Норхонов: "Навбаҳор" Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳибига айланади..."

Хабарингиз бор, бугун тажрибали ҳужумчи Шоҳруз Норхонов "Навбаҳор" билан шартнома имзолади. Шундан сўнг, футболчи “Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати учун қисқача интервью берди. Қуйида мазкур суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

– Шоҳруз, “Навбаҳор”га хуш келибсиз? "Навбаҳор"га сизни ким таклиф қилди?

Ассалому алайкум. Табрик учун раҳмат. Мени “Навбаҳор”га клуб президенти Отабек Арифович Саматов ва жамоа бош мураббийи Самвел Вячеславович Бабаян таклиф қилишди. Ушбу таклифни иккиланмай қабул қилиб, жамоа билан шартнома имзоладим.

- Клуб таклифини қабул қилишингизга нима сабаб бўлди?

Жамоа сафига қўшилишимдан асосий мақсад - янги мавсум “Навбаҳор” таркибида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритиш. Худо хоҳласа, 2023 йилги мавсумда “Навбаҳор” ўзи иштирок этадиган 3 та фронт, яъни, Суперлига, Ўзбекистон кубоги ҳамда Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ) плей-офф баҳсларида муваффақиятли тарзда қатнашиб, Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳибига айланади, ОЧЛда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади, деган умиддаман.

- Жамоа мухлислари борасида нима дея оласиз?

Албатта, “Навбаҳор” мухлислари билан ҳам танилган клуб ҳисобланади. Бунгача ўйнаган жамоаларим ўйинларига Намангандаги сингари кўп ишқибозлар ташриф буюрмаган. “Навбаҳор”га ўтишимда ушбу омил, яъни, Наманган футболсеварлар вилояти эканлиги, “Навбаҳор” кўплаб мухлисларга эгалиги ҳам муҳим роль ўйнади. Бўлажак мавсумда жамоамиз ишқибозларини ўз ғалабаларимиз билан хурсанд қиламиз, деган умиддаман.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!