“Неймарни эмас, Гризманни танлашди”

“Барселона”нинг собиқ директори Эрик Абидаль 2019 йили клубга Неймарни қайтаришга яқин бўлганини, ҳатто трансфер масаласида Парижга бориб, ПСЖ спорт директори Леонардо билан келишиб келганини таъкидлади.

Унгача, каталонияликлар ПСЖга 222 миллион еврога трансфер қилинган бразилиялик футболчини бир неча маротаба “Барса”га қайтаришга ҳаракат қилган эди.

- Клуб президенти ўшанда Неймарнинг ўрнига Антуан Гризманни олишга қарор қилди. Неймарнинг келишига қаршилик туғдирган омиллардан бири футболчи “Барселона”ни судга бергани бўлди. Трансфер амалга ошиши учун Неймар суд жараёнини тўхтатиши керак эди. Бу муаммонинг менга даҳли йўқ эди. Чунки келишмовчилик мен клубда бўлмаган пайтда юз берган, - деди Эрик Абидаль.

Мутахассислар Неймар “Барселона”да Лионель Мессининг соясида қолиб кетаётгани ва бошқа клубда ўйини янада очилиб, кетишини таъкидлаганди. Бироқ, амалда ундай бўлмади. ПСЖ ҳамон ўзи орзу қилган Европа Чемпионлар лигасида бош совринни қўлга кирита олгани йўқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!