Нурилло Тўхтасинов: Шу ергача келдикми, ортга қайтиш йўқ

«Бунёдкор» жамоаси «Ҳоким кубоги-2021»нинг энг кучли тўрт жамоасидан бири бўлиб турибди. Клуб матбуот хизмати эртага финал йўлланмаси учун Фарғонанинг «Нефтчи» клубига қарши майдонга тушадиган «қалдирғочлар»дан бири Нурилло Тўхтасиновнинг фикрларини тақдим этди.

- «Ҳоким кубоги» мусобақаси биз учун янги мавсумга тайёргарлик вазифасини ўтаб беряпти. Гарчи турнирни нисбатан омадсизроқ бошлаган бўлсак-да, 2-турдаёқ ўз ўйинимизни топиб олдик ва гуруҳ босқичини биринчи ўринда якунладик. Гуруҳ учрашувларида ўйинимизни қовушмаганини майдоннинг ҳолати билан ҳам боғлаган бўлардим. Зеро, биз пасларга асосланган ўйин намойиш қиламиз. Табиийки, бундай ўйин кўрсатиш учун текис майдон керак бўлади. Шу томондан майдонга мослашиш ва ўз ўйинимизни кўрсатишимиз бироз қийин кечди.

Рақибга нисбатан ҳурматни сақлаган ҳолда айтишим керак, чорак финалдан нисбатан осонлик билан ўтдик. Бу натижада ҳам ўз аксини топди. Энди ярим финалда ростакамига жиддий рақибга қарши майдонга чиқамиз. «Нефтчи» мусобақа ғолиби бўлишга асосий даъвогар жамоа. Лекин биз ҳам шу ергача келдикми, ортга қайтиш йўқ. Қолаверса, майдонларга мослашиб улгурдик. Ўйлайманки, ўз ўйинимизни кўрсата олсак, финал йўлланмасини қўлга кирита оламиз, - деди футболчи.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар