Неймарнинг Анчелотти қароридан ҳафсаласи пир бўлди
Бразилиялик мухлислар интиқиб кутган хушхабар бироз кечикадиган бўлди: афсонавий Неймар терма жамоанинг март ойидаги ўйинларига чақирилмади.
Бразилия терма жамоасининг янги устози Карло Анчелотти Франция ва Хорватияга қарши баҳслар учун тузилган рўйхатга Неймарни киритмасликка қарор қилди.
Неймар ҳозирда Бразилиянинг “Сантос” клубида ўйнамоқда ва охирги ўйинларда ёмон натижа кўрсатмаяпти (2 та гол ва 1 та голли узатма). Бироқ мураббий Анчелотти буни етарли, деб ҳисобламади. Унинг айтишича, Неймар ҳали ўзининг энг яхши жисмоний ҳолатига қайтмаган. Мураббийга эса ҳозирда тўлиқ тайёр бўлган футболчилар керак.
Бу қарордан хабар топган Неймар ўз норозилигини яшириб ўтирмади:
- Мен бу ерда гапириб ўтаман, чунки бунга жим қараб тура олмайман. Албатта, танланмаганимдан хафаман ва хафсалам пир бўлди. Лекин мен ҳар куни, ҳар бир машғулот ва ҳар бир ўйинда бор эътиборимни сақлаб қоламан.
Биз мақсадимизга эришамиз. Ҳали якуний рўйхат олдинда, - деб баёнот берди у “Mad House” стримида.
Неймарнинг олдида катта синов турибди. Келаси ёзда ўтадиган жаҳон чемпионатига бориш учун унинг ҳали имконияти бор. Бунинг учун у май ойи охиригача “Сантос” сафида ўзининг нақадар кучли эканини амалда исботлаши керак. Бразилия олтинчи марта жаҳон чемпиони бўлишни истаса, уларга ҳақиқий, соғлом ва кучли Неймар жуда зарур.
Фикрлар