Нефтчи"га ғалаба тақдим этди.

Секин асталик билан формага кириб бораётган жамоа 3 чи назорат учрашувида Болгариянинг "Септември" клубига қарши баҳс олиб борди. Дастлаб Марушич ҳисобни очган бўлса, ўйиннинг сўнги дақиқаларида рақибнинг қўпол хатосидан фойдаланга Нурбек Сарсенбаев ўзининг жамоадаги норасмий дебют голини киритди. 

Шу тариқа, 20 январь куни жамоанинг биринчи босқич йиғини якунига етиб, футболчиларга 24 январга қадар дам берилди.

Иккинчи босқичда эса "йўлбарслар" жами 6 та ўйин ўтказди. Ушбу беллашувларда - 4 та ғалаба ва икки мағлубият қайд этилди. 

Ўртоқлик ўйинларидаги мағлубият ёки ғалабага қараб хулоса чиқариш бироз ноўрин бўлади. Сабаби, назорат учрашувларида янги тактик ишланмалар синовдан ўтказилди, янги келиб қўшилган футболчилар адаптатия жараёнларини бошдан ўтказди. Жамоада ҳар бир позицияда бир қатор номдор тажрибали футболчиалр болишига қарамай, Ислом Исмоилов ёш юлдузларига ҳам имконият берди.

Эслатиб ўтамиз, "Нефтчи" жамоаси мавсумни "Истиқлол"да бошлайди. Жамоа 28 февраль куни "Машъал"ни қабул қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!