Нодирбек Абдусатторов: "Бу партия — шок даражасидаги кутилмаган хатолардан бири"

CHERY AUTO

Нодирбек Абдусатторов Гукеш устидан қозонилган муҳим ғалабадан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Tecno

— Нодирбек, жаҳон чемпиони Гукеш устидан катта ғалаба билан табриклаймиз. Партия охири жуда кескин ва шокли бўлди. Энг сўнгги лаҳзада нима деб ўйладинг?

— Мен унга жуда ачинаман. Бу жуда оғир ҳис. Ўзим ҳам бундай ҳолатга кўп марта тушганман, шунинг учун бу қанчалик қийин эканини яхши тушунаман. Умуман олганда, партия нормал кечаётганди. Бир пайт у ҳаддан ташқари руҳланиб, воқеаларни тезлаштира бошлади, лекин мен вазиятни назоратда ушлаб турдим. Менга дуранг учун етарли захира бордек туюларди. Охирида унинг вақти камайиб кетди, у асабийлашди ва қўпол хатога йўл қўйди.

— Кейин эса Rg5 юриши бўлди…

— Буни изоҳлаш қийин. Бу тушунтириб бўлмайдиган навбатдаги юриш. Ўйлайманки, бу турнирда айнан биринчи турда шундай дағал хатолар кузатилди. Унгача бундай хатолар бўлган партияларни эслай олмайман. Бу учрашув эса энг ёрқин мисоллардан бири. Якун мутлақо шокли бўлди.

— Бошқа мавзуда: бир неча кун олдин падел ўйнаган эдинг. Яна ўйнашга улгурдингми?

— Йўқ. Яна икки нафар ўйинчи топишга уриндик, тўрт киши бўлиб ўйнамоқчи эдик, лекин уддалай олмадик.

— Ҳали ҳам шерик излаяпсанми?

— Албатта. Агар кимдир буни кўриб, ўйнашни истаса — мен тайёрман.

— Дам олиш кунингни қандай ўтказдинг?

— Бевервейкка бориб тушлик қилдим, кейин залга кириб, бироз машқ қилдим. Қолган вақтда эса дам олдим ва тикландим.

— Сени кўпинча энг яхши спортчи шахматчилардан бири деб аташади. Бундай узоқ турнирда жисмоний ҳолат қанчалик муҳим?

— Турнир жуда узоқ, шунинг учун жисмоний фаоллик шарт. Ҳар кимнинг ўз усули бор. Ўзимни яхши ҳис қилсам, залга бораман ва машқ қиламан, қолган пайтда эса дам оламан.

— Ҳозир сен биринчи ўринни бўлишиб турибсан, эҳтимол, ҳатто якка пешқадамсан. Турнир экваторида қандай ҳислар бор?

— Бундай "совғали" ғалабадан кейин, албатта, ёқимли. Лекин бу шу билан бирга менга ўйинимни яна яхшилаш кераклигини кўрсатадиган белги. Бугунги партиядан қониқмадим, шунинг учун янада яхшироқ ўйнашга ҳаракат қиламан.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!