Неймар: "Уч йилдан кейин терма жамоа либосини яна кийганимдан бахтлиман"
Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Неймар миллий жамоа сафига қайтганидан кейин ўз ҳиссиётлари билан ўртоқлашди.
34 ёшли футболчи Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 3-турида Шотландияга қарши ўйиннинг 76-дақиқасида майдонга тушди. Бу унинг 2023 йил 18 октябрдан бери терма жамоадаги илк учрашуви бўлди.
"Уч йилдан кейин яна терма жамоа либосини кийганимдан жуда хурсандман. Худога шукр, ҳозир жисмоний ҳолатим яхши.
Аввалги ўйинларда жамоадан ташқарида қолиш оғир бўлди. Аммо мен бекор ўтирмадим. Майдонга яхши ҳолатда қайтиш учун 25 кун давомида қаттиқ меҳнат қилдим ва машғулот ўтказдим.
Шунинг учун ўзимни жуда бахтли ва мамнун ҳис қиляпман", — деди Неймар.
Бразилиялик юлдуз майдонга қайтган пайтдаги ҳиссиётлари ҳақида ҳам гапирди.
"Майдонга чиққанимда турли ҳис-туйғуларни бошдан кечирдим. Узоқ вақт давомида бу либосни киймаганман, терма жамоадан четда қолгандим. Худога шукр, барчаси яхши якунланди ва мен қайтишга муваффақ бўлдим".
Ундан ҳозирги ҳолатида қанча вақт ўйнай олиши ҳақида сўралганда эса ҳазиломуз жавоб қайтарди:
"200 дақиқа", — деди Неймар кулиб.

Фикрлар