Нўъмон Ҳасанов собиқ жамоасининг муваффақиятсизлиги ҳақида нима дейди?

Ўзбек футболининг ватани ҳисобланмиш Қўқонда бу спорт турини қанчалик севишини ва эъзозлашини ҳаммамиз яхши биламиз. «Қўқон-1912» дея номланган жамоанинг футболимизда ўзига хос тутган ўрни бор, албатта. Лекин бу йилги мавсумда жамоа мухлисларини хафа қилиб қўймоқда ва Суперлигада охирги ўринда юргани маҳаллий мухлисларни қаттиқ ташвишлантирмоқда. Хабарингиз  бўлса, «Қўқон-1912»ни 2016 йилдан бошқаришга киришган Нўъмон Ҳасанов ушбу мавсумнинг биринчи давраси охирларида клубдан кетишга мажбур бўлди. Боиси мазкур мавсум қўқонликлар учун омадсиз бошланди ва афсуски, бу ҳолат ҳали ҳам давом этмоқда. Айтмоқчимизки, Нўъмон Нурматович кетгани билан клубда ҳеч нима ўзгармаяпти. Устига-устак қўқонликлар иккинчи даврани ҳам кетма-кет иккита мағлубият билан бошлашди. Биз эса анчадан бери Ҳасанов билан суҳбатлашишни режалаштириб юргандик. Лекин Нўъмон Нурматович сира интервью беришга розилик бермай келаётганди. Шунга қарамай, «Қўқон-1912»га катта меҳнати сингган мураббий барибир собиқ жамоасига бефарқ бўлмаётгани учун охири дилидаги гапларни айтишга қарор қилди.

- Тўғриси, «Қўқон-1912» жамоасига жуда ачиняпман, - дея гап бошлади, Ҳасанов. - Биз у ерда ўртамиёна футболчилардан яхши жамоани шакллантиргандик ва стадионга мухлисларни ҳам қайтаргандик. Терма жамоаларимиз учун эса Жавоҳир Сидиқов, Ўткир Юсупов, Қувондиқ Рўзиев, Ойбек Рустамов сингари муносиб ўйинчиларни етказиб бера олдик. Юқорида таъкидлаганимдек, асосийси, стадионга мухлисларни қайтара олгандик. Ишонасизми, клубда ишлаган пайтда ҳаттоки шундай пайтлар бўлганки, кўзларимдан ёш чиққан. 2000 мингга яқин мухлис стадион ташқарсида қолиб кетган. Клубдан кетган бўлсам-да, «Қўқон-1912»га бефарқ эмасман. Жамоага эса қийин бўлишини билгандим. Афсуски, таркибдаги борларини ҳам йўқотдик. Жавоҳир Сидиқов, Ўткир Юсупов, Дарко Гожкович каби етакчиларимизнинг ўрнини тўлдира олмадик. Минг афсуски, мен сўраган футболчиларни олиб беришмади. Боя айтганимдек, борини ҳам йўқотдик. Ваҳоланки, мен жамоани кучайтириш мумкин бўлган бир қатор яхши савиядаги ўйинчилар билан гаплашиб ҳам қўйгандим. Ўша пайтда Шавкат Саломов, Иван Нагаев ва яна бошқа футболчилар билан «Қўқон-1912»да тўп суришга рози бўлишган ва биз ўзаро қўл ташлашиб ҳам қўйгандик. Афсуски, уларни жамоамизга ололмадик. Биласизми, ўша заҳоти мен мавсум бошланмасиданоқ клубдан кетгандим. Чунки футболнинг ичида юрган инсон бўлганим учун бизга жуда қийин бўлишини билардим. Шунда ҳам жамоага ёрдам беришга ҳаракат қилдим. Аммо ҳамма клуб ҳам кучайгиси келади. «Қўқон-1912»да эса кучайишнинг ўрнига аксинча вазият кузатилди. Ахир жамоада шунча йил меҳнат қилдим. Шунинг учун «Қўқон-1912»га бефарқ қараб тура олмайман. Барибир жамоанинг кейинги ўйинларида омад тилайман ва тезроқ юқори ўринларга чиқиб олишини тилаб қоламан.

хасанов2

Ҳар қандай ҳолатда ҳам Ҳасановнинг Қўқондаги фаолиятини ёрқин хотиралар билан эслаш учун сабаблар етарли. Муҳими у «Қўқон-1912»ни рақобатбардош жамоага айлантира олганди. Бир қатор унутилмас ўйинлар ҳам бўлиб ўтди. Бунинг устига юқорида таъкидлаганидек, жамоадан бир қатор футболчилар терма жамоаларимизга жалб этилди. Бунда ҳам албатта Ҳасановнинг хизматлари бор. Лекин доим ҳам ўйлаган режалар амалга ошавермайди. Қачондир мураббийнинг фаолиятида ҳам ўзига яраша паст ва баландликлар учраб туради. Аслида бу йилги мавсумда ҳам қўқонликлар у қадар бўш ўйин кўрсатишмаётганди. Аммо очколарнинг бой берилиши жамоага ўз таъсирини кўрсатди. Ачинарлиси, Нўъмон Ҳасанов бошчилик қилган пайтда жамоа барча ўйинларни сафарда ўтказишига тўғри келди. Эътибор берсак, ушбу мураббий охирги марта Қўқондаги стадионда ўз мухлислари қаршисида ўтган йилги мавсумнинг якунида учрашган экан. Бу йил эса вазият ўзгарди ва стадион майдони тайёр бўлгунга қадар сафарда ёки бошқа шаҳарда ўйнашига мажбур бўлди. Бу орада эса «Қўқон-1912»дан омад юз ўгираверди. Оқибатда мураббийга чиқиш эшиклари кўрсатилди.    

- Менинг «Қўқон-1912»дан кетганим бир томондан яхши ҳам бўлди. Чунки кимнинг қанақалигини билдим. Кимлар билан ишлаб юрганимни билдим. Афсуски, кетганимдан кейин клубдан бирортаси қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўрашни ҳам билишмайди. Ҳеч бўлмаса мен билан боғланишиб, маслаҳатлар сўрашса, жамоанинг манфаати йўлида қўлимдан келганича ёрдам берардим. Гапнинг очиғи, жамоанинг ҳозирги аҳволини кўриб ачиняпман. Бир марта бўлса ҳам ушбу мавсумда «Қўқон-1912» бош мураббийи сифатида ўз майдонимизда  ўйнаганимизда бошқача бўларди. Чунки клубдан истеъфога чиққунимга қадар ўз майдонимизда бирор марта ўйнамабмиз, - дея фикр билдирди, Нўъмон Ҳасанов.

хасанов3

Шу ўринда айтиш керакки, Нўъмон Ҳасанов яқинда Хитойдан қайтиб келди. У ерда маълум вақт бўлган мутахассис шундай деди:

- Хитойнинг Шанхай шаҳрида қизим ўқийди. Ўқишни тамомлашига яна бир йил қолди. Ўзи мен уч ой олдин «Қўқон-1912»да ишлаб юрган пайтимдаёқ Шахнайга чиптани олиб қўйгандим. Қанча эрта чипта олсангиз сизга нархи арзонроққа тушади-ку. Шу боис оилам билан бирга Шанхайга бориб, қизимни кўриб келдик. Шу баҳонада бироз ҳордиқ ҳам чиқариб олдим.

Маълумки, ҳамюртимиз Одил Аҳмедов «Шанхай СИПГ» клубида тўп суради. У ерда футбол учрашувларига ҳам тушдими дея сўраганимизда қуйидагича жавоб қайтарди:

- У ерда ҳеч ким кўришганим йўқ, футбол ўйинларини ҳам кўрмадим. Ҳақиқий маънода дам олгани бордим. Мени у ерга ҳеч ким чақиргани йўқ ёки бошқа иш билан бормадим ҳам. Шунчаки оилам билан ҳордиқ чиқардик. Қўқонда 3,5 йил давомида тинмай ишладим. Шунинг учун керак бўлса, ухламасдан жамоани кучайтириш учун боримни бериб меҳнат қилганман. Натижада мен учун дам олишга ҳам вақт бўлмаганди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Фан
06/08/2019 09:15
Мана энди оёкни узатиб дамни олаверасиз, бу кунлар хам утар кетар.
Балки Навбахорда узингизни синаб курарсиз.
Кукондаги хамкасблардан нолиманг, инсонни оркасидан сураб-йукловчилар куп булиши у/н аввало уни узи шундай хурматга лойик инсон булиши к/к менимча, бекорга карс икки кулдан чикади)))- дейишмаган.