Нурсултон Рўзибоев ҳамда Ринат Фахретдинов жангидаги имкониятлар...(Таҳлил)

  • 18 сентябрь, 17:05
  • 0
  • MMA

Маълумки, 26 октябрь куни Абу-Даби шаҳри "UFC 308" турнирига мезбонлик қилади. "Файт-кард" супер кўриниш олган. Бироқ, ўзбекистонлик мухлислар учун барибир Нурсултон Рўзибоев ҳамда Ринат Фахретдинов жанги муҳимроқ. Шубҳасиз, барча Нурсултонни ғалабасидан умид қилмоқда. Албатта, қизиқарли жанг бўлади. Биз ушбу қарама-қаршилик борасида бироз таҳлилий мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашишни лозим топдик...
Ҳа, Нурсултон UFCда 4-жангини ўтказади. 2 та ажойиб ғалаба ва Баклидан учралган мағлубият. Айнан Хоакин Баклидан учралган мағлубият туфайли, бироз ҳамюртимизга бўлган ишончлар сусайгани рост. Бироқ, баъзи омилларни инобатга олиш керак. Чунки, Нурсултон қисқа муддатда кўпроқ вазн ташлаб, тўлиқ лагерни ўтамаган ҳолда мазкур жангга ташриф буюрди ва бу катта таваккал эди. Таваккал ўзини оқламади ва энди у жангларга ақл билан ёндошаётганлиги сир эмас. Тўлиқ лагерни ўтаган Нурсултон эса ҳар қандай рақибга муаммо бўлади. 

Демак, навбатдаги рақиб борасида сўз юритадиган бўлсак, унинг кучли жиҳати кураш ва грепплинг эканлигини айтиб ўтишимиз мумкин. Ринат Фахретдинов фаолияти мобайнида 22 та ғалаба, бир мағлубият ва бир дуранг қайд этган. Биргина мағлуиятини 2013 йил Айгун Аҳмедовдан қабул қилиб олганди.Дуранг эса барчангизга маълум бразилиялик Элизеу Дос Сантос билан жангда қайд этилган. Гарчи унинг кураши ва грепплинги кучли эканлиги эътироф этилса-да, ғалабаларининг кўп қисмини яъни, тенг ярмини ТКО (техник нокаут) ва КО (нокаут) билан якунлаган. 6 бора "сабмишен"лар ишга солинган. Қолган 5 таси эса очколар ҳисобида қўлга киритилган. Демак, ушбу статистика ва умуман жангларини кузатсангиз, унинг ҳар икки қўлида ажойиб ва кучли зарбаси борлигига амин бўласиз. Асосан у 1-рақамда ҳаракат қилишни хуш кўради. Асосий зарбани ўнг қўлида йўллайди. "Стойка"ларни тез-тез алмаштириб туради. Зарбалар кўтариши ҳам яхши. Аммо, унинг ҳимоясида ҳам хатолар кўплигини, Дос Сантос ва Николас Далбилар кўрсатиб берди.

 
Нурсултоннинг устун жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Шубҳасиз, бўй жиҳатдан ва қулочларининг узунлиги борасида анчагина плюс жиҳатлар бор. Бу габаритдаги устунликлар "стойка"даги ҳаракатларда қўл келиши турган гап. Гарчи, кўпчилик Нурсултоннинг ушбу жангдаги имкониятларига шубҳа қилаётган бўлса-да, ишонинг Ринат Фахретдиновнинг фаолиятидаги энг қийин рақиб ҳамюртимиз бўлади, деган фикрдамиз. Агар, "тэйк-даун"лардан муносиб ҳимоялана олса, бу жангда ҳамюртимизнинг имконияти ошиб кетади.  Нурсултон кўпроқ, "фронт-кик" ва "апперкот" зарбаларига эътибор қаратса, яхши бўларди. Чунки Фахретдиновнинг ҳимояси "хай-кик"  ва қўлдаги бошқа зарбалар учун яхши қўйилган. 
Умуман Нурсултондан қандай жанг кутишни олдиндан била олмайсиз. У шунчалик ранг-баранг жанг ўтказадики, уни мукаммал ўрганиб олиш рақиблар учун қийинчилик туғдириши турган гап. Ҳа, Фахретдинов кучли рақиб, лекин юртдошимиз ушбу баҳсда энг сифатли жангни кўрсатишига ишонамиз. 
Дарвоқе, бу қарама-қаршиликда Нурсултон Рўзибоев муддатидан аввал ғалабани қўлга киритади, деган тахминадамиз! Бу борада унга омад тилаб қоламиз. Олға Нурсултон!

                                                                                                                                                    Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!